Саудия Aрабистони расмийлари ўтган ҳафтада муқаддас қадамжоларга ташриф буюриш бўйича статистика билан ўртоқлашди.
Мамлакатнинг Икки масжид масжиди ишлари бўйича бош бошқармаси маълумотига кўра, ўтган ҳафтада 5,9 миллиондан ортиқ зиёратчи Пайғамбаримиз масжидига ташриф буюрган, деб ёзади “IslamNews” “Abna” нашрига таяниб.
Статистикага кўра, Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васаллам қабрларини 598.939 киши зиёрат қилган. Равзаи Шарифда 254 209 нафар киши намоз ўқиган. Жумладан, ҳафта давомида 9 172 нафар кекса зиёратчи ва имконияти чекланган инсонлар Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам қабрини зиёрат қилди.
157 464 нафар зиёратчи хорижий тиллардан таржима хизматларидан фойдаланган бўлса, 12 884 нафари маълумот олиш учун масжид кутубхонасига мурожаат қилган. Шунингдек, зиёратгоҳ меҳмонларига 180 мингдан ортиқ идишда замзам суви тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Сулаймон ибн Аюб раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен ўн йилдан кўпроқ вақт давомида илм ўрганиш ва Қуръонни ёд олишга ҳаракат қилсам-да, Фотиҳа сурасини тўғри ўқий олмасдим. Бу ҳолат менга оғир эди. Ҳатто устозим ҳам мендан умидини узган эди.
Ёлғиз қолганимда саждага бош қўйиб йиғлаб, дуоларимда Аллоҳ таолодан тилимни бурро, хотирамни ўткир қилишини ҳамда қалбимдаги ғашликни кетказишини сўраб илтижо қилардим.
Солиҳ инсонлардан бирига ҳолимни баён этдим. У мендан: Ота-онанг борми? - деб сўради.
Мен: Ҳа, онам бор, - деб жавоб бердим.
У: Онангга яхшилик қиласанми? – деб сўради.
Мен: Ҳа онамнинг хизматларини бекаму кўст бажараман, – дедим.
Шунда солиҳ киши менга: Онангни олдига бориб, ундан Қуръони каримни ёд олишинг ҳамда фақиҳ бўлишинг учун дуо қилишини сўра, – деди.
Мен уйга бориб, бу гапларни онамга айтдим. Волидам ярим тунда намоз ўқиди, ҳаққимга хайрли дуолар қилди. Сўнгра саҳарлик қилиб, Аллоҳ учун рўза тутди.
Тонг отиши билан онамнинг дуолари қабул бўлди. Худди булутлар тарқагач қуёш чарақлагани сингари ақлим ҳам ёришиб, қувваи ҳофизам кучайганини ҳис этдим.
Шу тариқа мен зеҳни ўткир ва илмли инсонга айландим. Онамнинг дуоси баракотидан Қуръон ва ҳадисни пухта ўзлаштириб, илму-ҳикмат денгизида суза бошладим. Ниҳоят, кучли имомга айландим”.
Ким бирор мақсадини амалга оширишда қийналса, аввало, Аллоҳ таолога таяниш баробарида ота-онасининг дуосини олсин!.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг
“Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар” китоби асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.