Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2026   |   17 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:20
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:16
Bismillah
27 Ноябр, 2026, 17 Жумадул сони, 1448

19.10.2023   802   1 min.
Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ТЎРТ МАЗҲАБ ҚАНДАЙ ВУЖУДГА КЕЛГАН?

27.11.2026   2190   4 min.
ТЎРТ МАЗҲАБ ҚАНДАЙ ВУЖУДГА КЕЛГАН?

Ислом тарихида фиқҳ илми ривожланиб бориши жараёнида турли илмий мактаблар шаклланди. Бу мактаблар Қуръон ва Суннатни англаш, шаръий далилларни таҳлил қилиш ҳамда янги юзага келган масалаларга ҳукм чиқариш борасидаги уламоларнинг илмий ёндашувлари асосида вужудга келган эди.

Улуғ мужтаҳид имомлар асос солган илмий анъаналарни уларнинг шогирдлари давом эттирдилар. Шогирдлар устозларининг қарашларини шунчаки такрорлаш билан чекланмай, баъзи масалаларда мустақил ижтиҳод қилдилар, айрим ҳукмларда эса устозларининг фикрларига бошқача ёндашдилар. Шу тариқа, ҳар бир илмий мактабнинг усуллари, фиқҳий қарашлари ва фатволари тизимлашиб, кейинги авлодларга етказилди.

Ислом тарихининг турли даврларида бир қанча фиқҳий мактаблар мавжуд бўлган. Бироқ вақт ўтиши билан уларнинг барчаси ҳам бир хил даражада ривожланиб, кенг тарқалиш ва илмий ворисийликни сақлаб қолиш имконига эга бўлмади. Аҳли сунна вал-жамоа доирасида эса Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳ асос солган тўрт фиқҳий мазҳаб ўз илмий тизими, шогирдлари ва бой адабий мероси орқали асрлар давомида сақланиб, бугунги кунгача етиб келди. Бошқа тарихий фиқҳий мактабларнинг айрим қарашлари ва фатволари ҳам классик манбаларда сақланиб қолган.

Демак, фиқҳий мазҳабларнинг шаклланиши умматни бир-биридан ажратиш ёки алоҳида динлар пайдо қилиш жараёни эмас эди. Аксинча, улар Қуръон ва Суннат асосидаги шаръий ҳукмларни англаш ва ҳаётга татбиқ этиш учун шаклланган илмий мактаблардир. Мазҳаблар мусулмонларга диний масалаларда изчил илмий анъанага таяниш, фиқҳий меросдан фойдаланиш ва амалий ҳаётда тартибли йўл тутиш имконини берди.

Ислом тарихида кенг тарқалиб, бугунгача етиб келган аҳли сунна вал-жамоанинг тўрт фиқҳий мазҳаби қуйидагилардир:

1. Ҳанафий мазҳаби, асосчиси Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит. Куфа шаҳри. (80-150 ҳижрий й./ 699-767 мелодий й.)

2. Моликий мазҳаби, асосчиси Молик ибн Анас. Мадина шаҳри. (93-179 ҳ.й/ 711-795 м.й.)

3. Шофеъий мазҳаби, асосчиси Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий. Ғазо шаҳри. (150-204 ҳ.й/ 767-820 м.й)

4. Ҳанбалий мазҳаби, асосчиси Аҳмад ибн Ҳанбал. Бағдод шаҳри. (164-241 ҳ.й/ 780-855 м.й)

Бу мазҳабларнинг сақланиб қолишига асосий сабаб мазҳаб имомининг шогирдлари кўплиги, мазҳаб масалалари китоб шаклига келтирилганлиги, бошқа талабаларга мазҳабнинг фатволари дарс қилиб берилганидир.

Имом ибн Аҳмад аш-Шаъроний (ваф. 973/1565) ўзларининг “Ал-Мийзан аш-шаърония” асарида мазҳаблар ҳақида қуйидаги фикрларни зикр қилган: “Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”.

Ҳанафий мазҳаби фатво беришда Қуръони карим, суннат ва саҳобаларнинг сўзларидан кейин асосан ижтиҳод (қиёс)га суянганлари учун тарихда уларни баъзилар “Аҳли раъй” деб атаганлар. Лекин аслида фиқҳий мазҳабларнинг ҳаммасини “Аҳли раъй”, деганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ҳанафий мазҳабининг бошланиши Куфа шаҳрида бўлган кейин Ироқ, Шом, Хуросон, Яман ва Мисрга тарқалган. Қирққа яқин олимлар бу мазҳабнинг тарқалишига китоб ёзиб хизмат қилганлар. Улардан энг машҳурлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад, Имом Зуфар ва бошқалар эдилар.

Ҳорун ар-Рашид халифаликни қўлга олгач Имом Абу Юсуфни бош қози мансабига кўтаради ва қозиларни тайинлашни унга топширади. Имом Абу Юсуф қозиларни ҳанафий мазҳабидан тайинлар эдилар. Кейинчалик Усмонийлар халифалиги даврида ҳам қозилар фақат Ҳанафий мазҳабидан тайинланган. Бу ҳолат Ҳанафий мазҳабининг обрў-эътиборини ниҳоятда оширган. Ҳозирги кунда ҳам Ҳанафий мазҳаби шарқда: Хуросон, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Ўрта Осиё ва Қозоғистон, Туркияда устун мазҳаб ҳисобланади. Ироқ, Шом ва Миср диёрларида ҳам Ҳанафий мазҳаби тарқалган.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА