Саудия Арабистонида энг фаол бўлган madina.com, alriyadh.com, al-spa.gov.sa, shahdnow.sa, nabd.com, newsi.gulf, arab.sahafahh.net, 2lkhbr.com каби нашрлар ўзбекистонлик зиёратчиларни Тошкент ҳамда Мадина шаҳарларидаги кузатиш ва кутиб олиш тадбирларида юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилгани ҳақида қатор хабарларни эълон қилди.
Мазкур хабарларда бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ҳамда мутасаддилар Тошкент халқаро аэропортида жам бўлгани ва хайрли дуолар қилинганига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Мадина шаҳрига етиб келган зиёратчиларимизни “Ҳаж – 2024” ишчи гуруҳи раҳбарлари ва мутасаддилар томонидан катта эҳтиром билан кутиб олингани ва уларга илтифотлар кўрсатилгани эътироф этилган. Мазкур хабарда зиёратчилар республикамизнинг 10 та ҳудудий халқаро аэропорти орқали Мадина шаҳрига кузатилаётгани ҳам қайд этилган.
Ушбу араб нашрлари мамлакатимизда Юртбошимиз бошчилигида ҳаж тадбирларига катта эътибор қаратилиб, мўмин-мусулмонларнинг ҳаж арконини мукаммал адо этишлари учун барча имкониятлар ҳозирлангани ва бундан бўлғуси ҳожилар ҳам миннатдор эканига урғу қаратилган.
Маълумот ўрнида, “Ар-Риёз” газетаси 1965 йилда таъсис этилган бўлиб, 52 саҳифали кунлик нашрдир. У 150 000 ададда чоп этилади, alriyadh.com номли сайти эса энг машҳур электрон нашрлардан бири ҳисобланади. Бир кунда ўртача 1,5 млн. киши сайт маълумотларини мутолаа қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Бировнинг телефони ва ундаги маълумотларни рухсатсиз кўриш мумкинми? Чунки баъзан автобус, метро каби оммавий транспорт воситаларида айрим шахсларнинг шундай ишлар қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бировнинг телефонидан унинг рухсатисиз фойдаланиш ёки ундаги маълумотларни ўқиш шаръан тўғри эмас. Бу бировнинг уйига рухсатсиз мўралаш, хатига рухсатсиз қараш кабидир. Зеро, бу ишлар Қуръон ва ҳадисларда ман этилган.
Аммо агар мураббий (ота, устоз ва ҳоказо) қўл остида тарбияланаётган шахснинг тўғри йўлдан оғишидан шубҳа қилса, у ҳолда тарбия мақсадида ўз қўл остидаги шахснинг телефонини текширишига рухсат берилади. Балки улар вақти-вақти билан болалар ва уларга тегишли нарсаларни назорат қилиб туришлари керак, токи улар тўғри йўлдан оғмасинлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази