Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ташаббуси билан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг машҳур “Бобурнома” асари араб тилида қайта нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Бу асар илк бор араб тилига 2013 йилда Қоҳирадаги “Аъйн аш- Шамс” университети профессори Магда Махлуф томонидан таржима қилинган.
Китоб қаттиқ муқовада, юқори сифатли қоғозда, 1000 нусхада Яқин Шарқ минтақасидаги энг йирик нашриёт “Дор ал-Маариф”да чоп этилган. Араб тилидаги “Бобурнома” китоби йирик университетлар, кутубхоналар, Қоҳирада аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, Миср ва бошқа араб давлатларининг профессор-ўқитувчилари, тарихчи олимлари ўртасида тарқатилади.
Шунингдек, китоб Бобур номидаги халқаро жамоат фонди, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, мамлакатимиз Халқаро ислом академияси, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳадя тариқасида тарқатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати.
Аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг олий мезони ва халқимизга хос азалий қадрият эканлигининг далолатидир.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида хизмат қилиб, нафақага чиққан бир гуруҳ фахрийлар ҳолидан хабар олинди.
Зиёрат давомида Диний идора тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, ёшларга ибрат бўлган устозлар уйларига борилиб, уларга эҳтиром билдирилди. Ҳадялар улашилди.
Шу билан бирга, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Абдурашид қори Баҳромов, Усмонхон домла Алимов, Абдураззоқ ҳожи Юнусов, Анвар қори Турсунов каби марҳум улуғларимизнинг хонадонларига борилиб, оила аҳллари ҳолидан хабар олинди.
Шунингдек, бундай тадбирлар жойлардаги вакилликлар томонидан ҳам амалга оширилиб, ҳеч ким эътибордан четда қолмади. Бундай тадбирлар орқали Ислом динида ўтганлар хотирасига эҳтиром, тирикларни қадрлаш, устозлар ўгитларидан баҳраманд бўлиш каби хайрли анъаналар бардавом бўлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати