Машҳур спортчи Майк Тайсон узоқ вақтдан бери боғлиқ бўлган бокс олами ва оммавий жанжаллардан узоқда бўлган ҳолда ўзининг шахсий ўзгариши тафсилотлари билан ўртоқлашди.
PBD подкастида томошабинларнинг саволларига жавоб берар экан, Тайсон ўзининг диний-маънавий қараши уни қандай ўзгартиргани билан ўртоқлашди. Рингда ўзининг портловчи кучи ва тажовузкорлиги билан машҳур бўлган собиқ оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони энди таниб бўлмас даражада у ибодат ва тўғриликка қаратилган ҳаёти ҳақида камтарлик билан гапиради, - деб ёзади “IslamNews” Марcа нашрига таяниб.
“Мен ҳаётда ўзингдан буюкроқ нарсага сиғинишинг кераклигини билиб олдим”, деди у. “Мен фақат ўз-ўзига сиғинишни билардим, чунки менга доим ўзимга ишонишимни айтишарди, лекин мен билан Aллоҳ ўртасидаги алоқа бор. Бу мен кимман тушунчасига таяниб фикр юритишимдир”.
“Шундай қилиб, ҳаётда мен буюк одам эмас, балки яхши инсон бўлишни хоҳлардим. Ва бу менинг тушунчамга айланди, тўғри маънода ишлатилса, яхшилик буюкликдан анча устундир”.
Тайсоннинг Исломга йўли қамоқ жазосини ўтаётганда ҳаётидаги нотинч даврда бошланган. Христиан оиласида тарбияланган боксчи исломни қабул қилганидан кейин жиддий ўзгаришларни бошидан кечирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Оилалиман, 2 нафар фарзандим бор. Турмуш ўртоғим эҳтиёжларим, касал бўлсам дори-дармоним учун пул бермайдилар. Болаларимизни эҳтиёжлари учун бериб турадилар, холос. Ўзим ишлайман, “ишлаб топган пулингни ҳаммасини менга беришинг керак, чунки Хадича онамиз ҳам ҳамма пулларини Расулимиз алайҳиссаломга берганлар” дейдилар доим. Эътироз билдирсам, “менга итоатсизлик қиляпсан” дейдилар.
Яқинда шу масалада жанжаллашиб қолганимиздан кейин пулимни ярмини олиб, ўзимда қолган ярмини рўзғорга ишлатишимга мажбурлаяптилар. Бизнинг вазиятимизга шариатда қандай изоҳ берилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таоло оилада эркакни раҳбар этиб тайинлаб, унинг зиммасига қўл остидагиларнинг: аёли ва фарзандларининг нафақасини юклаб қўйган. Аёлнинг топаётган пулида на эрнинг ва на қайнонанинг ҳақи бор, уни зулм қилиб олиб қўйишга мутлақо ҳақи йўқ. Агар ўзи рози бўлиб берса, олиши мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мусулмон кишининг моли бошқага ҳалол эмас, фақатгина ўзи рози бўлиб, кўнглидан чиқариб берсагина, ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Хадийжа розияллоҳу анҳо онамиз бутун молу жонини Сарвари олам бўлган турмуш ўртоқларига инъом этганлар, яъни ўз ихтиёрлари билан берганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом тортиб ёки талаб қилиб олиб қўймаганлар. Нафақат Хадийжа онамиз, балки у зотнинг атрофидаги барча саҳобалар у зотни жонларидан ортиқ яхши кўрганлар ва борини беришга шай турганлар.
Шариатимиз ҳар бир шахсга молиявий мустақиллик берган. Эр топган пулини ўзи истагандай сарфлаши ва бунга на аёли ва на бошқа одамлар тўсқинлик қилишга ҳақи йўқ бўлгани каби, аёлнинг ҳам шахсий маблағидаги тасарруфи ўз қўлида бўлади. Фақатгина фойда-зарарни билмайдиган ақли заиф тоифаларгина бундан мустасно. Уларнинг тасарруфини валийлари олиб боради.
Аммо юқоридаги гаплардан аёл топганини ҳеч кимга бермаслиги, фақат ўзи ишлатиши керак экан, деган хулоса чиқмайди. Ўз ихтиёри билан эрига, фарзандларига ёки бошқаларга ҳадя қилиши мумкин ва бу учун албатта, ажр олади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг аёллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эримга садақа қилсам бўладими?” – деб сўраган ва у зот алайҳиссалом: “Ҳа”, деб жавоб берганлар. Яъни саҳобия аёллар эрларига садақа, ҳадя қилиб турганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга: “Ўзаро ҳадялашинглар, ўртада муҳаббат пайдо бўлади”, деб айтмаганлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, оила эр-хотин ўзаро бир-бирларини тушунишлари, ҳурмат қилишлари ва ўз бурчларини муҳаббат билан адо этишлари лозим. Ана шунда оилавий ҳаёт саодатли давом этади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.