Уйга кеч қайтар эканман, кўчамизда, дарвоза ёнига ўрнатилган супачада ўтирган онамни кўриб, жаҳлим чиқиб кетди: “Ойи, яна кутиб ўтирибсизми? Неча марта айтаман. Мени кутманг, мен сизга ёш бола эмасман”. Онам эса, хотиржам овозда: “Келганингга шукр, энди тинч ухлайман. Келганингни кўрмагунимча кўзимга уйқу келмайди. Узоқдан келаётганингни кўриб, кўнглим хотиржам бўлади”. Ўша куни онамга жаҳл қилиб, овқат ҳам емадим.
Бу ҳолат тез-тез такрорланар эди. Менинг асосий ҳаётий ташвишларим яхши иш топиш, яхши даромад, умуман олганда яхши яшаш. Аммо онамнинг мен тўғримда қайғуришлари ташвишлар рўйхатининг охирида эди.
Уйландим, фарзандлик бўлдим, турмуш ўртоғим кута-кута ухлаб қолар, аммо онамнинг кўзига уйқу келмасди. Кечалари уйга кеч қайтишлар ёки умуман келмасликни оддийгина “ҳаёт ташвишлари” ёки “тирикчилик”, деб, умр қандай ўтганини билмай қолибман.
Ҳозир сочларимга оқ оралаган. Дарвозамиз ўзгарган, аммо супа ўша-ўша. Супада ўтириб, узоққа термуламан. “Ўғлимни узоқдан кўрсам, кўнглим хотиржам бўлади...”.
Мунира АБУБАКИРОВА
Шу йилнинг 14-15 ноябрь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан барча ҳудудлардаги масжидларда умумхалқ хайрия ҳашари ва «Яшил макон» лойиҳаси юқори кўтаринкилик билан ўтказилди.
Атроф-муҳитни озода сақлаш, ерга ниҳол қадаш ва инсонларга яхшилик қилиш – муқаддас динимиз ва азалий қадриятларимизнинг гўзал ифодасидир.
Ушбу эзгу чақириққа "лаббай" деган 76 мингдан зиёд юртдошимиз – имом-хатиблар, масжид жамоалари, маҳалла фаоллари ва кўнгилли ёшлар бир ёқадан бош чиқариб, хайрли ишларга камарбаста бўлдилар.
Эзгу амаллар сарҳисоби:
Масканлар таровати: савоб умидида 2 163 та жоме масжид, 5231 та қабристон ва 149 та қадамжо ва зиёратгоҳлар обод қилинди;
Поклик ва саришта: жами 1 миллион 439 минг кв. Метрдан ортиқ майдон хазон ва чиқиндилардан тозаланиб, файзли гўшаларга айлантирилди;
Садақаи жория: келажак авлодга яшил мерос қолдириш мақсадида 26 800 тупдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар, шунингдек, ўн минглаб гуллар ерга қадалди;
Меҳр мурувват: кўмакка муҳтож, ёлғиз ва беморлардан иборат 1105 та оиланинг ҳолидан хабар олиниб, уларга 413,1 миллион сўмлик моддий ва озиқ-овқат ёрдамлари улашилди. Синиқ кўнгилларга қувонч киритилди.
Биргина ниҳол экиш ёки бир мўминнинг оғирини енгил қилишда қанчалар улуғ ажрлар бор! Бу каби тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, аҳиллик ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати