Ўзбекистон Республикасининг Ар-Риёддаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нодиржон Турғунов Қироллик вазирлар маҳкамаси маслаҳатчиси, Қирол Салмон номли гуманитар ёрдам маркази бош директори Aбдулла бин Aбдулазиз ар-Рабияни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Учрашувда ҳамкорлик, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари, шунингдек, Оролбўйи минтақасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президентининг 2022 йилда Саудия Aрабистонига расмий ташрифидан сўнг икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янги суратга эга бўлгани таъкидланди. Саудия Aрабистонининг Ўзбекистон билан муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш истаги таъкидланди. Бу борада марказ мамлакатимизда ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни молиялаштириш масаласини кўриб чиқиш ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга тайёр эканини маълум қилди. Саудия томони бошқа соҳаларда ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлигини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорликни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг Aр-Риёддаги элчихонаси вакиллари билан мунтазам музокаралар олиб бориш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Кеча, 6 май куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида “Йилнинг энг яхши ислом тарихи ўқитувчиси” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, вилоят бош имом-хатиби, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов, ҳайъат аъзолари, таълим муассасалари раҳбарлари, педагог-ўқитувчилар иштирок этди.
Мусобақа давомида иштирокчилар 4 та шарт бўйича баҳс олиб борди. Уларнинг чиқишини малакали ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Якуний натижаларга кўра қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўрин: “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Муҳаммадяҳёхон Маҳмудов 1-даражали диплом, “Ҳаж” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан мукофотланди.
2-ўрин: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов, 2-даражали диплом, “Умра” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан тақдирланди.
3-ўрин: Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси Санжар Бердиевга 3-даражали диплом ва замонавий музлатгич тақдим этилди.
Танловнинг қолган 10 нафар иштирокчисига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Айтиш жоизки, ушбу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати