ILYOSXON SOBITOV
Uychi tumani "OBID QORI"
jome masjidi imom xatibi
Бугун, 24 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида “Ислом молияси ва вақф: Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари ва истиқболлари” мавзусида халқаро экспертлар ва давлат ташкилотлари вакиллари иштирокида кенг қамровли танишув семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда Дин ишлари буйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси Зайниддин домла Эшонқулов, Ислом Тараққиёт банки вакили Ҳусан Ҳасанов ва бошқалар сўзга чиқишди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда ислом молиявий инструментларини жорий этиш учун муҳим ҳуқуқий қадамлар қўйилмоқда. Хусусан, микромолия ташкилотлари томонидан исломий усулда хизмат кўрсатишга рухсат берилгани, лизинг (ижара) ва шерикчиликка асосланган молиялаштириш тизими кенгаяётгани юртимизнинг ушбу соҳада катта салоҳиятга эга эканлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси (ХИКОР) каби халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда маҳаллий тижорат банклари орқали тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Семинар давомида соҳа экспертлари ислом молиясининг анъанавий банк тизимидан туб фарқлари ва афзалликларини илмий асослар билан кўрсатиб беришди.
Анжуманда қайд этилганидек, бугунги кунда анъанавий кўчмас мулк вақфларидан ташқари, пул вақфлари (cash) ва корпоратив вақфлар дунёда юқори самара бермоқда.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистонда вақф тизимининг ҳуқуқий ва иқтисодий моделларини яратиш истиқболлари белгилаб олинди. Мамлакатимизда фаолият юритаётган "Вақф" хайрия жамоат фонди тажрибасини янада кенгайтириш, вақф мулкларини самарали бошқариш орқали толиби илмлар учун таълим грантларини таъсис этиш, ижтимоий тадбиркорликни ривожлантириш ва кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича янги стратегиялар ҳақида ҳам сўз борди.
Якунда иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда Ислом молияси ва вақф тўғрисидаги қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ҳамда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати