Малайзиянинг “Batik Air” авиакомпанияси кечадан эътиборан Куала-Лумпур–Тошкент–Куала-Лумпур йўналишида ҳафтасига икки маротаба мунтазам ҳаво қатновларини йўлга қўйди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Парвозлар “Boeing 737 max 8” ва кенг фюзеляжли "Airbus A330" русумли самолётларда душанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Шунингдек, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги парвозлар "Uzbekistan Airways" томонидан ҳам ҳафтасига 2 марта амалга ошириб келинмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, икки мамлакат ўртасида авиақатновлар сонининг кўпайиши ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Малайзиянинг етакчи авиаташувчиларининг республикамизга парвозларини ташкил этиш, зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва малайзиялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида мамлакатимиз фуқаро авиацияси маъмурияти ва "Batik Air Malaysia" компанияси раҳбарияти ўртасида қатор музокара ва маслаҳатлашувлар ташкил этилган эди. Малайзия авиакомпаниясининг Ўзбекистонга илк авиақатнови 2023 йил 15 декабрь куни йўлга қўйилган эди.
"Batik Air Malaysia" ("Malindo Airways Sdn Bhd") 2012 йилда Малайзия ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган. Бош қароргоҳи Петалингжаяда жойлашган. Ҳозирда компания Осиё қитъасининг 50 дан ортиқ йўналишига, жумладан Австралия, Бангладеш, Жанубий Корея, Индонезия, Покистон, Сингапур, Таиланд, Хитой, Япония, Ҳиндистонга рейсларни амалга оширади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати