Саудия Aрабистонининг Польшадаги элчиси ушбу мамлакат муфтийсига қирол совғаси – 3700 нусхада Қуръон китобини ҳадя қилди.
“IQNA” сайтининг “al-Yavm” нашрига таяниб хабар беришича, Саудия Aрабистонининг Польшадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саад ас-Солиҳ Польша муфтийси Томас Мисковичга ушбу мамлакат қироли ҳадясини, жумладан 3700 нусхада Қуръони карим китобини ҳадя сифатида тақдим қилган.
Қуръони карим маъноларининг поляк тилидаги таржимаси китоби нусхалари турли ўлчамларда подшоҳ Фаҳд мажмуаси нашриётида чоп этилган.
Саудия Aрабистонининг Польшадаги элчиси ушбу ҳадя тақдим этилишидан хурсандлигини билдирган ҳолда, бу ҳаракатни Қиролликнинг хориждаги элчихоналари билан ҳамкорликда Қуръони каримга хизмат қилиш борасида Саудия Aрабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги режалари доирасидаги буюк қадамдир деб санади.
Aс-Солиҳнинг сўзларига кўра, Қуръони каримнинг ушбу нусхаси унинг поляк тилидаги таржимаси билан бирга Польшадаги масжидлар ва Ислом марказларида тарқатилади.
Польша Республикаси муфтийси Томас Мискович ҳам ушбу хайрли туҳфа учун миннатдорчилик билдирди.
Шунингдек, “Қирол Фаҳд” мажмуасининг Қуръони карим китобини нашр этиш борасидаги фаолиятини юқори баҳолади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қолдирган бой илмий мероси нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг турли нуқталарида, хусусан, Ислом оламининг табаррук маскани бўлмиш Масжиди Набавий кутубхонасида ҳам сақланиб келяпти.
2017 йилда шайх ҳазратларининг бир қатор китоблари илк бор Масжиди Набавий кутубхонасига тақдим этилган эди. Шундан буён зиёратга борган ҳамюртларимиз ушбу кутубхонадан ҳазратнинг асарларини ўз она тилимизда мутолаа қилиш имкониятига эга бўлиб келишяпти.
Масжиди Набавий кутубхонаси масжиднинг 10-эшиги ёнида жойлашган. Кутубхонада 170 000 дан ортиқ китоб сақланади. Асосий адабиётлар араб тилида бўлсада, 20 дан ортиқ хорижий тиллардаги диний манбалар ҳам жамланган. Кутубхонадан бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ китобхон фойдаланиши мумкин.
Кутубхонада хорижий тиллардаги адабиётлар учун алоҳида хона ажратилган. У ерда инглиз, рус, француз каби жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили бўлими ҳам бор. Ушбу бўлимда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб 50 дан ортиқ асар бор. Жумладан:
– «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласи;
– «Тафсири Ҳилол»;
– «Кифоя»;
– «Руҳий тарбия»;
– «Зикр аҳлидан сўранг»;
– «Одоблар хазинаси»;
– «Хислатли ҳикматлар шарҳи»;
– «Бахтиёр оила» ва бошқалар.
@islomuz