Саудия Арабистони Подшоҳлиги Макка шаҳридаги “Масжидул Ҳаром”нинг юқори қаватида кексалар ва эҳтиёжманд зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган “ақлли” голф машинаси ишга туширилди. “Saudi Gazette”нинг Икки Муқаддас масжид ишлари бўйича бош бошқармасига таяниб хабар беришича, голф аравасидан тавоф қилиш (Муқаддас Каъба атрофида айланиб ўтиш) мумкин.
Департаментнинг таъкидлашича, эҳтиёжманд зиёратчилар голф аравалари жойлашган жойга “Aжад” эскалаторлари ва “Қирол Aбдулазиз” дарвозасидаги лифтлар орқали боришлари мумкин. Голф машинаси иш вақти 12 соат яъни ҳар куни 16:00 дан 4:00 гача.
Қайд этилишича, хизмат фақат тавоф қилиш учун кўрсатилади ва унинг нархи бир киши учун қўшилган қиймат солиғи билан 25 саудия риёлини ташкил этади. Ҳозирда зиёратчилар тавоф қилиши учун 50 та голф машиналари мавжуд, уларнинг ҳар бири 10 йўловчига мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
16 май куни “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк гуруҳ зиёратчилари Маккаи мукаррамага замонавий автобусларда етиб келди. Уларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддилари, мамлакатимизнинг Саудиядаги Атташеси ва ишчи гуруҳи томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Ҳамюртларимиз муҳташам “Al-Ayam Elite” ва "Romance room" меҳмонхоналарига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар, гуллар ва ҳадялар улашилиб икром қилинди.
Мана шундай илтифотлардан кўнгиллари кўтарилган юртдошларимиз Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтиб, уларга бўлган катта эътиборни нафақат мамлакатимизда, балки олис Макка шаҳрида ҳам чин дилдан ҳис этишди.
Замонавий меҳмонхонада хоналари тайин бўлган зиёратчиларимиз бу ерга диёримиздан уларга хизмат кўрсатиш учун бирмунча олдинроқ етиб келиб, моҳир ошпазларимиз пиширган лаззатли таомларидан баҳраманд бўлдилар.
Таматтуъ ҳажини ният қилган зиёратчиларимиз умра амалини адо этмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати