Бугуннинг талабаси иншоАллоҳ эртанинг уламоси ва дин пешвосидир. Шу боис талаба етук салоҳиятга эга бӯлиши учун илмга чанқоқ ва интилувчан бӯлиши билан бирга ҳар бир илмни устоз назорати остида ӯта ишончли манбалар орқали пухта эгаллашга ҳаракат қилиши лозим. Шу билан бирга мустақил ӯқиётган адабиётларидаги нозик масалаларни тӯғри таҳлил қилаолиш кӯникмасига эга бӯлиши керак. Ӯзига шубҳали ёхуд тушунарсиз бӯлган маълумотларга дуч келганда шу соҳага алоқадор устозлардан сӯраб, тӯғрисини аниқлаб олиши унинг маънавий тойилишдан, адашиш ва адаштиришдан саломат бӯлишига ва илмда камолот ҳосил қилишига сабаб бӯлади. Зеро, ҳозирги пайтда дин душманлари томонидан жамиятда фитна тарқатиш ва мусулмонларни аҳли сунна валжамоа ақидасидан оздириш мақсадида турли воситалардан фойдаланилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шундай воситалар ичида энг хавфли ва яширин восита толиби илмларни тузоққа тушуришдир. Бунинг учун талабалар қизиқиб ӯқийдиган, осонлаштирилган диний адабиётлар ва араб тилига оид рисола ва китоблар ичига нотӯғри қарашларнинг "уруғ"ларини ӯта ёпиқ тарзда экиб кетадилар. Юзаки ӯқиган пайтда бу фикрлар талабага тӯғри бӯлиб туюлиши мумкин. Бироқ, масалага чуқурроқ ёндашилса, битта жумла, ҳаттоки биргина сӯзнинг ортига жуда катта фитна беркитилганини англайсиз. Бунга битта мисол келтириб, уни таҳлил қилиш билан сӯзимни якунлайман. Араб тили балоғатига оид енгиллаштирилган бир рисолада "атф" қоидасини баён қилгач қуйидагилар зикр қилинади:
ونحو قوله تعالى وجاء ربك والملك صفا صفا . فلله جل وعلا مجيء وللملائكة مجيء لكن مجيء الله ليس كمثله مجيء فهو مجيء حقيقي يليق بجلاله وكماله سبحانه وتعالى . وأما القول بأنه جاء أمره فتحريف وضلال مبين .
"Ва яна Аллоҳ таолонинг:
وَجاءَ ربُّكَ والْمَلَكُ صَفًّا صَفًّا
(Юзаки таржимаси: "Ва Роббинг ва фаришталар саф-саф бӯлиб келди". "Фажр" сураси, 22) ояти каби.
Бас, Аллоҳ толо учун ҳам مجيء (яъни, юзаки маъносига кӯра "келиш") бор, фаришталар учун ҳам مجيء (келиш) бор. Лекин бирор مجيء Аллоҳ таолонинг مجيء си каби эмас. Бас, у (яъни Аллоҳ таолонинг مجيء си) Ӯзининг улуғлиги ва камолига муносиб бӯлган ҳақиқий مجيء (келиш)дир. Аммо, (Аллоҳ таолонинг مجيء сини) "Унинг амри келди" деб айтишга келсак, бас, бу таҳриф (яъни Қуръонни ӯзгартириш) ва очиқ залолатдир" (Иқтибос тугади).
Юқоридаги фикрларни ӯқиган талаба агар аҳли сунна валжамоанинг муташобиҳ оятларни талқин қилишдаги услубини яхши ӯзлаштирмаган бӯлса, сохта "салафийлик" фитнасига тушиши ва алданиши эҳтимоли катта. Чунки فهو مجيء حقيقي "Бас, у (яъни Аллоҳ таолонинг مجيء си) ҳақиқий مجيء (келиш)дир",
деган гапнинг тагида жуда катта муаммо бор. Бу жумҳур салафи солиҳларнинг "тафвиз" йӯлига тӯғри келмайди. Қолаверса бу ерда халаф уламоларимизнинг таъвил йӯлини "таҳриф (Қуръонни ӯзгартириш) ва очиқ залолат" деб ҳукм қилинган.
Масаланинг тафсилоти қуйидагича:
Салафи солиҳлар Аллоҳ таолога нисбат бериладиган مجيء сифатидан бу сӯзнинг луғатдаги юзаки-ҳақиқий маъноси бӯлмиш "бир жойдан бошқа жойга кӯчиш" маъносини инкор қилишади. Чунки Аллоҳ таоло жисм эмас, У макон тутишдан пок ва беҳожатдир. مجيء дан ирода қилинган маънони Аллоҳга ҳавола қиламиз, дейишади. Бунга кӯра Аллоҳдан кайфият тушунчаси инкор қилинган бӯлади. Чунки кайфият жисмларнинг хусусиятларидан ҳисобланади. Натижада Аллоҳ таолонинг مجيء сифати билан банданинг مجيء си ӯртасидаги ӯхшашлик ҳақиқат жиҳатидан ҳам инкор қилинган бӯлади.
Сохта "салафийлар"нинг
فهو مجيء حقيقي
"Бас, у (яъни Аллоҳ таолонинг مجيء си) ҳақиқий مجيء (келиш)дир",
деган гапининг маъноси шуки, مجيء ӯзининг ҳақиқий маъноси бӯлмиш "бир жойдан бошқа жойга кӯчиш" маъносидадир, лекин кайфияти банданикига ӯхшаш эмас, ана шу кайфиятни қандайлигини Аллоҳга ҳавола қиламиз, деганидир. Бунга кӯра Аллоҳ таолонинг مجيء сида қандайдир кайфият бор, бу кайфият бандадаги مجيء нинг кайфиятидан фарқ қилади, бироқ مجيء нинг ҳақиқатида (яъни "кӯчиш" маъносида) банданики билан бир хил, деган хулоса чиқиб қолади. Бу эса مماثلة (ӯзаро ӯхшашлик) ҳисобланади ва ташбеҳни келтириб чиқаради.
Шу билан бирга бу фикр остида Аллоҳ таолони макон тутишга муҳтож, деган бузуқ эътиқод ётади. Аллоҳ таоло бутун оламлардан беҳожат ва барча айбу нуқсонлардан покдир.
Сохта "салафийлар" таҳриф ва очиқ залолат деб ҳукм қилган халаф уламоларимизнинг "Унинг амри келди" дея таъвил қилиш йӯлларига келсак, айнан шу маънода таъвил қилишни имом Аҳмад ибн Ҳанбалдек айрим мутақаддим уламолар ҳам қувватлаганлар. Энди улар кимни залолатда айблаётганликларига бир боқсинлар.
Тавфиқ Аллоҳдан.
Шу йил 23 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси ўтказиб келинаётган амалий тадбирларнинг навбатдагиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлиб ўтди.
Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилик қилди. Шунингдек, унда Диний идора бўлими бошлиқлари Исломиддин домла Зуҳриддинов, Музаффар домла Камолов ва Масжидлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Дилмурод Раҳимовлар қатнашди.
Мазкур тумандаги “Исломобод” масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишда Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туман-шаҳарлар бош имом-хатиблари ва Олмазор туманидаги масжид имом-хатиблари ҳам иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг “Инсон қадри” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда Зайниддин домла Эшонқулов мазкур китоб бугунги ҳаётимиз билан нақадар уйғун экани, динимизда ҳам инсон ва унинг қадр-қиммати юксак улуғланиши, ҳар бир диний соҳа ходимининг фаолияти учун дастурамал бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ушбу китоб барча иштирокчиларга тарқатилди.
Тадбир давомида туман бош имом-хатиблари учун намунавий махсус кийим намунаси тақдимот қилинди. Унда чакмон, духоба ва миллий дўппилар намойиш қилинди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри, хусусан, Олмазор туманида 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Унда шаҳардаги имом-хатиблар фаолиятидаги ютуқлар эътироф этилиб, баъзи камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Рустамов Эргашали бошчилигида туманлар бош имом-хатиблари, шунингдек, тажрибали имом-хатиблардан таркиб топган Ишчи гуруҳ тузилиб, улар Олмазор туманидаги 21 та масжид ва маҳалласига бириктирилди.
Тадбир доирасида амалиёти назарда тутилган йўналишлар бўйича қуйидагилар амалга оширилди:
Биринчи йўналиш бўйича имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 105 та оилага кириб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдам тадбирларини олиб борди: Хусусан:
- 20 та хонадонда ёт ғоялар таъсирига мойил бўлганлар билан суҳбатлашилиб, тушунчалари тўғриланди;
- 15 та хонадонда жазо муддатини ўтаётганларнинг оила аъзолари, муқаддам судланганлар билан суҳбат қилинди;
- 20 та нотинч оила ўрганилиб, муаммонинг сабаблари бартараф этиш, аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди;
- 15 та хонадонда ичкиликка ружу қўйганлар билан суҳбат қилиниб, зарарли одатлардан сақланиш тўғрисида насиҳат қилинди;
- ногирон, касал, эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган 20 та оилага кирилиб, улардан ҳол-аҳвол сўраш баробарида совға-саломлар улашилди, даволаниш ва дори-дармон учун моддий ёрдам кўрсатилди.
Кирилган 105 та хонадоннинг ичидан моддий имконияти чекланганларига ҳомийларни жалб қилган ҳолда жами 42 000 000 (қирқ икки миллион) сўмлик рўзғорлик маҳсулотлари эҳсон қилинди. Улар орасидан ўта ночор бўлганларининг моддий таъминотидан хабардор бўлиб туриш режалаштирилди;
Иккинчи йўналиш бўйича имом-хатиб фаолияти ўрганилди. Жумладан, жамоани бошқариш, масжидни тоза ва озода сақлаш, унда қулай шароитлар яратиш жиҳатлари кўриб чиқилди.
Учинчи йўналиш бўйича Ишчи гуруҳ аъзолари ўзларига бириктирилган 21 та масжидда пешин намозини адо қилиб, жамоатга маъруза қилиб бердилар. Тинчлик неъмати, шукроналик, ақидада адашмаслик, мазҳабга эргашиш каби муҳим мавзудаги чиқишларда 3800 га яқин тингловчи қамраб олинди.
Шунингдек, якуний йиғилишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича сўз юритди.
Йиғилишда меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан мулоқатни мунтазам йўлга қўйиш, кадрлар масаласига эътиборни кучайтириш, маърузаларни Фатво марказидан чиқарилган жума тезислари ва қўшимча адабиётлардан фойдаланган ҳолда бойитиш, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари маърузалар қилиш ҳақида сўзлади.
Диний идора Молиявий назорат ва таҳлил бўлими бошлиғи Исломиддин Зуҳриддинов масжидларда иш юритиш ҳужжатларини такомиллаштириш, эҳсон қутилардаги тушумларни комиссия аъзолари иштирокида далолатнома асосида банкдаги ҳисоб рақамларга кирим қилиш, тўй ва маракаларни ихчамлаштириш, жаноза маросимларда бидъат-хурофатларга чек қўйиш тўғрисида гапирди.
Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов мавжуд маҳаллаларга барча имом-хатиб ва имом-ноибларни бириктириш, маҳалла еттилиги билан ҳомкорликда ишларни йўлга қўйиш, шаръий далил ва ҳаётий мисоллар асосида маъруза қилиш, кибер жиноятчиликнинг олдини олиш ҳақида айтиб ўтди.
Тадбир сўнгида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, Олмазор тумани имом-хатиблари ютуқ ва камчиликлари юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати