Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Июн, 2025   |   28 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:51
Пешин
12:31
Аср
17:41
Шом
20:03
Хуфтон
21:42
Bismillah
24 Июн, 2025, 28 Зулҳижжа, 1446

Малайзиядан Тошкентга ҳафтасига икки марта ҳаво қатновларини амалга ошириш бошланди

16.04.2024   1418   1 min.
Малайзиядан Тошкентга ҳафтасига икки марта ҳаво қатновларини амалга ошириш бошланди

Малайзиянинг “Batik Air” авиакомпанияси кечадан эътиборан Куала-Лумпур–Тошкент–Куала-Лумпур йўналишида ҳафтасига икки маротаба мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парвозлар “Boeing 737 max 8” ва кенг фюзеляжли "Airbus A330" русумли самолётларда душанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Шунингдек, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги парвозлар "Uzbekistan Airways" томонидан ҳам ҳафтасига 2 марта амалга ошириб келинмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, икки мамлакат ўртасида авиақатновлар сонининг кўпайиши ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, Малайзиянинг етакчи авиаташувчиларининг республикамизга парвозларини ташкил этиш, зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва малайзиялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида мамлакатимиз фуқаро авиацияси маъмурияти ва "Batik Air Malaysia" компанияси раҳбарияти ўртасида қатор музокара ва маслаҳатлашувлар ташкил этилган эди. Малайзия авиакомпаниясининг Ўзбекистонга илк авиақатнови 2023 йил 15 декабрь куни йўлга қўйилган эди.

"Batik Air Malaysia" ("Malindo Airways Sdn Bhd") 2012 йилда Малайзия ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган. Бош қароргоҳи Петалингжаяда жойлашган. Ҳозирда компания Осиё қитъасининг 50 дан ортиқ йўналишига, жумладан Австралия, Бангладеш, Жанубий Корея, Индонезия, Покистон, Сингапур, Таиланд, Хитой, Япония, Ҳиндистонга рейсларни амалга оширади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари
Бошқа мақолалар

Хато – банданики

24.06.2025   1129   1 min.
Хато – банданики

Бир йигит масжидга келиб бироз ўтиргач, имомга эътироз билдирди: 
 

– Энди масжидга келиб ўтирмасак ҳам бўларкан...


Имом ундан нима учун бундай деганининг сабабини сўради. Йигит ён-атрофдаги ҳамма одам телефонга қараб ўтиргани, баъзилари ўзаро гаплашаётгани учун шу гапни гапирганини айтди.


Имом бироз ўйлаб тургач, бундай деди:

– Яхши, эътирозинг ўринли. Мен бу ҳақда одамларга эслатиб турибман. Лекин сен энди масжидга келмоқчи бўлмасанг бир иш қилиб кет.


Йигит рози бўлди. Имом унга бир пиёлани тўлдириб сув берди ва шу сувни бир томчи ҳам тўкмасдан масжиднинг ичини бир айланиб чиқишини илтимос қилди. Йигит бор диққат-эътиборини жамлаб, оҳиста қадамлар билан, икки кўзини пиёладан узмаган ҳолда вазифани муваффақиятли адо этди.


Имом унга деди:

– Баракаллоҳ! Энди менга айт-чи, сен шу топшириқни бажараётганингда кимлар гапириб ўтирди, кимлар телефонига қаради?


Йигит жавоб берди:

– Мен қаердан билай, ахир бутун диққатим сувни тўкиб қўймасликда эди.


Имом деди:

– Ана кўрдингми? Сен топшириқни бажараётганингда бутун фикру ҳаёлингни бир жойга жамладинг. Аллоҳнинг ҳузурида турганимизни ҳис қилиб, хаёлимизни ибодатга, Унинг зикрига қаратсак, бошқаларнинг хатосини кўришга вақтимиз ҳам қолмайди. Албатта, кимдир хато қилса бу сенинг ҳидоятдан юз буриб кетишингга сабаб бўлмаслиги керак. Чунки хато динники ё масжидники эмас, балки банданики...


Йигит ўйлаб кўриб, хато қилганини тушунди. Кейинги жамоат намозларида хушу билан қатнашишда давом этди. 


Акбаршоҳ РАСУЛОВ