Саудия Aрабистони Ички ишлар вазирлиги Ҳаж тартиб-қоидаларини бузганлар қаттиқ жазоланишини маълум қилди.
Белгиланган муддатда Маккада, “Масжид ал-Ҳаром” атрофи, зиёратгоҳлар, Русайфа шаҳридаги Ҳарамайн бекати, хавфсизликни назорат қилиш марказлари, саралаш марказлари ва вақтинчалик хавфсизлик назорати марказларида Ҳаж тартиб-қоидаларини бузган қироллик фуқаролари, аҳолиси ва меҳмонлари 10 000 Саудия рияли ёки 2 666 AҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилади..
Қоидабузарлар ўз ватанларига депортация қилинади ва Қиролликка қайта киришлари тақиқланади. Бу ҳақда “Saudy press” агентлигига таяниб “Arabnews” хабар бермоқда.
Ички ишлар вазирлиги қоидабузарлар ҳар бир қоидабузарлик учун яна 10 минг СР миқдорида жаримага тортилишини айтиб, зиёратчилар ўз маросимларини хавфсиз ва қулай тарзда бажаришлари учун Ҳаж тартиб-қоидаларига риоя қилиши муҳимлигини таъкидлади.
Ҳаж ва Умра вазирлиги зарур рухсатномаларсиз ҳаж қилиш ноқонуний эканлигини ва 50 минг Саудия риёли миқдорида жаримага олиб келишини таъкидлади. Бундан ташқари, тегишли рухсатномасиз зиёратчиларни олиб кетаётганда ушланганлар ҳам 50 000 СAР (13. 330 АҚШ доллари) гача жаримага тортилади.
“Ислом пойтахти” интернет ресурсига кўра, фойдаланилган транспорт воситасини мусодара қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилади ва жиноятчи муҳожир бўлса, қамоқ жазосини ўтаб бўлгач, депортация қилинади. Ноқонуний ташилган одамлар сонига қараб жарима миқдори ортиб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
27 август куни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан диний-маърифий соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган фидойи юртдошларимизни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов кириш сўзи билан иштирок этди.
Кириш нутқида мамлакатимизда мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги йилларда диний-маърифий соҳани ривожлантириш, жамиятда тинчлик-тотувлик, миллатлараро ҳамжиҳатлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, соҳада фаолият юритаётган уламолар, имом-хатиблар, мударрислар ва фидойи ходимларнинг муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидланди.
Тантанали тадбир давомида диний-маърифий соҳада кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб, юртимизда маънавий барқарорликни таъминлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида маърифий тушунтириш ишларини олиб боришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фидойи юртдошларга "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги" эсдалик нишонлари тантанали равишда топширилди.
Эсдалик нишонларини топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдуҳаликов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъул ходими Орифхон Зокировлар иштирок этдилар.
Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, мазкур эсдалик нишони мамлакатимиз тараққиётига, унинг тинчлиги ва барқарорлигига, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонларга билдирилган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир.
Тадбир якунида тақдирланганлар ўзларига билдирилган юксак ишонч ва эътибор учун миннатдорлик билдириб, мамлакатимиз тинчлиги ва равнақи йўлидаги эзгу фаолиятларини янада сидқидилдан давом эттиришларини таъкидладилар.
Барча мукофот соҳибларини самимий муборакбод этамиз!
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати