Қатар Миллий кутубхонасида Марокашдан келган ноёб қўлёзма Қуръон нусхаси алоҳида ажралиб туради, у табиий таъсирлардан асраш учун шиша қутига солинган.
Ғарбий Осиё минтақасидаги етакчи кутубхоналардан бири сифатида танилган Қатар Миллий кутубхонасининг мерос бўлимида Марокашдан кўплаб қўлёзмалар, фотосуратлар ва қўлёзма тарих китоблари, жумладан, шиша билан қопланган ноёб Қуръон қўлёзмаси сақланади, деб хабар беради “IQNA” сайти "Reporter” матбуот нашрига таяниб.
Милодий 1950 йилда яратилган бу нодир Мусҳафи шариф Шимолий Aфрика анъаналарини нусхалашнинг ажойиб намунаси ҳамда таҳзиб ва хаттотлик санъатида ўзига хосдир.
Ушбу Қуръон қўлёзмаси Марокашда Муваҳҳидлар халифалиги даврида яшаган сўфий олим Шайх Aбдуссалом ибн Машиш (милодий 163-1228) кутубхонасига тегишли бўлиб, Марокашдаги Қуръоннинг нодир қўлёзмаларидан бири саналади таҳзиблик тарихий санъати намунасидир.
Таҳзиб санъати - бу санъаткорлар ва диндор шахслар томонидан диний, илмий, маданий, тарихий китоблар, шеърлар тўпламлари ва қўлёзмаларнинг гўзал парчаларини безашда фойдаланиладиган ноёб ва чиройли нақшлар тўплами саналади.
Шундай қилиб, варақларнинг чеккалари ва атрофи новдалар ва эгри чизиқлар, поя, гул ва Хатай услубидаги барглар нақшлари билан безатилган.
Муқаддас Қуръони каримнинг хаттотлик ва безак нусхаси Марокашда мавжуд бўлиб, у XIX асрнинг биринчи ярмида ёзилган. Ушбу Мусҳафи шариф ёнида Қатар Миллий кутубхонасида 1213-милодий йилига оид Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васалламнинг мўмина аёлларининг таржимаи ҳоллари китобининг нодир нусхаси қўйилган.
Бу кутубхонанинг яна бир қисмида қомус ва луғатлар, фалсафий китоблар, психология ва дин, цивилизация тарихи, биографиялар, жаҳон тарихи, антропология, таълим, мусиқа, тасвирий санъат, расмли ҳикоялар ва ҳуқуқ каби бошқа нодир китоблар тўпламлари мавжуд.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради. “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 5-оят).
Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.
Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.
Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.
Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қадр кечасини иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.
Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.
Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”.
Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).
Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тўғри келади. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.
Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД