Хорижийлик – исломда дастлаб пайдо бўлган йўналиш хорижийликдир. Хорижийлар – ажралиб чиққанлар яъни “исёнчилар” деган маънони англатади. Ҳалифа Али ибн Абу Толиб ва Муовия тарафдорлари билан ҳалифаликда хукмронлик учун кураш кетаётган бир даврда вужудга келди. Улар ҳалифа диний жамоа томонидан сайланади ва унга бўйсунади. Ҳар қандай тақводор мусулмон (ҳатто қул ёки хабаш бўлса ҳам) ҳалифа қилиб сайланиши мумкин; агар ҳалифа жамоа манфаатларини химоя қилмаса вазифасидан бўшатилади ва ҳатто, қатл қилинади; эътиқод амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим, деб ҳисоблаганлар. Эътиқодсиз ва гуноҳкор кишиларни жазолашда Муржиъилар жазо муддатини кечиктиришни истовчилар тарафдорларига қарши турганлар. VIII-аср иккинчи ярмига келиб, йўналиш ўз раҳбарлари номи билан аталувчи азрақий ибодий, суфрий каби гуруҳларга бўлиниб кетди. Олимларнинг фикрича ичидан бўлиниш ҳамда уммавий ва Аббоссий ҳалифаларнинг VII-XI - асрларда хорижийларга қарши кескин кураш олиб бориши натижасида уларнинг катта қисми қириб ташланди, қолганлари Шимолий Африкада ўз давлатини вужудга келтирди. Ҳозирги хорижийларнинг ибодий сектаси мағриб мамлакатларида (Жазоир, тунис ва бошқалар), Уммон ва танзанияда учрайди.
Муҳаддис уламоларимиз ўз китобларида “Хаворижлар диндан отилиб чиқувчилар ҳақида” деган сарлоҳа остида юқорида зикри келган ҳадисдан бошқа бир қанча ривоятларни келтирадилар. Бу ҳадисларни Муҳаммад (с.а.в) умматлари ичидан келажакда чиқадиган баъзи бир ноқулай шаҳс ва жамоалар ҳақида сўз юритадилар ва огоҳлантириш учун уларнинг сифатларини ҳам эслатадилар. Бу ўзининг билган мўъмин-мусулмонлар эҳтиёт бўлишлари учун чақириқлар ва ўша сифатлардан ўзини олиб қолишга даъват ҳамдир.
Шу ерда ривоятларда баъзи сифатлар такрорланиши мумкинлигини, бу эса, услубдаги хато эмас, балки ҳадисларни турли вазият, замон ва моконда айтилганидан эканини эслатиб қўймоқчимиз. Биз уларни жамлаб ўрганётганимиз туфайли аввал эсланмаган бир сифат зикр қилингани учун бошқа сифатлар такрор келса ҳам, ривоятни бутунлигича келтиришга мажбурмиз.
Иккинчидан, далил ҳужжат суриштириш чоғида уларнинг кучлик эканини исботлаш учун бир ҳадисни ровийлари ёки уни келтираётган муҳаддис бошқа бўлса ҳам такрор келтирилади. Мисол учун, имом Буҳорий ёлғўз ўзлари ривоят қилган ҳадисдан кўра, у киши билан бирга, яна бир муҳаддис ҳам ривоят қилган ҳадис кучли бўлади ва ҳоказо.
Расулуллоҳ (с.а.в) ривоят қилган ҳадисларидан бирида: “Охирзамонда бир қавм чиқади. Уларнинг ёшлари кичик, ақллари паст, қуръонни қироат қилурлар. У аларнинг бўғзидан нарига ўтмас. Улар одамларнинг энг яхши сўзларини сўзлайдилар. Диндан ҳудди камондан ўқ чиққандек чиқарлар. ”, дедилар.
Батахқиқ, Набий (с.а.в)дан бу ҳадисдан бошқада ривоят қилинишича: “Қуръонни қироат қиладиган ва у аларнинг бўғзидан нарига ўтмайдиган, диндан ҳудди камондан ўқ чиққанидек чиқадиган қавм васфи харурий хаворижлар ва улардан бошқа хаворижлар”, экани айтилган.
Ушбу ривоятдан хаворижлар фақат Хазрати Али (к.в)нинг вақтларида Ҳаруро қишлоғида йиғилган кишилирдан кишилардан иборат эмаслиги балки, улардан бошқалари ҳам чиқиб туриши англанади. Айни шу эътибордан хозирги баъзи бир тоифаларда юқорида зикр қилинган сифатлардан борлигини эътиборга олиб, уламоларимиз уларни “Замонамиз хаворижлари”, деб айтадилар.
Муҳаддис уламоларимиз юқорида келтирилган ривоятларни фитналар бобида келтирадилар. Қадимдан мусулмонлар ушбу ривоятларда васфи келган шаҳсларга ўхшаб қолмаслик ҳақида чин дилдан қайғурганлар. Мабодо мазкур сифатлардан бирортаси ўзида борлигини билиб қолсалар уни дарҳол ўзгартиришга ҳаракат қилганлар.
Кезикелганда эслаб ўтилган ривоятларда зикр қилинган салбий сифатлардан баъзиларининг рўйҳатига кўз ташлаб чиқайлик.
Уларнинг дини диёнат ва унга фидокорлик ҳақидаги гапларини бошқалар гапира олмайдилар. Аммо фитначиларда гап бор-у, амал йўқ. Улар гапларига амал қилмасликлари билан ажралиб турадилар.
Улар Қуръонни яхши билмайдилар, ўзларини кўрсатиш учун Қуръони каримга амал қилиш ҳақида даъват қилганлари қилган. Аммо ўзлари унга амал қилишни ўйламайдилар.
“Ҳукм фақат Аллоҳгадир!” дедилар.
Шунда Али (р.а):
“Хақ калима ила ботил ирода қирода қилинди. Улар хақни Тиллари билан айтурлар аммо халқумларидан нарига ўтмас”, дедилар.
Шу билан кўпчиликнинг эътиборини ўзларига тортадилар.
Яъни, кейинги пайтда чиқиб мусулмонлар оммасини ташвишга солиб соладиган жамоаларнинг кўпчилик аъзолари ёшлардан иборат бўладилар.
Илмлари ва тажрибалари оз бўлгани учун оқиллик даражасига етмаган бўладилар.
Юқоридаги сифатлардан диндан отилиб чиқувчи шахснинг сиймосини қисмон бўлса ҳам тасаввур қилиш имконига эга бўламиз. Агар эътибор ила назар соладиган бўлмак, дархақиқат, кейинги пайтда чиқаётган хизб, жамоа, ташкилот ва бошқа тўпларда юқорида зикр қилинган сифатлардан у ёки, буниси топилиб турганини кўрамиз.
Аждодларимиз мазкур салбий сифатларни яхши билиб олиб, улардан йироқ бўлиш учун имконлари етган барча омилларни ишга солганлар ва ўша сифатларга ёки уларнинг баъзиларига соҳиб бўлган кишилардан ўзоқда бўлишга ҳаракат этганлар.
Муҳаммадали КАТТАБАЕВ
Билим юрти АРМ мудири
“Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 27 август кунги 175-сонида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР ҳазратларининг “Қадр-қимматимиз улуғланаётган юрт” номли мақоласи чоп этилди.
Эзгулик, бағрикенглик марказига айланаётган мамлакатимизда диний-маърифий соҳада эришилаётган тарихий ютуқлар эътирофига бағишланган қиёсий-таҳлилий мақоланинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин:
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Бутун халқимиз томонидан катта шодиёна қилинаётган, ўз тақдирини шу азиз Ватан тақдири билан боғлаган қирқ миллионга яқин юртдошимиз қалбини чексиз фахр-ифтихор туйғуларига тўлдираётган мустақиллик байрами – истиқлолимизнинг 35 йиллик айёми билан барчани чин қалбимдан муборакбод этаман.
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, мамлакатимизда сўнгги йиллардаги жадал ва кенг кўламли ислоҳотлар қаторида эътиқод эркинлигини таъминлаш ҳамда мўмин-мусулмонлар эмин-эркин тоат-ибодат қилиши учун яратилаётган шароитлар янги босқичга кўтарилди.
Бунёдкорлик ва маънавий тикланиш солномаси
Сўнгги ўн йиллик солномасига қарайдиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўламиз. Уларнинг энг маҳобатлилари, шубҳасиз, пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасидир.
Бундан 9 йил олдин Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ҳақида махсус қарор қабул қилиниб, амалий ишлар бошланган эди. Ниҳоят жорий йилда қадимдан Тошкентнинг маънавий маркази бўлиб келган Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий руҳ ва замонавий шароитларга эга муҳташам иншоот барпо этилди. Марказнинг асосий зали, таъбир жоиз бўлса, қалби, ҳеч шубҳасиз, муқаддас Қуръон залидир. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Ҳазрати Усмон Мусҳафи юксак мақомига яраша муносиб ўрин топди.
Бу масканда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам янги қароргоҳига эга бўлди. Президентимизнинг оқ фотиҳаси билан биз ҳам шу ерда фаолиятимизни давом эттиряпмиз.
Имом Бухорий мажмуаси қурилиши 2019 йилда бошланган эди. Қарийб 45 гектар майдонни қамраб олган ҳудудда улкан мақбара, 10 минг кишилик масжид, инновацион музей, кутубхона, меҳмонхоналар ва бошқа зарур инфратузилма иншоотлари барпо этилди.
Шу муаззам мажмуа фойдаланишга топширилаётганида хаёлимга бир фикр келди. Биласиз, Имом Бухорий бобомиз илм талаб қилиш йўлида қанча машаққатлар чекиб дунё кездилар. Буюк муҳаддис бўлиб Ватанимизга қайтиб келдилар. Лекин унга ҳозиргидек эътибор, эҳтиром, эъзоз кўрсатилмаганди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини юксак даражада қадрлаш ва тарғиб этишга янги босқичда кенг имкониятлар яратилди. Ҳозир бутун ислом олами, барча мусулмонлар шу мажмуага талпинмоқда.
Шунингдек, Фарғонадаги Бурҳониддин Марғиноний янги мажмуаси, Намангандаги Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи, Андижон бош масжиди, Сурхондарёдаги термизийлар мақбаралари, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий зиёратгоҳи, Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Нукусдаги Имом Эшон Муҳаммад, Урганчдаги Охун бобо масжидлари, Тошкентдаги Сузук ота, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжид-мажмуалари, Тошкент вилоятидаги Зангиота зиёратгоҳини ҳам санаб ўтиш мумкин.
Юртимизнинг шаҳару қишлоқларида, энг чекка ҳудудларида 130 тага яқин янги масжид очилди. 500 дан зиёд жоме бутунлай қайтадан бунёд этилди. 3 та олий ва 1 та ўрта махсус мадраса ташкил этилди. Жумладан, 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасининг тарихий мақоми тикланди ва уни дунёга машҳур ал-Азҳар мажмуаси даражасига етказиш ишлари давом этмоқда.
Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институти, шунингдек, Имом Термизий номидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаси фаолият бошлади. Тошкент ислом институтида магистратура ташкил қилиниб, бу йил илк битирувчилар соҳанинг нуфузли идораларида меҳнат фаолиятига киришди.
Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари сони 30 дан ошди. Машғулотларни 100 мингдан зиёд тингловчи якунлаб, Аллоҳнинг каломини ўқиш бахтига эришди. Бундан ташқари, интернет орқали онлайн қироат сабоқлари йўлга қўйилди.
Диний идорамиз ҳузурида Марказий Осиёда ягона бўлган Фатво маркази ташкил этилди. Бу ерда диний уламоларимиз ҳар йили юртдошларимизнинг 300 мингдан ортиқ саволига жавоб бериб келмоқда. Эътиборлиси, ишлаш ё ўқиш мақсадида чет давлатда бўлиб турган ватандошларимизнинг саволларига мобил илова ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳам жавоб бериш имконияти яратилган.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд номидаги 4 та халқаро илмий-тадқиқот маркази таъсис этилиб, нодир илмий-маърифий асарлар тадқиқ қилинмоқда.
Зиёрат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ҳаж ва умра сафарларига кенг йўл берилди. Ҳаж квотаси 3 баравар, яъни 5 мингдан 15 мингга кўпайган бўлса, умрага қўйилган квота чекловлари олиб ташланди. Натижада ҳар йили 1 миллионга яқин ҳамюртимиз Аллоҳнинг байтини зиёрат қилишга муваффақ бўлмоқда.
Бу йилдан бошлаб Президент ҳожилари дастури жорий этилиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилган 100 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига имтиёзли бориб келди.
Рамазон ойи, икки ҳайит байрами ҳақиқий маънода катта айёмга айланди. Бу муборак саналарни Президент қарори билан кенг нишонлаш дунё мамлакатлари тажрибасида йўқ. Айниқса, жорий йилги айёмларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган улкан воқеликларни алоҳида таъкидлаш керак: Рамазон ойида 1 триллион 100 миллион сўм, Қурбон ҳайитида 700 миллиард сўм маблағ хайрия ишларига йўналтирилди.
Диний соҳа ходимларига бугунгидек эътибор, ижтимоий, моддий қўллаб-қувватлаш илгари кузатилмаган эди. Айниқса, 15 уламонинг Имом Бухорий ордени билан мукофотланиши тарихий воқеа бўлди.
Имом-хатибларимиз хорижий тажриба алмашиш ва малака ошириш учун чет давлатларга бормоқда. Хусусан, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Европа мамлакатлари, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Туркия, Жанубий Корея сингари давлатларда малака ошириш курслари, Қуръони карим хатмлари, диний-маърифий суҳбатларда иштирок этмоқда. Албатта, бундай юксак эҳтиром ва кенг имкониятлар қалбларимизда чексиз шукроналик туйғусини уйғотади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда этишни ваъда қилиб, бундай марҳамат қилади:
“Ва Роббингиз сизга: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).
Ушбу илоҳий ваъдага мувофиқ, тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, юртимизда амалга оширилаётган хайрли ва эзгу ишларга шукроналик келтириш неъматларнинг бардавом ва янада зиёда бўлишига сабабдир. Зотан, шукр фақат тилда эмас, балки меҳр-оқибат, саховат ва эзгу амалларда намоён бўлиши билан ўз маъносини топади.
Буюк саодатнинг ифодаси
Мамлакатимиздаги очиқлик сиёсати натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ислом олами билан алоқалари ривожланмоқда. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик мустаҳкамланди. Туркий давлатлар муфтийлари кенгаши, Абу Даби тинчлик форуми, Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши, Исломий фиқҳ академияси, Ислом олами уюшмаси, Подшоҳ Салмон номидаги Ҳадиси шариф академияси ва Халқаро ислом фиқҳи академияси каби нуфузли ташкилотлар шулар жумласидан.
Яқинда мамлакатимизда I халқаро ислом цивилизацияси форуми ўтказилди. У бутун дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратди. Форум доирасида кўплаб нуфузли олимлар, уламолар юртимизга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг шоҳиди бўлди.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккир алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш юзасидан 600 дан ортиқ китоб, монография, рисола, роман нашр қилинди.
Умуман олганда, инсон қадрини улуғлашга қаратилган халқпарвар сиёсат аҳолининг турмуш сифатини янада ошириш, илгари адашган йўлидан қайтиб, соғлом ҳаёт кечириш йўлини танлаган шахсларни афв этиш каби савобли ишларда намоён бўлаётир.
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилган истиқлол шарофатидандир. Тикланган маънавий қадриятлар, кенг очилган эътиқод имкониятлари янги Ўзбекистонда инсон қадри нақадар юксак даражага кўтарилганининг ёрқин мисолидир. Бу ишлар маърифат, бағрикенглик ва эзгулик тамойиллари атрофида бирлашган халқимизнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлайди.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таълимотларида инсон учун энг улуғ саодат тинчлик-осойишталик, тансиҳатлик ва хотиржамлик эканини алоҳида таъкидлаганлар:
“Сизлардан ким аҳли-оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бор ҳолда тонг оттирса, гўёки унга бутун дунё тўлалигича берилибди” (Имом Термизий ривояти).
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва эмин-эркинлик мана шундай улуғ саодатнинг амалий ифодасидир.
Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз истиқлолини абадий, тинчлигимизни барқарор айласин! Юртимиз ривожи ва халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган Президентимиз ва барча мутасаддиларга куч-ғайрат, мустаҳкам соғлиқ ва улкан зафарлар ёр бўлсин. Эл-юртимиз аҳил-иноқлиги, хонадонларимизнинг қут-баракаси ҳеч қачон аримасин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени соҳиби