بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العالمين و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين
لا حول و لا قوة إلا بالله
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуёш чиқадиган кунларнинг яхшиси жума кунидир. Унда Одам яралди, шу кунда жаннатга киритилди, шу кунда ундан чиқарилди” (Имом Муслим ва Термизий ривоятлари).
Термизий ривоятининг давомида: “Соат” (қиёмат) ҳам жума кунидагина қоим бўлур” дейилган.
“Бизлар охиргилармиз. Гарчи ҳар бир умматга Китоб биздан аввал берилиб, бизларга улардан кейин берилган бўлса-да, қиёмат кунида бизлар ўзиб кетгувчилармиз. Кейин Аллоҳ бизларга фарз қилган ушбу кундирки, Аллоҳнинг Ўзи бизларни унга ҳидоят қилгандир. Бу бўйича инсонлар бизларга эргашувчилардир. Яҳудийлар эртанги куни, насоролар унинг эртасига” (Имом Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло жума кечасида бутун Ислом аҳлини мағфират қилур”, деганлар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жума кечасининг барчасида Аллоҳ таоло Ўз халқига уч бора назар солур ҳамда Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаганларни мағфират қилур” деганлар.
Эътиборлиси шундаки, бу ҳадислар “Қадр” сурасининг тафсирида кечаларнинг улуғи қадр кечасими ёки жума кечасими, деган мубоҳасада келтирилган. Гарчи жумҳур уламолар қадр кечаси афзал деса-да, яна бир тоифа олимлар жума кечсининг улуғроқ эканига далиллар келтирганлар.
Хусусан, (“Қадр кечаси минг ойдан яхшидир”) дейилганда ўша тоифадаги уламолар “жумаси бўлмаган минг ойдан яхши” деб тафсир қилганлар (Олусийнинг “Руҳул маъоний” тафсири).
Биз кечаларнинг қай бири улуғлиги ҳақида мунозара қилмоқчи эмасмиз, лекин шундай мубоҳаса борлигининг ўзи жума кунининг нақадар улуғлигига далил эмасми?
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ,
Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди ходими.
Иордания сафари мобайнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Иордания бош муфтийси Аҳмад Иброҳим Ҳасанот жаноблари билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари самараси ўлароқ, барча соҳалардаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётгани, хусусан, малака ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, диний таълим ҳамда фатво ишлаб чиқиш йўналишларида салмоқли натижаларга эришилаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ҳамда Иордания Фатво уйи ўртасида қўшма илмий ҳайъат ташкил этилгани, мазкур ҳайъат замонавий долзарб масалалар юзасидан фатволар ишлаб чиқиш ва илмий таҳлиллар ўтказиш борасида салмоқли натижаларга эришаётгани эътироф этилди.
Аҳмад Ҳасанот Ўзбекистон буюк аллома ва мутафаккирлари билан бутун дунёга машҳур экани, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний ва Қаффол Шоший каби буюк алломалар мероси билан нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунё мусулмонлари фахрланишини эътироф этди.
Иордания Бош муфтийси шу кунларда Аммон шаҳридаги нуфузли ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда подшоҳликнинг миллий кутубхоналари ҳамда етакчи университетларида «Янги Ўзбекистон китоб бурчаклари» ташкил этилганини алоҳида мамнуният билан таъкидлади.
Ушбу маърифат масканларида Давлатимиз Раҳбарининг араб тилига таржима қилинган асарлари ҳамда юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган китоб-альбомлар тақдимотлари ўтказилгани халқларимиз ўртасидаги маданий-маърифий ришталарни янада мустаҳкамлашига хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Иордания жамоатчилиги вакиллари, зиёлилар, илм-фан намояндалари, уламолар ҳамда дин ва давлат арбоблари иштирокида «Янги Ўзбекистон феномени»нинг 10 йиллигига бағишланган халқаро анжуман-тақдимот долзарб аҳамиятга эга эканини билдирди.
Учрашув якунида Давлатимиз Раҳбарининг араб тилига таржима қилинган «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон», «Ватан ва халқ ҳақида ўйлар», «Динлараро мулоқот ва бағрикенглик» каби асарлари ҳамда Янги Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотларга бағишланган китоб-альбомлар Иордания фатволар марказига тақдим этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати