Cавол: Имзо чекувчи ўзи рухсат берса ўрнига имзосини қўйиш мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Агар бу ҳолат бирор корхона ёки компанияда бўладиган бўлса, ўша жойнинг низомида бу ишга, яъни имзо чекувчининг розилиги билан ўрнига бошқаси имзо чекишга рухсат этилган бўлса ёки бу ишга раҳбарнинг ишончномаси мавжуд бўлса, бу иш жоиз. Акс ҳолда бундай қилиш жоиз эмас. Чунки мусулмонлар ўзаро тузилган шартномаларга амал қилишлари керак. Бу борада Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
“Мусулмонлар ўз шартларига кўра бўладилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Агар бу иш савдо ишларида бўлса, имзо қўйувчининг вакили сифатида амалга ошириши мумкин бўлади. Лекин бу ўринда имзо чекувчи алдов ва хиёнатдан сақланишлиги зарур бўлади. Зеро, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким алдаса, мендан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бугун, 20 ноябрь куни Термиз шаҳрида ўтказилган «Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти» мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари буюк мутафаккир мажмуасида бўлдилар.
Хорижий давлатлардан ташриф буюрган муфтийлар, таниқли уламо ва исломшунос олимлар ҳамда маҳаллий соҳа вакиллари муқаддас қадамжода Қуръони карим тиловат қилиб, улуғ муҳаддис ва мутасаввиф ҳақларига дуои фотиҳа ўқидилар. Бутун дунёда тинчлик-осойишталик барқарор бўлиши, юртимиз янада ободлашиб, аждодларга муносиб авлодлар етишиб чиқишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Меҳмонлар маҳобатли мақбара, серфайз ҳовли ҳамда мажмуада амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Улар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ва алломалар меросига кўрсатилаётган юксак эҳтиромга юқори баҳо бердилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати