Машҳур асар таниқли таржимон Муҳаммад ал-Жибали томонидан араб тилига ўгирилган.
Китоб тақдимоти Абдулла Қодирийнинг 130 йиллигини нишонлаш доирасида ёзувчи набираси Хондамир Қодирий, Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси аъзолари, мамлакатимиз ОАВ вакиллари, ёзувчи ва нуфузли журналистлар иштирокида ўтказилди. Шунингдек, унда асар таржимонлари Айн-Шамс ва Луксор университетлари профессори Муҳаммад ал-Жибали, Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Магди Заъбал, маҳаллий экспертлар ва ОАВ вакиллари қатнашди.
Тадбирни Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев очиб берди. Элчи ўз нутқида ўзбек адабиётининг буюк намояндалари, уларнинг бетакрор асарлари ҳақида сўз юритар экан, Абдулла Қодирий 20 аср ўзбек адабиётида ёрқин из қолдирганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, собиқ иттифоқ даврида ўзбек адибларининг кўплаб асарлари хорижий тилларга таржима қилинган. Лекин "Ўткан кунлар" романи рус тилидан бошқа бирор тилга таржима қилинмаган. Ҳатто асарнинг рус тилидаги таржимаси ҳам цензурага учраб, қатор ўзгартиришларга юз тутди.
Шу боис, элчихона кўмагида орадан 100 йил ўтиб ушбу роман араб дунёси ўқувчиларига илк маротаба "Ўткан кунлар: Туркистондаги аччиқ севги қиссаси" номи остида тақдим этилди.
"Ўткан кунлар" романининг араб тилига таржима қилиниши ўзбек маданияти, минтақа тарихи, ўзбекона одоб-ахлоқ каби фазилатларни Яқин Шарқ халқлари орасида кенг тарғиб этишда хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Асар таржимони Муҳаммад ал-Жибали ўз маърузасида ўзбек халқи учун қадрдон бўлган ушбу асарни араб тилига таржима қилганидан бағоятда мамнунлигини билдирар экан, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Қайд этиш керакки, таржимада асарнинг эски ўзбек ёзувидаги илк нусхасидан ҳамда рус ва инглиз тилларидаги таржималаридан фойдаланилди.
Мамлакатимизнинг Мисрдаги элчихонаси маълумотига кўра, "Ўткан кунлар" романининг араб тилига таржима қилишда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган ватандошимиз Саид Маҳмуд Косоний, доктор Муртазо Сайдумаров, шайх Ҳусайнхон Яҳё Абдумажидов, Миср-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси, профессор Магди Заъбал, таржимон Феруза Галиева ҳамда ўзбек тили бўйича мутахассислар Раҳма Ибраҳим, Ҳабиба Меҳмет Али ва бошқаларнинг ёрдамлари чексиз бўлди.
Чоп этилган китоб муқовасида Абдулла Қодирий авлодлари тавсиясига кўра, "Ўткан кунлар" романининг 1925 йилдаги илк нашрининг суратидан фойдаланилди. Китоб қаттиқ муқовада ва сарғиш рангли силлиқ қоғозда чоп этилди. Минтақадаги энг йирик "Дор ул-Маориф" нашриётида 1000 нусхада чоп этилган китобни Мисрдаги барча йирик кутубхоналар ва университетлар, таълим ва маданият муассасалари, давлат идоралари, Қоҳирадаги дипломатик корпус ўртасида тарқатиш режалаштирилган. Бошқа араб давлатларида ҳам мазкур роман таржимасини қайта чоп этиш назарда тутилмоқда.
"Ўткан кунлар" романини араб тилида мутолаа қилишни истаган юртдошларимиз, Тошкентдаги Абдулла Қодирий уй-музейига ёки Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасига мурожаат қилишлари мумкин.
Ушбу китоб тез фурсатларда мамлакатимиздаги йирик кутубхоналар ва университетларга ҳам тақдим этилади, шунингдек, бепул онлайн платформаларга жойлаштирилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати