Бугунги кунда Дамашқ шаҳрининг тарихий марказларида ўзбек этноси билан боғлиқ бўлган кичик маҳаллалар, кўчалар, тарихий масжидлар ва мадрасалар сақланиб қолган. Маълумотларга кўра, 2010 йилларда Суриянинг Дамашқ ва Ҳалаб (Алеппо) шаҳарларида тахминан бир неча минг ўзбеклар (бухорийлар) яшаган. Тарихий манбаларда ўрта осиёликлар, жумладан ўзбеклар Дамашқ шаҳрига туркий мамлуклар билан бирга кириб келгани ҳақида маълумотлар бор. Миср тарихида бўлгани сингари Сурия тарихида ҳам Тулуния ва Ишхидий амирликлари катта сиёсий ва ҳарбий таъсирга эга бўлишган. Мамлуклар даврида ўрта осиёлик йирик мулкдорлар, қўшин қўмондонлари ва сиёсий арбоблар Дамашқда масжидлар, мадраса ва хонақоҳлар қурган.
Юқоридаги суратда: Дамашқдаги ўзбек маҳалласи, ХХ асрнинг 20-йиллари.
XVIII-XIX асрларда ўрта осиёликлар ҳаж зиёрати учун Сурия ҳудудларига Эрон орқали ўтувчи карвон йўллари билан кириб келган. Маълумотларга кўра, бу даврда Дамашқ Ўрта Осиёдан Эрон орқали ўтувчи ҳаж йўлининг сўнгги бекати бўлган. Кўплаб зиёратчилар, ҳаж сафаридан қайтишда шу ерда яшаб қолиб кетишган. Уларнинг махсус хонақоҳлари (такялари) бўлган. Жумладан, Усмоний пошшолар даври ҳали тугамаган бир даврда, Муродия такяси ташкил қилинган бўлиб, бу такяни асли ўрта осиёлик нақшбандия тариқатининг ёрқин вакилларидан бири бўлган Мурод Муҳаммад ал Бухорий номи билан боғлашади, бу ерда нақшбандий тариқатининг суфийлари йиғилишган, ҳожилар учун вақтинчалик бошпана вазифасини бажарган. Бу такя Дамашқнинг ал-Вард маҳалласида жойлашган. Мазкур такя таркибида Муродия жомеъси ҳам бўлиб, у Дамашқдаги катта жомеълардан бири ҳисобланади. Шунингдек, Дамашқда ҳозирга қадар сақланиб қолган Ал-Афрам жомеъсини ҳам ўрта осиёликлар билан боғлашади, у эски Дамашқнинг Ал-Муҳажирин маҳалласида жойлашган. Ўрта осиёликлар Дамашқнинг турли маҳаллаларида яшаганлиги маълум, жумладан, ал-Азбакия, ал-Мухажирин, Аннабаа Ассалихия, Суксаружа, ал-Майдан ва ал-Қадам ва бошқалар.

Суратда: Муродия такяси, ХХ аср.

Суратда: Дамашқдаги Нақшбандия (Муродия) жомеъси.
ХХ асрда Ўрта Осиёда бошланган колхозлаштириш ва ундан сўнг бўлиб ўтган Сталин қатағонлари даврида ўрта осиёликлар аввал Афғонистонга, сўнгра Яқин Шарқдаги катта шаҳарларга кўчиб кетган. Улар Яқин Шарқдаги катта шаҳарларга жумладан, Дамашқ шаҳрига ҳам бориб жойлашган. Дамашққа келган ўрта осиёликлар орасида Бухоро амирлари, Қўқон хонлари оиласига мансуб хон авлодлари, хонликда юқори лавозимларда ишлаган амалдорлар, ҳарбийлар, шайхул исломлар бўлган, шунинг учун ҳам улар бу ерларда катта қийинчиликларга учрамасдан тез орада давлат ва жамиятда ўз ўринларини топишган. Улар умумий ном билан бухорийлар деб номланган. Ўрта осиёликлар орасидан ҳарбий амалдорлар, сиёсатчилар, йирик тадбиркорлар, кўплаб олимлар ва муфтийлар етишиб чиққан. Хусусан, ўз даврида Насохи Ал-Бухорий Сурияда юқори ҳарбий лавозимларда ва бош вазир вазифаларида фаолият юритган. Тилшунос олим, профессор Бурҳон Бухорий нафақат Сурия илмий жамоатчилигида балки ўзбек олимлари орасида таниқли олимлардан биридир.
Бир сўз билан айтганда худди, Саудия Арабистони, Иордания, Қуддус ва Қоҳирада бўлгани сингари Дамашқдаги миллатдошларимиз бунёдкорлиги билан, ватан, ислом дини ва ўзлари яшаб турган жамият тараққиёти йўлида садоқат билан хизмат қилганлар, натижада яхши ном ва ҳурматга сазовор бўлганлар.
Шавкат Икромов,
Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.
azon.uz
Испаниянинг “El Mundo Financiero” нашрида Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада қайд этилишича, “Global Terrorism Index 2026” рейтингида Ўзбекистон яна дунёдаги энг хавфсиз давлатлар қаторига кирган. Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан тайёрланган мазкур рейтинг 163 мамлакатни қамраб олган бўлиб, 2026 йил якунларига кўра, Ўзбекистон 0,014 балл билан энг хавфсиз давлатлар гуруҳидан жой олган.
Нашр бу натижани мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот тизимини такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар самараси сифатида баҳолаган.
Материалда хорижлик сайёҳлар Ўзбекистон бўйлаб саёҳат давомида ўзини хавфсиз ҳис қилишига алоҳида эътибор қаратилган. Аэропортлар, темир йўл вокзаллари, метро, туристик объектлар, марказий кўчалар ва бошқа жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш бўйича яратилган тизим мамлакатнинг ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланган.
Шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби Буюк Ипак йўли шаҳарлари, шунингдек, замонавий Тошкентнинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда меҳмондўстлик анъаналари хорижлик сайёҳларни тобора кўпроқ ўзига жалб этаётгани алоҳида эътироф этилган.
“Global Terrorism Index 2026” натижалари Ўзбекистоннинг туризм, бизнес ва халқаро алмашинувлар учун ишончли, барқарор ҳамда хавфсиз мамлакат сифатидаги имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дея хулоса қилган “El Mundo Financiero”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати