Уйга кеч қайтар эканман, кўчамизда, дарвоза ёнига ўрнатилган супачада ўтирган онамни кўриб, жаҳлим чиқиб кетди: “Ойи, яна кутиб ўтирибсизми? Неча марта айтаман. Мени кутманг, мен сизга ёш бола эмасман”. Онам эса, хотиржам овозда: “Келганингга шукр, энди тинч ухлайман. Келганингни кўрмагунимча кўзимга уйқу келмайди. Узоқдан келаётганингни кўриб, кўнглим хотиржам бўлади”. Ўша куни онамга жаҳл қилиб, овқат ҳам емадим.
Бу ҳолат тез-тез такрорланар эди. Менинг асосий ҳаётий ташвишларим яхши иш топиш, яхши даромад, умуман олганда яхши яшаш. Аммо онамнинг мен тўғримда қайғуришлари ташвишлар рўйхатининг охирида эди.
Уйландим, фарзандлик бўлдим, турмуш ўртоғим кута-кута ухлаб қолар, аммо онамнинг кўзига уйқу келмасди. Кечалари уйга кеч қайтишлар ёки умуман келмасликни оддийгина “ҳаёт ташвишлари” ёки “тирикчилик”, деб, умр қандай ўтганини билмай қолибман.
Ҳозир сочларимга оқ оралаган. Дарвозамиз ўзгарган, аммо супа ўша-ўша. Супада ўтириб, узоққа термуламан. “Ўғлимни узоқдан кўрсам, кўнглим хотиржам бўлади...”.
Мунира АБУБАКИРОВА
Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлининг 10 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 18–20 ноябрь кунлари Ўзбекистон делегацияси Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида бўлиб, илмий-маърифий тадбирлар, икки томонлама учрашувлар ва китоб тақдимотларида иштирок этади.
Сафар давомида Аммон шаҳридаги нуфузли ташкилотлар, илмий марказлар ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда подшоҳликнинг миллий кутубхоналари ҳамда олий таълим муассасаларида «Янги Ўзбекистон китоб бурчаклари» ташкил этилади. Шунингдек, ушбу масканларда Давлатимиз Раҳбарининг араб тилига таржима қилинган асарлари ҳамда кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган китоб-альбомлар тақдимоти ўтказилади.
Шу билан бирга, Иордания жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, илм-фан намояндалари, уламолар ҳамда дин ва давлат арбоблари иштирокида «Янги Ўзбекистон феномени»нинг 10 йиллигига бағишланган халқаро анжуман-тақдимот бўлиб ўтади.
Тадбирлар доирасида мамлакатимиз вакиллари билан Иорданиянинг диний-маърифий ташкилотлари раҳбарлари ва академик муассасалар етакчилари ўртасида икки томонлама учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати