Римда мамлакатимиз элчихонаси, Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик хизмат бюроси ва “Samo travel” сайёҳлик компанияси ҳамкорлигида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Тадбирда Италиянинг 30 дан ортиқ етакчи сайёҳлик агентликлари вакиллари қатнашди.
Учрашувда иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Италиядан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони ортиб бораётгани таъкидланди.
Италия пандемиядан олдин Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони бўйича Европада биринчи ўринда эди. 2019 йилда ушбу мамлакатдан 20 450 киши келган. 2022 йили Италиядан Ўзбекистонга 9516 нафар сайёҳ келган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 25 минг 592 нафарни ташкил қилгани қайд этилди.
Мамлакатимизнинг туризм имкониятларига бағишланган видеофильмлар тақдимоти ва намойиши бўлиб ўтди.
Тадбир давомида иштирокчиларга рисолалар, флайерлар ва Ўзбекистоннинг туристик хариталари тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўқув йили тугаб, ота-онани зиёрат қилиш, уларнинг хизматига бориш вақти келгач, дарслар тугаб, имтиҳонлардан фориғ бўлгач, «Энди бутунлай бўшман, илмдан фориғ бўлдим», деб тасаввур қилманг. Ота-онанинг хизматида бўлиб, дуоларини олинг. Таътил пайти ҳам сиз учун муҳим бир вақт ҳисобланади.
Ота-онангиз, ака-укангиз, опа-синглингиз, қариндош-уруғларингиз нималарни ўрганганингизга, одобингиз қандай бўлганига қизиқишади. «Ўғлимиз нималарни ўрганиб келди экан-а, устозларидан нималарни таълим олди экан» деб, ҳавас кўзлари билан қарай бошлашади. Ана шунда сиз уларни одобингиз, камтарлигингиз, хизматингиз билан хушнуд қилсангиз, нафақат ўзингизни, балки устозларингизни, нафақат устозларингизни, балки Ислом динини ҳам барчага севдирасиз.
Бунинг натижаси ўлароқ одамларда дин илмига рағбат ошиб, улар ҳам фарзандларини аҳли илм қилишга, қори қилишга шошиб қоладилар. Аксинча, намозлар қазо бўла бошласа, хулқ-атвор ёмон бўлса, «Бу бола ўқиб юриб шу аҳволда бўлса, бундан кўра ўқимаганимиз яхши экан», дейишади. Одамларнинг илм олишдан ҳафсаласи пир бўлади, устозларни ҳурмат қилмай қўйишади. Бу ҳолатда динга фойдангиз эмас, зарарингиз кўпроқ тегади. Бундай толиби илмлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин!
Бир нарсани яхши билиб олинг: сиз маконлар, ҳолатлар ўзгариши билан ўзгариб қолаверманг. Ҳолатлар сизни ўзгартирмасин, сиз ҳолатларни ўзгартиринг. Доимо истиқоматда бўлинг, сабот билан туринг. Аллоҳ таоло ҳар ҳолатда ҳам сизни кўриб турганини асло ёдингиздан чиқарманг.
«Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?» китобидан