Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Миссионернинг ҳамласи

27.05.2024   5478   3 min.
Миссионернинг ҳамласи

Миссионерлик сўзи лотинчадан олинган бўлиб “missio” “юбориш”, “вазифа топшириш”, “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик ҳаракатлари бугун пайдо бўлган эмас, балки Рим қўшинлари билан бирга юриб, босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида христианликни тарғиб қилган кишиларнинг фаолияти замонавий миссионерликнинг илк кўринишлари эди. Бундан ташқари 400 – 500 – йилларда миссионерлар Африкада мустаҳкам ўрнашиб олдилар ва у ерларда масиҳий қиролликлар пайдо бўла бошлади.

 ХI – XIV асрларда Рим Папаси бошчилигида “Муқаддас Ер”, яъни Қуддус шаҳрини озод этиш баҳонасида амалга оширилган, аслида босқинчилик, сиёсий ўйинлар бойлик орттиришга қаратилган урушлар, “Салб юришлари” дан кўзланган асосий мақсадлар миссионерликдан бошқа мақсад бўлмаган. Улар тарихда энг ваҳший ишларни айнан шу ерда амалга ошириб, насронийликни қабул этмаганларни қиличдан аёвсиз ўтказганлар.

Миссионерлик бугун сертармоқ соҳа ҳисобланиб, улар кириб бормаган жабҳа ва фаолият юритмаётган мамлакат деярли дунёда қолмаган. Улар ўз ҳукуматлари томонидан моддий ёрдам олиб туриб, маблағларини аниқ йўналтирилган моддий ва маънавий босқинчилик сиёсатларига ишлатадилар. Шуни унутмаслик керак бўладики, улар ҳамон қадимги бузғунчилик мақадларида бардавом бўлиб бормоқдалар. Шунингдек, эркин тарғибот олиб бориш ва фаолит доирасини кескин кенгайтириш мақсадида кўпгина миссионерлик ташкилотлари, ўз ҳаракатларини халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида амалга оширишда интилаётганларини ортида ўзига хос мантиқ бор, албатта.

 Миссионерлар диндорлар эмас, балки моддий манфаатлар йўлидаги сиёсий ўйинчилар, холос. Мақсадлари одамларнинг онгини чалғитиб, эътиқод қилаётган Ислом динидан оғдириб ўзлари югурдаклик қилаётган давлат манфаатлари таъсирига хизмат қилувчи объектга айлантиришдир. Улар ўзларини меҳрибон, самимий инсонлардек, гуёки қўй оғзидан чўп олмагандек, кўрсатишади, пулни вақтни аяшмайди, махсус топшириқлардан ўтишган, саводсиз, моддий жиҳатдан ночор, чорасиз бемор, маънавий қашшоқ, эътиқоди суст каби кишиларни тузоққларига илинтиришга доимо шай турадилар.

 Ўзлари тарафга мойиллик ҳосил қилишгач, маҳаллий аҳолининг турли йўллар билан динни ёмонлашга ва мавжуд қонуний ҳукумат ҳақида норозилик уйғотишга интиладилар. Миссионерлар сиёсий мақсадларини амалга оширмоқчи бўлган ўлкаларнинг аҳолиси эътиқод қиладиган динни, урф –одатларини, ижтимоий муаммоларини ўрганишлари учун махсус тадқиқот ўқув марказларига эгадирлар. Сиёсий ва маънавий босқинчилик йўналиши сингдирилган адабиётларни хоҳлаган тилда ва ададда чоп эта оладилар.

 Демак, миссионерларнинг асл мақсадлари яширин фаолият олиб бориш натижасида яшаб бораётган аҳолини инжиллаштириш йўли билан уларнинг бирдамлигига путур етказиш, турли ички низоларни келтииб чиқариш орқали мамлакатнинг ривожланишига тўсқинлик қилиш, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан қарам ва тобеъ қилиш билан биргаликда бой табиий заҳираларига эгалик қилишдан иборатдир.

Бизнинг вазифамиз, дунё майдонида ўз ўрнини топаётган Ватанимизни бу каби ғаламислардан ҳимоя этишдир. Бугунги кунда мафкуравий курашлар, интернет ва дунёдаги турли хил нохушликлар авж олган бир даврда фарзандларимизни миссионерлар ва шу каби разиллардан асраб авайлаб, ватанпарвар, иймон эътиқодли, салоҳиятли этиб тарбия бериб боришлигимиз барчамизнинг энг асосий вазифамиз эканлигини унутишга ҳеч биримизнинг хаққимиз йўқ.

https://imon.uz/news.php?slug=missionerlikning-hamlasi 

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

"Имом Бухорий" ордени — юксак эҳтиром рамзи!

28.08.2026   24308   2 min.

Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.

Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.

Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.

Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.

Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.

Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).

Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.

Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари