Намозни ўз вақтида ўқиш фарз ва лозимдир. Вақти кирмасдан ўқилган намозлар ҳисобга ўтмайди. Вақтида ўқишга улгурилмаган намозларнинг қазоси ўқилади.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Эй Алий, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда», дедилар»
Имом Термизий ривоят қилган.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг афвидир», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).
Аллоҳ таоло фарз қилган намозларнинг ўқиш вақти қуйидаги пайтларда бўлади:
1. Бомдод намозининг вақти – субҳи содиқдан (чин тонг отгандан) кун чиққунчадир.
2. Пешин намозининг вақти – қуёш заволга (оғишга) кетганидан сўнг то нарсаларнинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари ўз узунлигига нисбатан икки баравар ортгунига қадар.
3. Аср намозининг вақти – ҳар бир нарсанинг сояси қуёш тиккага келган пайтдаги соясидан ташқари ўзига нисбатан икки баравар ортганидан бошлаб қуёш ботгунчадир.
4. Шом намозининг вақти – кун ботган пайтдан бошлаб кунботар томонда шафақ (қизғиш нурлар) ғойиб бўлгунчадир.
5. Хуфтон намозининг вақти – шафақ батамом йўқолгандан кейин киради.
Витр намози вақти эса хуфтон ўқилгандан кейингина киради. Хуфтон ва витр намозларини субҳи содиққача ўқиса бўлади.
Бомдод намозини тонг ёришганда ўқиш мустаҳаб, аълороқдир. Соат бўйича ҳисобланса, бомдодни кун чиқишидан 40 дақиқача илгари ўқиш мустаҳаб вақтига мувофиқ бўлади.
Пешин намозини ёз фаслида бироз кечиктириб, қиш фаслида эса вақти кириши билан ўқиш мустаҳабдир.
Аср намозини қуёш тиғини ўзгартирмай, нурсиз ҳолатга киришидан олдинроқ ўқиш мустаҳабдир.
Шом намозини доимо қуёш ботиши билан ўқиш мустаҳабдир.
Хуфтон намозини кечанинг учдан бирининг охирида ўқиш афзал ва ниҳоятда аъло бўлади. Витр намозини эса тун охирида уйғонишга қодир бўлган кишилар субҳ олдидан ўқисалар, мустаҳаб амал қилган бўлишади.
Ҳаво булутли кунларда аср ва хуфтон намозларини аввалги вақтларида ўқиш ҳамда бомдод, пешин, шом намозларини эса (вақти киргани маълум бўлмаса) бироз кечиктириб ўқиш мақсадга мувофиқдир.
Қуйидаги вақтларда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш, жаноза намози ўқиш жоиз эмас (мумкин эмас):
– кун чиқаётган пайтда;
– кун қиём (тикка)га келганида;
– кун ботиш чоғида;
Бу пайтларда намоз ўқиш, Қуръони Каримдан сажда ояти ўқилганда сажда қилиш, жаноза намозини шу вақтга тўғрилаб ўқиш мумкин эмас. Аммо шу кунги аср намози кун ботаётган бўлса ҳам адо этилаверади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир. «Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар», деди»
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Нафл (ихтиёрий) намозларни имом хутба ўқиш учун минбарга чиққанида, субҳи содиқдан кун чиққунича, асрни ўқиган киши шом намозини ўқигунча адо этиши макруҳдир, яъни жоиз эмас.
azon.uz
Шу йил 8 май куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида вакиллик тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ўртасида “Мотуридий таълимоти билимдони” номли интеллектуал беллашув бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов кириш сўзи билан очиб, беллашувнинг маънавий, илмий ва тарбиявий аҳамияти ҳақида сўз юритди. Вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Отабек домла Авезовга эса танлов тартиб-қоидаларини тушунтирди.
Беллашув қуйидаги тўрт шарт асосида ўтказилди:
1. Тақдимот шарти
2. Мотуридий таълимоти бўйича савол-жавоб;
3. Диний-маърифий соҳадаги давлат сиёсатига оид савол-жавоб;
Танлов иштирокчилари мотуридийлик таълимотининг асосий қоидалари, ақидавий ечимлари ва мантиқий-илмий асослари юзасидан ўз билимларини намоён этди.
Беллашув якунларига кўра қуйидаги жамоалар ғолиб деб топилди:
• 1-ўрин: Мотуридий меъросхўрлари;
• 2-ўрин: Эътиқод дурдоналари;
• 3-ўрин: Ақида имомлари.
Мазкур танлов Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш ва бу орқали соф эътиқод, илм ва маърифат асосларини жамиятда мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати