Миссионерлик сўзи лотинчадан олинган бўлиб “missio” “юбориш”, “вазифа топшириш”, “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик ҳаракатлари бугун пайдо бўлган эмас, балки Рим қўшинлари билан бирга юриб, босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида христианликни тарғиб қилган кишиларнинг фаолияти замонавий миссионерликнинг илк кўринишлари эди. Бундан ташқари 400 – 500 – йилларда миссионерлар Африкада мустаҳкам ўрнашиб олдилар ва у ерларда масиҳий қиролликлар пайдо бўла бошлади.
ХI – XIV асрларда Рим Папаси бошчилигида “Муқаддас Ер”, яъни Қуддус шаҳрини озод этиш баҳонасида амалга оширилган, аслида босқинчилик, сиёсий ўйинлар бойлик орттиришга қаратилган урушлар, “Салб юришлари” дан кўзланган асосий мақсадлар миссионерликдан бошқа мақсад бўлмаган. Улар тарихда энг ваҳший ишларни айнан шу ерда амалга ошириб, насронийликни қабул этмаганларни қиличдан аёвсиз ўтказганлар.
Миссионерлик бугун сертармоқ соҳа ҳисобланиб, улар кириб бормаган жабҳа ва фаолият юритмаётган мамлакат деярли дунёда қолмаган. Улар ўз ҳукуматлари томонидан моддий ёрдам олиб туриб, маблағларини аниқ йўналтирилган моддий ва маънавий босқинчилик сиёсатларига ишлатадилар. Шуни унутмаслик керак бўладики, улар ҳамон қадимги бузғунчилик мақадларида бардавом бўлиб бормоқдалар. Шунингдек, эркин тарғибот олиб бориш ва фаолит доирасини кескин кенгайтириш мақсадида кўпгина миссионерлик ташкилотлари, ўз ҳаракатларини халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида амалга оширишда интилаётганларини ортида ўзига хос мантиқ бор, албатта.
Миссионерлар диндорлар эмас, балки моддий манфаатлар йўлидаги сиёсий ўйинчилар, холос. Мақсадлари одамларнинг онгини чалғитиб, эътиқод қилаётган Ислом динидан оғдириб ўзлари югурдаклик қилаётган давлат манфаатлари таъсирига хизмат қилувчи объектга айлантиришдир. Улар ўзларини меҳрибон, самимий инсонлардек, гуёки қўй оғзидан чўп олмагандек, кўрсатишади, пулни вақтни аяшмайди, махсус топшириқлардан ўтишган, саводсиз, моддий жиҳатдан ночор, чорасиз бемор, маънавий қашшоқ, эътиқоди суст каби кишиларни тузоққларига илинтиришга доимо шай турадилар.
Ўзлари тарафга мойиллик ҳосил қилишгач, маҳаллий аҳолининг турли йўллар билан динни ёмонлашга ва мавжуд қонуний ҳукумат ҳақида норозилик уйғотишга интиладилар. Миссионерлар сиёсий мақсадларини амалга оширмоқчи бўлган ўлкаларнинг аҳолиси эътиқод қиладиган динни, урф –одатларини, ижтимоий муаммоларини ўрганишлари учун махсус тадқиқот ўқув марказларига эгадирлар. Сиёсий ва маънавий босқинчилик йўналиши сингдирилган адабиётларни хоҳлаган тилда ва ададда чоп эта оладилар.
Демак, миссионерларнинг асл мақсадлари яширин фаолият олиб бориш натижасида яшаб бораётган аҳолини инжиллаштириш йўли билан уларнинг бирдамлигига путур етказиш, турли ички низоларни келтииб чиқариш орқали мамлакатнинг ривожланишига тўсқинлик қилиш, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан қарам ва тобеъ қилиш билан биргаликда бой табиий заҳираларига эгалик қилишдан иборатдир.
Бизнинг вазифамиз, дунё майдонида ўз ўрнини топаётган Ватанимизни бу каби ғаламислардан ҳимоя этишдир. Бугунги кунда мафкуравий курашлар, интернет ва дунёдаги турли хил нохушликлар авж олган бир даврда фарзандларимизни миссионерлар ва шу каби разиллардан асраб авайлаб, ватанпарвар, иймон эътиқодли, салоҳиятли этиб тарбия бериб боришлигимиз барчамизнинг энг асосий вазифамиз эканлигини унутишга ҳеч биримизнинг хаққимиз йўқ.
* * *
“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”
(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).
Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан