Шукрки, юртимиз кўркига кўрк қўшаётган масжидларимиз сони кун сайин кўпаймоқда. Ана шундай обод, уч асрлик тарихга эга масканлардан бири “Мойбулоқ” жомесидир.
Каттақўрғон туманида жойлашган мазкур масжидда “Мойбулоқ” ва “Қоқсой” маҳаллалари аҳолиси тоат-ибодат қилишади.
XVIII асрга оид масжид дастлаб хонақоҳ бўлган. 1936 йилда ҳашар йўли билан қайта қурилган. 1990–1992 йилларда эскирган жоме биноси қайта таъмирланиб, 100–120 нафар намозхонга мўлжаллаб кенгайтирилган. 2013 йилда қўшимча 120 ўринли хонақоҳ қурилди. Намозхонлар сони кўпайиши туфайли масжид биносини кенгайтиришга 2019 йил баҳорида киришилган бўлса, 2023 йил Рамазонда 3000 ўринли жоме қад ростлади.
1936 йили қишлоғимизга Бухоро амирлигидан Ҳусайн Эшон бобо имомлик қилиш учун жўнатилган. Эшон бобонинг еттинчи авлоди бўлган Шерхон Ибодов 1957–1975 йилларда масжидимизда имомлик қилган. 1976–2021 йилларда масжидга Қўлдош Бадалов, Мардон Очилов, Сулаймон Тўраев, Камолиддин Жиянов, Мансур Маликов каби домлалар имомлик қилган. 2021 йилдан бу шарафли ишни Суннатилла Ҳакимов бажариб келмоқда.
Аллоҳнинг уйлари ободлигига ҳисса қўшаётган ҳар бир мўмин-мусулмонни Раббимиз Ўзи ваъда қилган мукофот билан сийласин. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким Аллоҳ учун масжид бино қилса, Аллоҳ унга жаннатда уй бино қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Хушмамат УМАРОВ,
Каттақўрғон тумани
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд яна хайрли ташаббуслар ва самарали ҳамкорлик майдонига айланди. Шу йил 18 ноябрь куни буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасида ўтган XIV «Global Waqf» халқаро анжумани доирасида вақф тизимини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим учрашувлар ва расмий келишувлар амалга оширилди.
Музокараларнинг энг муҳим натижаси сифатида «Вақф» хайрия жамоат фонди, Малайзиянинг Халқаро Вақф Фаолияти Кенгаши (iWAQF) ҳамда Малайзия Халқаро Ислом Университети (IIUM) ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат вақф соҳасида таълим ва илмий-амалий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, академик алмашинувни йўлга қўйиш, махсус ўқув модулларини яратиш ва малакали кадрлар тайёрлашга кенг йўл очади.
Шу билан бирга, Зайниддин домла Эшонқулов Бирлашган Араб Амирликларининг Ислом ишлари, вақфлар ва закот бўйича Бош ваколатли органи делегацияси ҳамда Туркия Диёнат вақфи вакили Салмон Оқтош билан икки томонлама мулоқотлар ўтказди. Самимий учрашувларда вақф мулкларини замонавий усулларда самарали бошқариш, хайрия фаолиятини такомиллаштириш ва келгусидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан аниқ фикр алмашилди.
Халқаро мулоқотлар аҳамиятига тўхталган Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Арҳан Шоҳ Анвар илгари Малайзия, Туркия ва Марокашда ўтказилган ушбу конференция бу гал Самарқандда ташкил этилганидан мамнунлигини билдирди. У Президент фармони билан юртимизда ислом молияси жорий этилаётган даврда мазкур анжуман икки ҳафта аввал ўтган Самарқанд ислом молияси конференциясининг мантиқий давоми эканини, хорижий тажриба алмашинуви эса уммат равнақи ва Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилишини эътироф этди.
Учрашувлар якунида томонлар эсдалик совғалари алмашиб, хорижий делегациялар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдилар ҳамда буюк муҳаддиснинг илмий-маънавий мероси ва мажмуадаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати