Мусулмон дунёсининг энг машҳур диққатга сазовор жойларидан бири бўлган “Шайх Зайд” жоме масжиди 2023 йилда ташриф буюрувчилар сони 70 фоизга ошганини қайд этди, деб ёзади, “IslamNews” “WAМ” матбуот хизматига таяниб.
“Шайх Зайд” жоме масжиди 2023 йилда 5.501.420 кишини, жумладан 1.409. 947 мусулмонни жалб қилган. Масжидга ташриф буюрганлар умумий сонининг 74 фоизини якка тартибдаги зиёратчилар, 26 фоизини гуруҳлар тартибидагилар ташкил қилган. Расмий делегациялар, жумладан, ҳукумат ва таълим, дипломатик ва бошқа делегациялар сони 20.172 тани ташкил этди.
25 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёш гуруҳ турли мамлакатлардан ташриф буюрувчиларнинг энг катта улушини - 34 фоизни ташкил этди. Масжид меҳмонларининг 81 фоизи хорижликлар эди.
Географик маълумотларга кўра, ташриф буюрувчиларнинг энг катта улуши 52% Осиё, 33% Европа ва 8% Шимолий Aмерикага тўғри келади. Масжид меҳмонларининг 23 % Ҳиндистондан, 8 % Хитойдан, 7 % Россиядандир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими 2025-2026 ўқув йили учун олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш саналарини эълон қилади:
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти,
Мир Араб олий мадрасаси,
Ҳадис илми мактаби,
Имом Термизий номидаги ислом институти ва
барча ўрта махсус ислом таълим муассасаларига
2025 йил 25 июндан 20 июлгача давом этади.
Олий диний таълим муассасаларига ўқишга киришни истаган абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни топширади:
таълим муассасаси ректори номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
Хорижий давлатлардаги диний таълим муассасаларини тамомлаган ва мамлакатимизда нострификациядан ўтказилган дипломга эга бўлган абитуриентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.
Ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим муассасаси раҳбари номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
маълумоти тўғрисида аттестат ёки диплом нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
чет тилини билиши тўғрисидаги ҳужжат асл нусхаси (маълумоти тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган чет тилидан бошқа тилда имтиҳон топширувчилар учун).
Маълумот ўрнида: Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларининг тест синовларида иштирок этиши учун абитуриентлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилади. Жорий йилда ўқишни тамомлаб, ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ҳужжат топшираётган абитуриентлардан эса тўлов ундирилмайди.
2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz (https://t.me/qabulmuslimuz) телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати