Уйга кеч қайтар эканман, кўчамизда, дарвоза ёнига ўрнатилган супачада ўтирган онамни кўриб, жаҳлим чиқиб кетди: “Ойи, яна кутиб ўтирибсизми? Неча марта айтаман. Мени кутманг, мен сизга ёш бола эмасман”. Онам эса, хотиржам овозда: “Келганингга шукр, энди тинч ухлайман. Келганингни кўрмагунимча кўзимга уйқу келмайди. Узоқдан келаётганингни кўриб, кўнглим хотиржам бўлади”. Ўша куни онамга жаҳл қилиб, овқат ҳам емадим.
Бу ҳолат тез-тез такрорланар эди. Менинг асосий ҳаётий ташвишларим яхши иш топиш, яхши даромад, умуман олганда яхши яшаш. Аммо онамнинг мен тўғримда қайғуришлари ташвишлар рўйхатининг охирида эди.
Уйландим, фарзандлик бўлдим, турмуш ўртоғим кута-кута ухлаб қолар, аммо онамнинг кўзига уйқу келмасди. Кечалари уйга кеч қайтишлар ёки умуман келмасликни оддийгина “ҳаёт ташвишлари” ёки “тирикчилик”, деб, умр қандай ўтганини билмай қолибман.
Ҳозир сочларимга оқ оралаган. Дарвозамиз ўзгарган, аммо супа ўша-ўша. Супада ўтириб, узоққа термуламан. “Ўғлимни узоқдан кўрсам, кўнглим хотиржам бўлади...”.
Мунира АБУБАКИРОВА
Амман шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад Муслим ал-Халояла жаноблари билан ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан мулоқот ўтказдилар.
Учрашувда икки давлат етакчиларининг эзгу ташаббуслари натижасида диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик тобора кенгайиб, Ўзбекистон ва Иордания вақф муассасалари, диний-маърифий ташкилотлари, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда диний таълим даргоҳлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Бу борада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича имзоланган меморандумлар ҳуқуқий асос бўлаётгани таъкидланди.
Музокаралар чоғида ўзбекистонлик мутахассисларнинг вақф ва ислом молияси йўналишларида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишини таъминлаш, ушбу соҳалардаги илғор тажрибани пухта ўрганиш мақсадида малака ошириш дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Вақф вазири Аммон шаҳридаги миллий кутубхоналар ва етакчи олий ўқув юртларида «Янги Ўзбекистон китоб бурчаклари» очилганини Иордания илмий жамоатчилиги учун катта маънавий туҳфа сифатида баҳолади. Унинг қайд этишича, ушбу зиё масканлари орқали Ўзбекистон етакчисининг араб тилига ўгирилган асарлари ҳамда юртимиздаги янгиланишларга бағишланган тўпламларнинг кенг китобхонларга етказилиши икки халқ ўртасидаги дўстлик ва маърифий яқинликни янада кучайтиради.
Шу нуқтаи назардан, Иорданиянинг таниқли уламолари, зиёлилари, давлат ва дин арбобларини бир жойга жамлаган «Янги Ўзбекистон феномени»нинг 10 йиллигига бағишланган халқаро анжуман-тақдимот ўзбек диёридаги бугунги тараққиёт ва ислоҳотлар моҳиятини араб дунёсига теранроқ англатишда муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида урғуланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати