Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2026   |   17 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:20
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:16
Bismillah
27 Ноябр, 2026, 17 Жумадул сони, 1448

18.10.2023   3695   1 min.
Бошқа мақолалар
Мақолалар

ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛДИ?

27.11.2026   1925   5 min.
ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАР ҚАНДАЙ ПАЙДО БЎЛДИ?

Фиқҳий мазҳаблар тарихи Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига боғлиқдир. У зот алайҳи васаллам ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зот алайҳиссаломнинг ўзларидан сўралар ва У зотнинг сўзлари масалага охирги нуқтани қўяр эди. Лекин ўша пайтда ҳам ижтиҳод бўлган. Саҳобалар У зотга мурожаат қилишнинг иложи бўлмаганда  ёки Мадинадан чиқишганида ижтиҳод қилишган ва Мадинага қайтишганда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан масалани жавобини сўрашган. У зот алайҳиссалом ё саҳобаларнинг хатосини тўғирлаганлар ёки уларнинг ижтиҳодларини тўғрилигини тасдиқлаганлар. Баъзан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишга буюрсалар саҳобаи киромлар уни турлича тушуниб, ўзаро фикр мулоҳаза қилар эдилар. Бунга мисол, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга шундай дедилар:

"لَا يُصَلِّيَنَّ أَحَدٌ الْعَصْرَ إِلاَ فِي بَنِي قُرَيْظَةَ" (رواه الإمامُ البخاري عن ابن عمرَ رضي الله عنهما)

яъни: “Бирор киши аср намозини Бану Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!” (Имом Бухорий ривоятлари). Шунда баъзи саҳобалар: “Аср намозини фақат, Бану Қурайзада ўқиймиз”, – деб аср намози вақти кирган бўлса ҳам уни ўқимасдан йўлда давом этдилар. Баъзи саҳобалар эса: “Расулуллоҳ бу гаплари билан бизни тез юришга ундадилар, асрни ўқиб олиб, тез юриб кетаверсак зарари йўқ” , – деб йўлда асрни ўқиб олдилар. Кейин Расулулллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга икки томоннинг ҳам ишлари баён қилинганда, иккиси ҳам тўғрилигини айтдилар.

Иккинчи мисол, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал  разияллоҳу анҳуни яманликларга исломни ўргатиш учун юборганлар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу жўнаб кетаётган пайтларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб шундай деганлар:

"‏ كَيْفَ تَقْضِي إِذَا عَرَضَ لَكَ قَضَاءٌ‏"‏‏ قَالَ: "أَقْضِي بِكِتَابِ اللَّهِ" ‏ قَالَ: ‏"‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏"‏ قَالَ: "فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم"‏ قَالَ: ‏"‏فَإِنْ لَمْ تَجِدْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم وَلاَ فِي كِتَابِ اللَّهِ‏"‏‏ قَالَ: "أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلاَ آلُو" فَضَرَبَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم صَدْرَهُ وَقَالَ: ‏"‏الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللَّهِ لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللَّهِ"‏ (رَوَاهُ الإِمَامُ أبو داود والإِمَامُ الترمذي)

 яъни: “)У ерда сизга) бирор масала дуч келса, қандай қилиб ҳукм чиқарасиз?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг китоби ила”, – деб жавоб бердилар. Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг китобидан топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳнинг ҳадислари билан”, – деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Расулуллоҳнинг ҳадисларидан ҳам топа олмасангизчи?” – деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу: “Қараб турмасдан, фикрим ила ижтиҳод қиламан”, –дедилар. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: “Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

САҲОБАЛАР ДАВРИ

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин ихтилофлар жуда кам эди. Одамлар билмаган нарсаларини асосан халифалар ва катта саҳобалардан сўрар эдилар. Халифалар қийин масалаларни ечиш учун энг билимдон саҳобаларни йиғиб машварат қилишар ва фатво беришарди (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Кейинчалик саҳобалар турли шаҳарларга тарқаб кетдилар. Одамлар ўзлари суҳбатига етишган олим саҳобаларнинг фатволарига амал қилишарди. Хусусан, саҳобалар даврининг охирида аҳвол шундай эди. Шундай қилиб одамлар ишончли манбадан соф ва тўғри маълумотларни олишарди ва уларнинг сўзига, баъзи масалаларни ҳисобга олмаса, тўлиқ амал қилишарди. Ўша даврнинг марказий шаҳарлари Мадинада аввал Нофеъ, у кишидан кейин Абдуллоҳ ибн Умар, Куфа шаҳрида Абдуллоҳ ибн Масъуд, Маккада Абдуллоҳ ибн Аббос, Мисрда Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оснинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) фатволарига амал қилинарди.

ТОБЕЪИН ВА ТАБА ТОБЕЪИНЛАР ДАВРИ

Тобеъинлар даврида ҳам иш худди мана шундай давом этди. Одамлар асосан саҳобалардан илм олган катта тобеъинларнинг фатволарига амал қилишган.

Улардан кейин таба тобеъинлар даврида саволлар ва янги ҳодисалар кўпайиб кетди. Фатвога эҳтиёж ортди. Шунда бир қанча катта илм соҳиблари юзага чиқдилар. Улар: Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Авзоъий, Имом Жаъфари Содиқ, Имом Муҳаммад ибн Боқир, Имом Ал-Лайс ибн Саъд ва бошқалар эди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин). Улардан кейин улуғ фуқаҳолар бўй кўрсатдилар. Улар: Имом Шофеъий, Имом Аҳмад, Имом Суфён ибн Уяйна, Имом Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Имом Али ибн Мадиний, Имом Довуд ибн Али ва бошқалар эди (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин).

Юқорида зикр қилинган зотларнинг ҳар бирининг ўзига хос ижтиҳодлари бўлган. Улардан бирининг бирор масалада ўз раъй (ёндошув, фикр)и бўлса, буни мазҳаб дейиларди. Уларнинг ҳамма ижтиҳодларини жамланмасини ҳам мазҳаб деб аталган. Демак, у зотларнинг ҳар бирини ўзига хос ва мустақил мазҳаби (масалани ечиш, саволларга жавоб беришда ўзига хос ёндошуви) бўлган.

 

Ўткирбек Собиров

Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА