Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Ноябр, 2026   |   12 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:56
Қуёш
07:14
Пешин
12:14
Аср
15:17
Шом
17:02
Хуфтон
18:18
Bismillah
22 Ноябр, 2026, 12 Жумадул сони, 1448

Супа

16.04.2024   1188   1 min.
Супа

Уйга кеч қайтар эканман, кўчамизда, дарвоза ёнига ўрнатилган супачада ўтирган онамни кўриб, жаҳлим чиқиб кетди: “Ойи, яна кутиб ўтирибсизми? Неча марта айтаман. Мени кутманг, мен сизга ёш бола эмасман”. Онам эса, хотиржам овозда: “Келганингга шукр, энди тинч ухлайман. Келганингни кўрмагунимча кўзимга уйқу келмайди. Узоқдан келаётганингни кўриб, кўнглим хотиржам бўлади”. Ўша куни онамга жаҳл қилиб, овқат ҳам емадим.

Бу ҳолат тез-тез такрорланар эди. Менинг асосий ҳаётий ташвишларим яхши иш топиш, яхши даромад, умуман олганда яхши яшаш. Аммо онамнинг мен тўғримда қайғуришлари  ташвишлар рўйхатининг охирида эди.

Уйландим, фарзандлик бўлдим, турмуш ўртоғим кута-кута ухлаб қолар, аммо онамнинг кўзига уйқу келмасди. Кечалари уйга кеч қайтишлар ёки умуман келмасликни оддийгина “ҳаёт ташвишлари” ёки “тирикчилик”, деб, умр қандай ўтганини билмай қолибман.

Ҳозир сочларимга оқ оралаган. Дарвозамиз ўзгарган, аммо супа ўша-ўша. Супада ўтириб, узоққа термуламан. “Ўғлимни узоқдан кўрсам, кўнглим хотиржам бўлади...”.

 Мунира АБУБАКИРОВА

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Дунё олимлари Термизда: халқаро анжуман икки шўъбада давом этмоқда

20.11.2026   52731   1 min.
Дунё олимлари Термизда: халқаро анжуман икки шўъбада давом этмоқда

Бугун, 20 ноябрь куни Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк аллома таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган «Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтмоқда.

Қуръони карим тиловати билан бошланган тадбирнинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Президент Администрацияси масъул ходими Эргаш Даминов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳамда Қирғизистон Ислом академияси ректори Эрмамат Эргешов сўзга чиқдилар.

Анжуманда Ўзбекистон, Малайзия, Миср, Қирғизистон, Италия, Сурия ва Афғонистон каби мамлакатлардан 50 дан зиёд хорижий ва маҳаллий олим ва исломшунос мутахассислар қатнашмоқда.

Очилиш маросимида Ҳомиджон домла Ишматбеков алломанинг «Хатм ал-авлиё», «Наводир ал-усул» каби юздан ортиқ нодир асарларида илгари сурилган қалб поклиги, нафс тарбияси ва ҳадис ҳикматларига оид ғоялар бугунги глобаллашув даврида ёт оқимларга қарши курашиш ҳамда ёшлар тарбиясида мустаҳкам маърифий асос эканини таъкидлади. Шунингдек, юртимизда Ислом цивилизацияси маркази ва илмий-тадқиқот марказларининг ташкил этилиши, Ҳаким Термизий мажмуасининг обод қилиниши буюк аждодлар меросини тиклаш йўлидаги ислоҳотлар самараси экани қайд этилди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон, Малайзия, Миср ва Қирғизистоннинг етакчи олимлари Ҳаким Термизий асарларини замонавий илм-фан асосида ўрганиш ва халқаро илмий ҳамкорликни кучайтириш юзасидан маърузалар қилдилар.

Айни пайтда анжуман «Ислом цивилизацияси ривожида Ҳаким Термизий мактаби» ҳамда «Ҳаким Термизий маънавий мероси – замонавий глобал таҳдидларга ечим» номли икки шўъбада давом этмоқда. Уларда олимларнинг ўттиздан ортиқ маърузалари тингланиб, якунда илмий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари