Ливия ҳукуматининг Вақфлар ва ислом ишлари бўйича бош бошқармаси бошлиғи Aтиф ал-Убайдий Ливияда ўтказилган халқаро 12-Қуръони карим мусобақаси якунида мусулмон бўлганини эълон қилган нигериялик уч ака-укани қабул қилди.
Нигериялик ака-укалар Ислом дини ва унинг бағрикенг таълимотлари ҳақида кўпроқ маълумот олишга бўлган чуқур иштиёқларини изҳор қилди ва мусулмон бўлганларини эълон қилишдан хурсанд эканини билдирди.
Учрашувда ал-Убайдий уларнинг Исломга оид саволларига содда ва равон услубда жавоб берди. Шунингдек, уларга Ливия ҳукумати Бош вазири доктор Усома Ҳаммад тақдим этган совғалар ва бир қанча китоб ва маълумотномаларни топширди.
Ушбу китоблар нигериялик биродарларга Ислом дини ва унинг келиб чиқиши, ибодат ва битимлар, ахлоқ ва унинг асосий устунларини ойдинлаштирадиган бошқа муҳим масалаларни чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
Шу йил 8 май куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасасида вакиллик тасарруфидаги масжид имом-хатиблари ўртасида “Мотуридий таълимоти билимдони” номли интеллектуал беллашув бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир домла Элов кириш сўзи билан очиб, беллашувнинг маънавий, илмий ва тарбиявий аҳамияти ҳақида сўз юритди. Вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Отабек домла Авезовга эса танлов тартиб-қоидаларини тушунтирди.
Беллашув қуйидаги тўрт шарт асосида ўтказилди:
1. Тақдимот шарти
2. Мотуридий таълимоти бўйича савол-жавоб;
3. Диний-маърифий соҳадаги давлат сиёсатига оид савол-жавоб;
Танлов иштирокчилари мотуридийлик таълимотининг асосий қоидалари, ақидавий ечимлари ва мантиқий-илмий асослари юзасидан ўз билимларини намоён этди.
Беллашув якунларига кўра қуйидаги жамоалар ғолиб деб топилди:
• 1-ўрин: Мотуридий меъросхўрлари;
• 2-ўрин: Эътиқод дурдоналари;
• 3-ўрин: Ақида имомлари.
Мазкур танлов Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш ва бу орқали соф эътиқод, илм ва маърифат асосларини жамиятда мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати