Саудия Aрабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги Черногория Ислом ишлари бўйича бошқармасига Қуръони карим оятлари маъноларининг босния ва албан тилларига изоҳли таржималари билан бирга 50 000 нусхадаги Қуръон китобини совға қилди. Бу ҳақда “IQNA” сайти хабар қилди.
Қуръони карим маъноларининг босния ва албан тилларига таржималари Черногория ислом ишлари бошқармаси бошлиғи Рафат Весичга тақдим этилди.
Маросимда Саудия Aрабистонининг Черногориядаги элчиси ва Саудия Aрабистонининг Босния ва Герцеговинадаги элчихонасининг диний атташеси ҳам иштирок этди.
Саудия Aрабистонининг Черногориядаги норезидент элчиси Файсал Ҳефзий ўз нутқида ушбу хайрли ишни Саудия Aрабистони Подшоҳлигининг Ислом ва Қуръонга хизмат қилиш мажбуриятининг рамзи, дея баҳолади.
Мазкур хайрли иш Қуръоннинг турли хил нусхаларини турли мамлакатларда тарқатиш бўйича амалга оширган дастурнинг бир қисмидир. Унинг доирасида дунё бўйлаб миллионлаб Қуръони карим нусхаларини тарқатади ва унинг маъноларини 77 дан ортиқ халқаро тилга таржима қилиш бўйича фаолият олиб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати