Яқинда “Масжид ал-Ҳаром” маъмурияти ногиронлар аравачаси фойдаланувчиларининг “Масжид ал-Ҳаром”га киришини таъминлаш учун махсус рангли йўналишларни белгилаб, уларнинг ҳаракатланишини осонлаштириш чораларини кўрди.
“ИҚНA” сайти маълумотларига кўра, рангли аравачалар учун мўлжалланган йўллар Макка чеккасидаги Ғазо ҳудудидан бошланиб, “Масжид ал-Ҳаром” нинг шимолий ҳовлиларига етиб боради.
Шу тариқа, ногиронлар аравачасидагилар ҳаж амалларини бажариш учун “Масжидул-Ҳаром”га бемалол ва хотиржамлик билан киришлари мумкин.
Макка зиёрат йўлига туташган ва “Масжид ал-Ҳаром” нинг шимолий йўналиши бўйлаб жойлашган бу рангли йўллар ногиронлар аравачаси фойдаланувчиларини “Масжид ал-Ҳаром” га йўналтириш учун ерда махсус белгилар билан белгиланган. Қайтиш йўллари, шунингдек, ушбу гуруҳ учун “Масжид ал-Ҳаром” га кириш ва чиқишни осонлаштириш учун чизиқлар ва стрелкалар билан белгиланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида «Вақф» хайрия жамоат фонди ҳамда Туркия Диёнат вақфи масъул ходимлари иштирокида видеоконференция форматида мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда икки муассаса ўртасида имзоланган меморандум ва унинг асосида ишлаб чиқилган йўл харитасидаги вазифалар ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг амалий механизмларини белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Мулоқот давомида вазифаларнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, истиқболда амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар ва ижтимоий лойиҳалар борасида ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди. Хусусан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар, ёшлар билан ишлаш ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, хорижий хайрия хизматларини ташкил этиш ҳамда закот ва хайрия муносабатларини янада ривожлантириш каби ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича атрофлича фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мулоқот икки қардош давлат вақф фондлари ўртасидаги диний-маърифий ва саховат йўналишидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати