Эртага, 4 сентябр санасидан Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ юртимиз масжидларида жума намозлари адо этилади, иншааллоҳ.
24 ҳафталик тўхталишдан сўнг мўмин-мусулмонлар муборак жума ибодатини яна адо этиш бахтига муяссар бўлаётганлари учун Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсин. Бугун барча жомеларда белгиланган карантин қоидалари ва санитария-эпидимиология меъёрлари асосида кўп сонли жамоатни қабул қилишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Биноларни тозалаш, дезинфекция ишлари, ижтимоий масофа сақлаш учун махсус белгилар ва бошқа зарурий чоралар кўрилмоқда.
Шу ўринда жума намозларига ташриф буюрувчиларга масжид ходимлари кўрсатмаларига амал қилган ҳолда белгиланган карантин қоидаларига риоя қилишларини, имкон қадар ўзлари билан жойнамозларини олиб келишларини ҳамда масжидларга кириш-чиқиш жойларида тўпланиш ҳолларига йўл қўймасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди:
– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...
Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.
Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:
– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.
Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.
Имом унга деди:
– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?
Йигит жавоб берди:
– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.
Имом деди:
– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...
Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ