Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.
Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.
Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.
Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.
Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?
Бу йил (2025) Зулқаъда ойининг биринчи куни 29 апрель кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.
Қуръони каримда Зулқаъда ойи...
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Тавба сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?
Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.
Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.
Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.
Инсонларга зулм қилманг.
Ғазабингизни ютишга одатланинг.
Зуҳо намозини ўқинг.
Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.
Нафл рўзаларни тутинг.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳамду сано оламлар Парвардигори, биз яшираётган ва ошкора қилган нарсаларимизни билувчи Аллоҳ таолога бўлсин. Ундан ҳеч нарса махфий эмас — ерда ҳам, осмонда ҳам. Уни шукр ва ҳамдлар билан ёд этамиз. Кимки ўз айблари билан машғул бўлса, бошқаларнинг айбларига қарамайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салому дуолари бўлсин.
Эй мусулмонлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва ўзингизни ғийбат ва чақимчилик ҳалокатига ташламанглар. Чунки бу икки иллат биродарлик алоқалари ва исломий бағрикенглик учун катта хавф солувчи, жирканч сифатлардандир. Улар қайси жамиятда кенг тарқалса, ўша жамиятнинг бирлиги парчаланади, диллар орасида муҳаббат ўрнига адоват пайдо бўлади, душманга қарши мададсиз қолинган бўлади.
Чақимчилик — бир одамнинг гапини бошқасига етказиб, улар ўртасини бузишга ҳаракат қилишдир. Бу иллат қанча фалокатлар келтириб чиқарган, қанча дўстликни парчалаган, муҳаббатни нафратга айлантирган! Шундан келиб чиқиб уламолар буни сеҳр деб атаганлар.
Чақимчиликдан сақланайлик! У пасткаш инсонларнинг одатидир. У ёмонликларни тарқатади, сирларни фош қилади, катта исёнларга сабаб бўлади. Кимки сизга чақимчилик қилса, билингки, у сиз ҳақингизда ҳам бошқаларга чақимчилик қилади.
Ғийбат — биродарингизни уни йўқлигида ўзининг ёқтирмайдиган нарсалари билан тилга олишдир — унинг хулқи ёки қиёфаси ҳақида бўлса ҳам. Ҳатто ўша нарса унда ҳақиқат бўлса ҳам, бу — ғийбат. Агар унда бўлмаса, бу туҳмат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғийбат ҳақида сўралганда: Ғийбат — биродарингизни у ёқтирмайдиган ҳолатда тилга олишингдир, дедилар. — Агар мен айтганим у кишида бўлса-чи? — деб сўралди. — Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилгансан. Агар бўлмаса, унга туҳмат қилгансан, — дедилар.
Ғийбатдан сақланайлик! Бу гуноҳни кичик деб билмайлик. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафия онамиз ҳақида бир сўз айтганлар, яъни — “У пакана”, деганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ҳозир шундай сўз айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирсанг, уни булғашга етар эди!”, деганлар.
Ғийбат ва чақимчилик — қабр азобининг сабабларидандир. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Мени меърожга олиб чиқишганида, тирноқлари мисдан бўлган инсонларни кўрдим, ўз юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Жаброилдан сўрадим: “Булар кимлар?” Жаброил: “Булар инсонларнинг гўштини еганлар ва уларнинг шарафларига тажовуз қилганлардир”, дедилар».
Бошқа мусулмонларнинг обрўларини ҳурмат қилайлик! Расулуллоҳ алайҳиссалом Хажжатул Вадоъда: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз — бир-бирингизга ҳаром, бу кун, бу ой, ва бу шаҳарингизнинг ҳурмати каби” деб айтдилар.
Аллоҳ бундай дейди: “Албатта, мўминлар орасида фаҳш ишлар тарқалишини хоҳлайдиганларга дунё ва охиратда аламли азоб бўлади. Аллоҳ билади, сизлар билмайсизлар”.
Аллоҳ таоло бизларни Қуръони карим ва Расулининг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ