Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту саломлар бўлсин.
Бутун дунёда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Рабиъул аввал ойи бошланди. Жоме масжидларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари тараннум этилмоқда, қориларнинг Қуръон тиловатлари-ю нашидалари янграмоқда ва мавлиди шарифлар ўқилмоқда. Бундай файзиёб кунлар мусулмон умматига катта қувонч бағишламоқда...
Айни шу кунларда aйрим босма нашрларда, турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ сафиҳаларида Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан номуносиб, ҳақоратомуз карикатура чоп этилиши ва унинг ортидан келиб чиққан турли кўнгилсиз ҳолатлар айрим баҳс-мунозаралар, ихтилоф ва тушунмовчиликлар ҳамда нотўғри хатти-ҳаракатларга сабаб бўлмоқда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётини қўзғаш, фитна чиқариш ва диний қадриятлар, муқаддасотларга нисбатан ҳақоратни ифодаловчи ҳар қандай ҳолатни жиддий қоралашини ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънлари мўмин-мусулмонлар учун энг олий қадрият эканини қатъий таъкидлайди.
Шунингдек, бу каби муносабатлар халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна ҳамда одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.
Таъкидлаш керакки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин ёки мусулмонлар ё Ислом динига тош отмасин бу билан динимизга ёки мусулмонларга заррача ҳам зиён етказа олмайди.
Кези келганда айтиб ўтамизки, ушбу ҳолатга нисбатан юртдошларимиз турли муносабат билдираётганларини кузатяпмиз. Бу ҳолатдан уларнинг имон-эътиқодлари жўш ургани, ўй-кечинмалари тинчлик бермаётгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари туғён қилаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Энди бир фараз қилиб кўрайлик, мана шундай ҳолатга Набий алайҳиссалом қандай йўл тутар эдилар..? Албатта, сийрат ва тафсир китобларида бундай ҳолатларнинг батафсил баёни келган, аксариятимиз уларни мутолаа қилганмиз.
Бу борада Пайғамбар алайҳиссалом бутун умматга ибратдирлар. Бир жоҳил киши «Менга ўлжа бермадинг», деб ёқаларидан олиб бўғганида ҳам, бир аёл заҳарли гўшт берганида ҳам у зот уларни сўкмаганлар ёки дуоибад қилмаганлар, балки Аллоҳдан уларга инсоф ва ҳидоят сўраганлар. Ислом дини ҳатто лаънатланган шайтонни ҳам сўкишдан қайтарган, сўкиш ўрнига унинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлборишга буюрган. Чунки уни сўкиш ожизликдан, Аллоҳдан паноҳ сўраш эса имон мустаҳкамлигидандир. Шундай ибратли сўз бор: «Қоронғуликни сўкиб ўтирмай, шамни ёқақолсанг-чи...». Ҳақиқатан, қоронғуликни қанча сўкмайлик, у барибир ўзгармайди, ёришиб қолмайди. Сўкиш ўрнига уни ёритиш йўлини ахтарганимиз маъқул ва авлодир.
Мўътабар тафсир китобларида, дин душманларига қўпол муомалада бўлиб, уларнинг «илоҳ»лари ва пешволарини сўкишдан қайтарилгани баён этилган. Агар ҳақоратга биз ҳам ҳақорат билан жавоб қайтарсак, бундай жирканч ишнинг иккинчи тўлқинига сабаб бўлиш эҳтимоли жуда катта. Бу фойдадан кўра, кўпроқ зарар келтиради. Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани эслатиб ўтамиз: «Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангиз. Бас, билмасдан зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, У, қилиб юрган ишларининг хабарини берур», (Анъом сураси, 108-оят).
Эътибор берилса, ушбу ояти каримада мушрикларнинг бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. Зеро, мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрикнинг ҳам бунга жавобан Аллоҳ таолони ҳақорат қилишига сабабчи бўлиб қолади. Демак, биз ҳам мўмин-мусулмонлар Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилишга сабаб бўладиган ҳар қандай ишдан ҳазар қилмоғимиз керак.
Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ушбу ояти кариманинг «Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини зийнатлаб қўйдик», деган қисмига “Тафсири Ҳилол” китобларига шундай изоҳ берганлар: – “Инсон табиати шундай. Қилаётган амали ўзига гўзал ва зийнатли кўринаверади. Ҳатто бутун инсоният қабоҳат деб иттифоқ қилган ишни мақташга сўз топади. Шунингдек, мушрикларга ҳам ширклари жуда ҳам зийнатли бўлиб туюлади. Ана шу эътибордан, уларнинг бутлари ҳақоратланган чоғда ғазабланишлари мумкин. Мусулмон одам одобли бўлгани учун ҳам бу ишни қилмаслиги керак. Аллоҳга ҳавола қилиб қўяверса, у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади”.
Аслида, бу каби фитналар мусулмонларни ёмонотлиқ қилиш ёки бир юртда турли дин вакилларининг эмин-эркинликда, ўз динларига бемалол амал қилиб, тинч ва осойишталикда, ўзаро бағрикенгликда яшаётганини кўра олмаётган ғаразли кучлар томонидан уюштирилаётганини ёддан чиқармаслик зарур.
Шу ўринда Ислом динини террор билан ёнма-ён қўядиган айрим кимсаларга Миср бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Муҳаммад Тоййиб ҳазратларининг қуйидаги сўзларини келтирамиз: “Исломни терроризм деб аташ ушбу соф дин ҳақида ҳеч нарса билмасликни англатади. Яна бу иш ўзгалар эътиқодига ҳурматсизликни ифодаловчи мулоҳазасизликдир. Адоват ва зўравонликка очиқ чақирув, ўрта асрлар ваҳшийлигига қайтиш ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг туйғуларини қўзғатувчи фитнадир”.
Ушбу ҳолатлар ҳақида кенг фикр қилиб, чуқур мушоҳада юритишимиз керак. Биз ҳам мўмин-мусулмонларни ҳиссиёт билан эмас, тафаккур ила иш тутишга чақирамиз. Дин душманлари фитнасига замин яратиб, вазият янада кескин тус олишига сабабчи бўлиб қолмайлик. Бу бўлаётган ишлар ҳаммаси фитна, ғанимлар томонидан режали амалга оширилмоқда, бундай вазиятда ўйлаб иш тутиш керак. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ардоқлаш тажовузкорона хатти-ҳаракатлар билан эмас, балки ақл ила бўлади.
Яна бир муҳим масалани айтмоқчимизки, ғанимлар мусулмонларга бўлган фитналарини айнан жума, ҳайит кунлари ёки Рамазон ойи ё айни кунимиздаги каби мавлид ойида амалга оширишни зимдан режа қилганлари аниқ. Шундай экан, муборак мавлид ойининг ҳақиқий завқи – сийратни тараннум этиш, салавот айтиш, мавлиди шариф ўқиш, Қуръони карим тиловат қилиш ва зикруллоҳ билан онгу шуурларимизни банд қилайлик, улуғ ойнинг илоҳий файзидан насибадор бўлишга интилайлик. Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига бағишланган суҳбатлар орқали Расулимизни яхшироқ танишга ошиқайлик.
Азиз диндошим, барчамизнинг Расулимизга муҳаббатимиз чексиз, жонимиз фидо. Шундай экан, файзли кунларни беҳуда ўтказиб юборманг, сийрат китобларини мутолаа қилиб, “Аллоҳумма солли аъла саййидини Муҳаммад” каби салавотларни кўп айтинг, ушбу калималар ила ҳеч ким ёрдам беролмайдиган Қиёмат кунида шафоатга эришинг!
Хулоса, мусулмон киши ҳадисларда келтирилганидек, доимо ҳушёр, зийрак бўлиши, атрофда содир бўлаётган ҳар хил фитна ва қалтис жараёнларга теран назар ила боқиши лозим. Таъкидлаганимиздек, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Пайғамбар алайҳиссаломга хос босиқлик ва зукколик билан муносабат билдиришимиз керак.
Аллоҳ таоло барчага инсофу тавфиқ берсин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоатларини насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Айтинг-чи, севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганда кимнинг ҳузурига шошилиб югуриб бордилар? Бирор қариндошлари ёки биродарларининг олдига бордиларми?
Йўқ, дарҳол завжаи мутоҳҳаралари, мўминлар онаси Хадича розияллоҳу анҳонинг ҳузурига бордилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё ҳаётидаги сўнгги кунларида эса Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг бағрида бўлишни танлаганлар.
Қаранг, пайғамбарлик рисолати аёл киши билан бошланиб, бу мўътабар зот ила якун топди. Албатта, бу – беҳикмат эмас.
Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бу ҳаётда аёлларнинг тутган ўрнига чексиз ҳикматларни яширган. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни эъзозлардилар, ҳурмат қилардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар билан қандай муносабатда бўлганлар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол сўраб келган эркак ва аёлларни меҳмон қилиш одатлари бор эди. Кунларнинг бирида бир гуруҳ аёллар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларига келишди. Аёллар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларида гапира туриб овозларини у зот алайҳиссаломнинг овозларидан баланд кўтардилар. Шу пайт, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун рухсат сўрадилар.
Расулуллоҳ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга киришга изн бердилар. Аёллар Умар розияллоҳу анҳунинг овозини эшитиб жим бўлиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ сизни суюнтирсин, ё Расулуллоҳ, нима сабабдан куляпсиз?”, дедилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ана уларнинг қилган ишлари мени ажаблантирди. Сенинг овозингни эшитишлари биланоқ яшириниб олиб, жим бўлиб қолишди”, дедилар. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Эй ўз жонининг душманлари, мендан қўрқасизлар-у, Аллоҳнинг Расулидан қўрқмайсизми?” деб сўрадилар. Аёллардан бири: “Ё Расулуллоҳ мен унга жавоб берайми?” деб рухсат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майлин, жавоб бер”, дедилар. Унга жавобан: “Ахир сен қаттиқ қўлсан-да. Расулуллоҳ юмшоқ, меҳрибон, хушмуомалардирлар”, деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна табассум қилдилар.
Бундай маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша аёлларнинг саволларига жавоб бериш учун алоҳида эътибор берганлар, вақт ажратганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг илм олишига алоҳида аҳамият берганлар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида энг машҳур табиб ва жарроҳ ким бўлган?
Аёл киши бўлган. Унинг исми Умму Атийя эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жанг майдонларига ҳам борарди. Ярадор саҳобаларнинг жароҳатини даволар, аскарларга ёрдам берарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг илм-маърифат эгаллашига қаттиқ эътибор берардилар. Масалан, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз тафсир, фиқҳ, ҳадис илмларида пешқадам бўлганлар. Шаръий ҳукмларнинг 4/1 Оиша онамизнинг ривоятлари асосида ишлаб чиқилган. Расулуллоҳ алайҳиссаломдан 2 мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилганлар.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан бирга овқатланиб ўтирган эдилар. Мадинада ўзининг одобсизлиги билан танилган бир аёл келиб: “Эй Расулуллоҳ, менга овқат бер!” деди. Расулуллоҳ унга дастурхондаги таомдан бердилар. У аёл: “Йўқ, менга ўзинг еб турганингдан бер”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари еб турган оғизларидаги нарсадан унга бердилар. Уни еган ҳалиги аёлнинг хулқ-атвори буткул ўзгариб, у Мадинадаги энг ҳаёли аёлга айланди.
Мўъжиза бошқа нарса, лекин бу ердаги ахлоққа эътибор беринг! Тасаввур қилинг! Сиз бундай аёл билан қандай муносабатда бўлардингиз?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларнинг эҳтиёжлари учун ташвиш чекишлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларининг эшикларини аёллар ибодатларини адо этишлари учун очиб қўйганлар. Аёлларни масжидларга боришдан қайтарманглар дердилар. Масжиди Набийда намозхон аёлларнинг сони кўпайгач, фақат аёллар учун мўлжалланган алоҳида эшик очилган. Бу “Бобун нисо” (Аёллар эшиги) деб номланган эшик ҳозирги кунгача сақланиб қолган.
Аёллар масжиднинг охирги қисмида тўпланишарди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваъз-насиҳатларини тинглашарди.
Умму Варақа исмли кекса бир аёл бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақти-вақти билан уни зиёрат қилиб турардилар. Бир куни у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Уйда намоз ўқисам ҳамда аёллар ҳам тўпланиб менинг уйимда намоз ўқисалар мумкинми?” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир муаззинни намоз вақти кирганда унинг уйининг тагида азон айтиш учун тайинладилар.
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни қанчалик ҳурмат қилганлар, уларнинг эҳтиёжларини ўз ўрнида ҳал этганлар.
Қийин аҳволда қолган аёлларга ёрдам беришга шошилиш
Албатта, аёл киши ўз табиатига кўра эркак кишига қараганда ҳиссиётга берилувчан, меҳрибон ва юмшоқ феълли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада мусулмонлар қийин аҳволда қолишганда ҳамда Табук жангига тайёргарлик бўлаётганда аёлларни ёрдам беришга чақирганлар.
Ҳайит намозидан кейин эркакларга эҳсон қилиш ҳақида хутба қилганларида, эркаклар уйларига бориб, аёлларига бўлган хитобни сўзлаб беришлари билан аёллар олтин сирға ва билагузукларини ечиб берганлар. Бугунги кунимизда ҳам бир қанча хайрия, саховат ишларида кўнгиллик кўплаб аёлларнинг пешқадам эканларига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан аёллар барча ишларда фаол бўлишган. Ҳатто улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат беришарди. Бу ҳақда Қуръони каримда оят нозил бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар учун жаннатга бориш йўлини жуда осон қилганлар. Аллоҳ таоло Ўз фазли ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли жаннатга эришиш кўплаб йўлларни очиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер”, дейилади», деганлар.
Қаранг, аёлларга қандай шараф берилган!
Ҳар бир аёл киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга шунчалик ғамхўрлик қилганларини биладими?
Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, жон бериш вақтларида ҳам бутун умматларига қилган сўнгги насиҳатларида ҳам: “Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинг (уларга яхши муомала қилинг!)” деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга меҳрибон, ғамхўр бўлганларини яхши тушуниб етган ҳар бир аёл кишида Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бўлган муҳаббат ва у зот алайҳиссаломга эргашиш ишқи янада ортиши лозим!
Худди шунингдек, бу муҳаббат ҳар бир эркак кишини ўз аҳли-аёли олдидаги бурчларини бажаришга, аёлига яхши муносабатда бўлишга ундаши керак! Ҳар бир эркак киши аёлига гўзал муносабатда бўлишида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намуна, ибрат олсин! Шунда Расулуллоҳнинг суннатларига эргашилган бўлинади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД