Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирди Қози Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Отам вафот этганида мен ёш бола эдим. Онам мени газлама оқловчига олиб бориб топширди. Мен Абу Ҳанифанинг дарс ҳалқалари олдидан ўтиб кетаётиб, у ерда тўхтаб дарс эшитиб ўтирардим. Ортимдан онам келиб, қўлимдан тутиб, дарс ҳалқасидан олиб, газлама оқловчининг олдига элтиб қўяр эди. Мен эса онамнинг хоҳишига хилоф ўлароқ Абу Ҳанифанинг дарсига борар эдим.
Иш шундай давом этавергач, онам Абу Ҳанифага: «Бу бола етим бўлиб, фақатгина менинг урчуғим (ип йигирадиган чарх) орқасидан едирадиган нарсамдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Сиз эса бу болани айнитдингиз», деди.
Шунда Абу Ҳанифа: «Қулоқ солинг, ўйламасдан гапирманг, ҳали бу бола шундай илм оладики, ферузадан бўлган ликопчада хандон писта ёғидан қилинган фалузаж, яъни ун, сув, асал ва бошқа унсурларни қўшиб тайёрланадиган юмшоқ ширинликни ейди», деди.
Онам: «Сиз ақлдан озган қария экансиз», деди.
Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ: «Мен қози бўлиб ишлаётганимда бир куни халифа Ҳорун ар-Рошиднинг ҳузурида эдим. Шу пайт ферузадан бўлган ликопчада фалузаж олиб келинди. Шунда у менга: «Бундан енг, бу нарса биз учун ҳамма вақт ҳам тайёрланавермайди», деди.
Мен: «Бу нима экан, эй мўминларнинг амири?», деб сўрадим.
У: «Бу фалузаж», деди.
Мен жилмайиб қўйдим.
У: «Нима учун куляпсиз?», деди.
Мен: «Шунчаки кулдим, Аллоҳ мўминларнинг амирининг умрини узоқ қилсин!», дедим.
У киши эса: «Кулишингиз сабабини айтинг», деди.
Мен мазкур воқеани айтиб бердим.
Шунда у: «Илм дунё ва охиратда манфаат беради ва юқори мартабага кўтаради. Аллоҳ Абу Ҳанифани раҳматига олсин! Дарҳақиқат у кўз билан кўра олмайдиган нарсаларни ақл кўзи билан кўрар эди», деди».
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «У шогирдларимнинг ичида энг билимдони», деб айтар эдилар. (Ал-Бидоя ван-ниҳоя)
Қудратуллоҳ Сидиқметов
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси