Шу йил 3 июнь куни Макка шаҳридаги Abroj Dana меҳмонхонасида фарғоналик зиёратчилар билан маърифий суҳбат бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов, “Қуръон ва тажвидни ўргатиш” бўлими мудири Шайх Алижон қори Хайдаров, Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин домла Холбоев ҳамда элликбоши ва зиёратчилар иштирок этди.
Уламоларнинг ҳаж ибодати ва одоблари, комил мўминнинг ахлоқи ва аждодларимизнинг ибратли ҳаётлари асосидаги суҳбатидан зиёратчилар баҳраманд бўлди.
Бундай мулоқотлар Сирдарё вилоятидан ташриф буюрган зиёратчилар учун ҳам ташкил этилмоқда. Навбатдаги ана шундай суҳбатда Тошкент шаҳридаги “Сирож Солиҳ” масжиди имом-хатиби Ҳасан домла Қодиров сирдарёлик ҳожиларга ҳажнинг арконлари ҳақида мавъиза қилиб берди.
4 июнь куни Андижон вилоят бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов Макка шаҳрида бўлиб турган зиёратчилар билан маърифий учрашув ўтказди. Унда Мирзамақсуд домла зиёратчиларга шукроналик ҳисси, вақтнинг қадрига етиш, ибодат масалалари каби мавзуларда гўзал маърузалар қилиб берди.
Мазкур маърифий суҳбатларда зиёратчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Шунингдек, минглаб хатми Қуръонлар бағишланиб, хайрли дуолар қилинди.
Бундай маърифий суҳбатлар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 13 май куни муборак ҳаж сафарини ният қилган ҳожиларимизнинг дастлабки гуруҳи муқаддас замин томон йўлга чиқишди.
Бўлғуси ҳожиларни кузатиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, шунингдек, таниқли уламолар, имом-домлалар, мутасаддилар ва ОАВ вакиллари Тошкент халқаро аэропортида жам бўлишди.
Муборак сафар олди Муфтий ҳазратлари Аллоҳ таолонинг байти сари йўл олаётган зиёратчилар эсон-омон Ҳаж амалларини бажариб, юртимизга соғ-саломат қайтиб келишларини сўраб хайрли дуолар қилдилар.
Шундай қилиб, орзулари рўёбидан ҳис-ҳаяжонга тўлган “Ҳаж – 2025” мавсумининг илк зиёратчилари Тошкент халқаро аэропортидан Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.
Аллоҳ таоло Ҳаж амалини адо этишга отланган юртдошларимизнинг сафарларини хайрли ва баракали қилсин!