Динимиз таълимотига кўра, кишилар ўзаро дўстлик ва тотувликка буюрилади. Одамларнинг бир-бирларига нисбатан гина-кудурат сақлаши, душманлик қилиши ва ғийбат-бўҳтон уюштириши қаттиқ қораланади.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 12-оятида бандаларини бундай огоҳлантиради: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирортангиз ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, раҳмлидир”.
Демак, бирор киши ҳақида бадгумонда бўлиш, у тўғрида ҳар хил шубҳага бориш яхши эмас. Балки у чиндан ҳам яхши инсондир. Агар шундай бўлиб чиқса, гумонланувчи ўзига гуноҳ орттирган бўлади. Шу боисдан ҳам “Кўп гумонлардан четда бўлинглар...” дейилмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, ён-атрофимиздаги, ҳар куни кўриб-билиб юрган, бирга ишлайдиган, ўқийдиган биродаримиздан ҳам гумонланамиз. Кўнглимизга ҳар хил шубҳалар оралайди. Ёки бўлмаса, учинчи бир одамнинг гапига кириб, у ҳақдаги фикримизни ўзгартирамиз. Илло, буларнинг барчасининг замирида ёлғон, жосуслик бор. Шунинг учун ҳам киши бундай иллатлардан узоқроқ бўлиши керак экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кишилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?” деб сўрашди. Расули Акрам алайҳиссолату ва ссалом: “Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг”, дедилар. Шунда: “Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?” дейишди. Набий алайҳиссалом: “Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб қилди (Имом Абу Довуд ривояти).
Бировни ғийбат қилиш – оғир гуноҳ. Бу ҳақда ояти каримада ҳам аниқ мисол келтирилган. Шу маънода киши ҳеч кимни ғийбат қилмаслиги, акс ҳолда, бунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобгарлик борлигини унутмаслиги лозим.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Сафиянинг сифатлари мана булар, деб санадим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Денгиз сувига қўшса, уни ҳам бузадиган сўз айтдинг”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Яъни, ғийбат шу қадар нопок нарсаки, уни ҳатто денгизга солса, унинг ҳидини ҳам, таъмини ҳам бузади. Шунинг учун мусулмон киши ўзини ғийбатдан тийиши билан бирга ўзгаларни ҳам бу иллатдан қайтариши жоиздир. Бу эса унга кўплаб ажр-савоблар ёзилишига ноил бўлади.
Хулоса ўрнида айтишимиз лозимки, ғийбат оғир гуноҳдир. Шу билан бирга, у икки инсоннинг муносабатларига рахна солади. Иккисини бир-бирига ёв қилиб, юзкўрмас бўлиб кетишига сабаб бўлади.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” масжиди имом-хатиби
Бир кунда беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг! Тўғри дастлаб, бир маҳал, кейин икки, уч қилиб кўпайтираётган бўлишингиз мумкин. Бироқ беш маҳал намоз ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб: “Аллоҳ таоло беш маҳал намозни ҳар бир банданинг зиммасига фарз қилганини етказгин”, деб алоҳида таъкидлаганлар.
Демак, бир кунда беш маҳал намоз фарздир. Икки ёки уч маҳал эмас.
Барчамизга яхши маълумки, бирорта эшикни очиш учун албатта калит керак. Худди шунингдек, Жаннатга кириш учун ҳам калит талаб этилади. Агар жаннатга киришни истасангиз сизга калит керак бўлади. Ахир бу дунёда ҳам эшикдан кириш учун калит керак бўляптику.
Ҳар бир калитда ўзининг тишлари бўлади. Тасаввур қилиб кўрингчи, калитингизнинг бир тиши бўлмаса нима бўлади? Истасангиз синаб кўринг, калитингиз тишидан биттасини синдириб, очишга уриниб кўрингчи? Эшик очилармикин? Ваҳоланки, калитда биргина синган тишдан бошқа яна бир қанча бутун тишлар бор.
Яна бир мисол. Айтайлик, бир танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини терасиз. Бордию биргина рақамни нотўғри терсангиз, сиз яқин одамингиз билан гаплаша олмайсиз, тўғрими?
Демак, Жаннатга тушишни истар экансиз сиз беш маҳал намозни ўз вақтида адо этишингиз керак экан.
Намоз вақти кирганда юмшоқ тўшакингизда ётган ёки аёлингиз билан бирга бозорда бўлсангиз ҳам, бирор иш билан банд ёки фарзандларингиз билан бирга ўйнаётган бўлсангиз ҳам дарҳол ҳаммасини четга суриб, намозни адо этишга киришинг!
Қанчалик кўп ишларингиз бўлмасин, сиз намозни ўз вақтида адо этсангиз Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа ишларингизни осон қилиб қўяди. Лекин афсуски, буни кўпчилик тушунмайди.
Одатда биз ўзимиз учун осон бўлган амалларни қиламиз. Лекин қачонки нафсимизга оғир келадиган ишга дучор бўлсак ўзимизни олиб қочамиз.
Бугунги кунда ўзининг гавдаси, мушаклари билан мақтанадиганларнинг видеолавҳаси жуда кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ҳозирги ёшлар мушакларини ишириб олишга жуда қизиқадилар. Ўзларини бошқалардан кучли деб ҳисоблайдилар. Лекин аслида ҳақиқий кучли инсон ким? Мушаклари бақувватми? Йўқ, асло ундай эмас. Бомдод намозига туриш учун устидаги кўрпасини кўтара олган ҳақиқий кучли одамдир. Агар ўзингизни кучли деб билсангиз, бомдодга туришда синаб кўринг.
Азиз ота-оналар фарзандларимиздан бирор нарсани талаб қилишда аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик. Токи ёшлар бир қўлида оғир тошни кўтарадиган одам кучли инсон эмас, балик, таҳажжуд ва бомдод намозларини турадиган одам ҳақиқий кучли одам эканини яхшилаб англаб етсинлар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).
Аллоҳ таоло бу оятда кучли мўминлар ҳақида хабар қилади. Улар тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар, кечалари Роббул аъламийндан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор ҳолда бедор бўладилар.
Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай гўзал хулқлар билан сифатланган бандаларидан қилсин!
Даврон НУРМУҲАММАД