Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ақлли аёллардан қолган гўзал насиҳатлар жуда кўп. Умму Умома бинти Ҳориснинг қизини узатадиган куни унга айтган насиҳати шулар жумласидандир. У айтади: “Қизалоғим, сен ўзинг ўсган муҳитни тарк этмоқдасан. Агар аёл киши эридан беҳожат бўлганида ота-онасининг бойлиги ва уларнинг унга муҳтожлиги сабаб инсонларнинг энг бойи бўларди. Аммо аёллар эркаклар учун, эркаклар эса аёллар учун яратилган. Сенга қуйидагиларни насиҳат қиламан:
Биринчиси, эринга қаноат билан доим итоат эт, доим унинг айтганларини бажар.
Иккинчиси, унинг кўзи тушиши ва бурни сезиши мумкин бўлган жойларга эътибор қаратгин. Унинг кўзи хунук нарсаларга тушмасин, бурни эса доимо муаттар ҳидларни туйсин.
Учинчиси, унинг таоми ва уйқусига эътиборли бўл. Чунки очлик инсонни ёндиради, уйқусизлик эса баттар ғазаблантиради.
Тўртинчиси, унинг молини ҳимоя қил ҳамда қариндошлари ва оиласининг риоясини қилиб муомала бўл.
Бешинчиси, унинг буйруқларига доимо бўйсун, сирларини ошкор қилма. Чунки агар сен унинг буйруқларини бажармасанг нафратини уйғотасан, агар сирларини ошкор қилсанг ишончидан чиқасан. Яна у маҳзун бўлган вақтда унинг ҳузурида хурсанд бўлишдан, агар хурсанд бўлса қовоғингни уйиб олишдан доимо сақлан!”.
Шуъла: Саодатингиз бошқага боғлиқ эмас, у ўз қўлингизда.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан