Саудия Aрабистонининг муқаддас масканларида юқори технологияли иқлим назорати тизими ўрнатилган бўлиб, улар йил давомида зиёратчилар ва қироллик меҳмонлари учун қулай шароит яратиш имконини беради.
Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий ҳудудида йилнинг исталган вақтида ҳаво ҳарорати 20 дан 24 даражагача сақланади. Ёз ойларида ҳавони совутиш ва тозалаш тизимининг барча қурилмалари оптимал ҳарорат оралиғини сақлаш учун максимал қувватда қўлланилади, деб ёзади, “IslamNews” сайти “ Asharq al-Awsat ” нашрига таяниб.
Тоза ҳаво оқими Масжидул Ҳаром томидан тизимга тортилади ва кўп босқичли тозалаш жараёнидан ўтади. Юқори технологияли фильтрлар чанг зарралари ва бошқа ифлослантирувчи моддаларни самарали равишда йўқ қилади ва ультрабинафша ҳаво стерилизацияси ҳам қўлланилади. Тизим, шунингдек, ҳаво намлигининг керакли даражасини ҳам сақлайди.
Иқлим назорати тизими саудиялик муҳандислар ва техниклардан иборат бир нечта жамоалар томонидан бошқарилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Биз томонларда қаттиқ ёмғир ёғиб, Жума ва икки ҳайит намозларида одамлар ташқарида намоз ўқий олмай, масжид ичига тиқилиб кетади. Суннатни алмашиб ўқиб олишади, аммо фарз намозда бунинг имкони йўқ-ку. Бу ҳолатда қандай йўл тутилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу каби узрли ҳолларда яъни саволда зикр қилинганидек, Жума ва икки ҳайит намозларида орқадагилар олдинги сафдаги намозхонларнинг белларига сажда қилиб, намозни адо этсалар бўлади.
Бунинг кайфияти шундай: Аввалги сафдагилар одатдагидек руку ва сажда қиладилар. Уларнинг орқасидагилар эса, рукуда имкон қадар эгиладилар, сўнг саждада олдинги сафдаги одамларнинг орқа белларига бошларини қўйиб, сажда қиладилар. Фарзни шундай ўқисалар, суннатларни саволда айтилгандек алмашиб ўқиб олаверадилар. Чунки белга сажда қилиш зарурат туфайли жоиз бўлади. Суннат намозни ўқишда эса, бундай зарурат бўлмайди.
Бундан ташқари, бу каби узрли ҳолатларда олдиндаги одамнинг оёқлари устига ёки ўзининг сонига ҳам сажда қилиш мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.