Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Ноябр, 2026   |   9 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:53
Қуёш
07:11
Пешин
12:14
Аср
15:19
Шом
17:04
Хуфтон
18:19
Bismillah
19 Ноябр, 2026, 9 Жумадул сони, 1448

Қалбда тақво бўлса...

05.06.2024   4409   4 min.
Қалбда тақво бўлса...

Дунёнинг ҳар куни, ҳар соати, ҳар дақиқаси синов. Талабанинг илмий савияси имтиҳон қилинганидек, Раббимиз ҳам бизларни синайди. Бандалик имтиҳони ҳам, таълими ҳам сўнгги нафасгача давом этади. Мўмин киши ҳар нафасини яхши ишлар билан безаши керак.

Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “...(Шунингдек) Сизга аниқ нарса (ўлим) келгунига қадар Раббингизга ибодат қилаверинг!” (Ҳижр сураси, 99-оят).

Дипломни олсак, бу ҳужжат умримиз сўн­гигача фойда беради. Бандалик эса бундай эмас! Ҳеч кимга “Оқибат албатта хайрли бў­лади” деган васиқа берилмаган.

Аллоҳ азза ва жалла марҳамат қилади: “У кунда на мол ва на фарзандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро сураси, 88–89-оятлар).

Аллоҳ ҳузурига соғлом қалб билан бора олиш учун эса барча жиҳатларга эътиборли бўлиш лозим. Жалолиддин Румий тоза қалбни гўзал таърифлайди: “Эй йўлчи! Тананг бир мактуб кабидир. Унга диққат билан боқ. У Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини бажаряптими, яъни яратилиш мақсадларига мувофиқми?

Бир бурчакка ўтириб олиб тафаккурга шўн­ғи, мактубни, яъни ўзингни ўқи!

Агар мактубдаги ёзув – феъл-атворинг ва амалларинг, ибодатларинг, хайру ҳасанот­ларингга муносиб бўлмаса, уни йиртиб ташла ва қайта ёзишга жасорат қидир! (Яъни тавба ва истиғфор қил, ҳаётингни тақво асосида янгидан бунёд эт!)”

Ҳеч ким ҳурмат қилган, эъзозлаган азиз инсонига ёмонликни раво кўрмайди. Амал­ларимизни Аллоҳ таолога ёруғ юз билан тақдим эта олишимиз учун уларни тақво билан ҳимоя қилишимиз лозим. Зеро, “...(Қурбонликни) Аллоҳ аслида тақволи кишилардан қабул қилур” (Моида сураси, 27-оят), “...Оқибат (яхшилиги) тақво (аҳли)гадир” (Тоҳо сураси, 132-оят). Яна Ҳақ таоло марҳамат қилади: “...Аллоҳга тақво қилингиз ва билингизки, албатта, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир” (Бақара сураси, 194-оят).

Мўмин киши тақвони қандай касб қилади?

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай­ҳи ва салламга эргашиш орқали. Жаноби Ҳақ бизларга намознинг ҳар ракатида Фотиҳа сурасини ўқишимизни буюради. Ҳар ракатда: “Бизни шундай тўғри йўлга йўллагин...” (Фотиҳа сураси, 6-оят) дея Раббимизга илтижо қиламиз.

Раббимиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хитобан: “(Сиз) тўғри йўлдадирсиз” (Ёсин сураси, 4-оят) дея амр этди. Бундан англашиладики, энг тўғри йўл Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг йўлларидир. Шу сабабли инсон ўз ҳаётини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари билан таққосласа, қай даражада тўғри йўлда эканини англаб етади.

Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз. Аллоҳ таоло бизларга сўнгги нафасда иймон калимасини айтишни буюради. Афсуски, охирги нафасимизни қандай беришимиз ёлғиз Аллоҳга аён... Шунинг учун илоҳий амрларни қалбдан чуқур ҳис этиб, юксак ахлоқ билан яшаш лозим. Чунки сўнгги нафасда тўғри йўлдан “тойиб кетмаслик” шунга боғлиқ. Зеро, қалбда тақво бўлса, намоз Раббимиз хоҳлаганидек хушу билан ўқилади, садақа кибр қилмай берилади, хизмат чин қалбдан адо этилади.

Хушусиз ўқилган намоз, олувчига миннат қилиб берилган садақа, қўл учида қилинган хизмат амал дафтаримизга қора доғдан бошқа из қолдириши мумкинми?!

Шундай экан, умримизнинг ҳар онини тақво қилган ҳолда яшайлик. Токи, имтиҳон “баҳо”си аъло бўлсин! 

Нигора МИРЗАЕВА

тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро бағрикенглик форумида иштирок этди

18.11.2026   14928   8 min.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро бағрикенглик форумида иштирок этди

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида «Мустаҳкам илдизлар ва келажак истиқболлари» мавзусида Халқаро бағрикенглик форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов онлайн тарзда иштирок этиб, «Жаҳолатга қарши маърифат: диний бағрикенгликнинг Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида маъруза қилди.

Қирол Абдулазиз номидаги Миллий мулоқот маркази штаб-квартирасида ташкил этилган анжуманда Саудия Арабистони Катта уламолар кенгаши аъзоси шайх Абдулбоқий бин Муҳаммад Ол аш-Шайх Муборак, «Алвалид» жамғармаси бош котиби малика Ламия бинт Мажид Ол Сауд, Рақамли ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби аппарати раҳбари Ҳанин ал-Форис, Қирол Абдулазиз номидаги кутубхона бош директори Файсал бин Абдураҳмон бин Муаммар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.

Форумда диний бағрикенгликнинг исломий асослари, унинг тарихий ва цивилизациявий илдизлари, оила, таълим ва жамиятда ўзаро ҳурмат муҳитини шакллантириш, шунингдек, рақамли даврда мутаассиблик ва нафрат тилига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.

Фирдавс Абдухолиқов ўз маърузасида Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш борасида шаклланган тарихий ва замонавий тажриба, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» ғоясининг халқаро аҳамияти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳақида сўз юритди.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси 2018 йил 12 декабрда БМТ томонидан қабул қилингани Ўзбекистоннинг жаҳонда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг муҳим натижаси сифатида қайд этилди.

Маърузачи мазкур ташаббуснинг мазмун-моҳиятини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан боғлаб, унинг асосий мақсади илм-маърифатни кенг тарғиб этиш, тарихий меросни чуқур ўрганиш ва инсон қадрини улуғлаш эканини таъкидлади.

«Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” ғояси бугун халқаро миқёсда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ва 2018 йилда БМТ томонидан қабул қилинган мазкур резолюция жаҳонда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббусдир.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бош ғояси ҳам айнан шу тамойилга асосланади. Марказга қадам қўяётган ҳар бир инсонни илмга даъват кутиб олади: ўқи, ўрган, маърифатли бўл! Ўз тарихингни англа, дунёни тани, инсоннинг қадрига ет! Жаҳолатнинг миллати ҳам, чегараси ҳам йўқ. У ҳар қандай жамиятда мутаассиблик ва муросасизликни озиқлантириши мумкин. Шунинг учун маърифат ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир», — деди Фирдавс Абдухолиқов.

Маърузада бугунги глобал ахборот маконида исломофобия, диний қадриятларни нотўғри талқин қилиш ва асоссиз тасаввурларнинг тарқалиши жиддий муаммолардан бирига айланаётгани таъкидланди. Бундай шароитда холис билим, тарихий ҳақиқат ва медиа саводхонликни кенг тарғиб этиш, ёш авлодда турли маданият ва эътиқодларга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 диний конфессияга мансуб фуқаролар тинч-тотув яшаётгани қайд этилди. Виждон эркинлигининг конституциявий кафолатлари ва диний соҳадаги давлат сиёсати жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашнинг муҳим омиллари сифатида кўрсатиб ўтилди.

Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг турли халқлар ва динлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, маърифий мулоқот ва муштарак тарихий меросни англашга хизмат қилувчи замонавий илмий-маърифий маскан сифатидаги аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталди.

Марказ экспозицияларида ислом цивилизацияси билан бир қаторда буддавийлик, зардўштийлик ва насронийлик тарихига оид мерос намуналарининг ҳам ўрин олгани турли маданият ва эътиқодларга ҳурмат тамойилининг амалий ифодаси экани таъкидланди.

Шунингдек, Марказнинг халқаро эътирофлари — Гиннесснинг жаҳон рекордлари ташкилоти томонидан майдони бўйича дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи сифатида қайд этилгани, «Prix Versailles» халқаро мукофоти доирасида 2026 йилнинг энг гўзал музейлари қаторига киритилгани ҳамда ТУРКСОЙ томонидан «Турк дунёсининг энг яхши музейи» деб эътироф этилгани ҳақида маълумот берилди.

Маърузада 2026 йил 6 ноябрь куни Остона шаҳрида Ақаба жараёни доирасида ўтказилган учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастури ташаббуси ҳам тилга олинди. Марказ негизида амалга оширилиши таклиф этилган мазкур дастур кўп тилли маърифий ресурслар яратиш, диний арбобларни рақамли ахборот муҳитида ишлашга тайёрлаш ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларни қамраб олади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги тарихий-маънавий алоқалар, икки халқни боғлаб турувчи муштарак илмий мерос ҳақида сўз юритилди. Бухорода таваллуд топган Имом Бухорийнинг Макка ва Мадинада илм олгани икки мамлакат ўртасидаги тарихий-маънавий ришталарнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этилди.

Марказ халқаро ҳамкорлар билан қўлёзмаларни ўрганиш ва рақамлаштириш, қўшма илмий нашрлар ҳамда кўргазмалар ташкил этиш, исломнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларини тарғиб қилувчи кўп тилли рақамли материаллар яратиш, ёш тадқиқотчилар ва педагоглар учун қўшма таълим дастурларини амалга оширишга тайёр экани билдирилди.

Форумнинг бошқа иштирокчилари ҳам бағрикенгликни жамият барқарорлиги, тинч-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг муҳим шарти сифатида баҳоладилар. Хусусан, Қирол Абдулазиз номидаги кутубхона бош директори Файсал бин Абдураҳмон бин Муаммар ўз чиқишида бағрикенглик, мулоқот, ҳамкорлик ва тинч-тотув яшаш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалар эканини таъкидлади.

Унинг фикрича, ҳақиқий бағрикенглик фақат бошқаларнинг мавжудлигини тан олиш билангина чекланмайди. У адолат, тенглик, инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, турли қараш ва эътиқод эгалари билан ўзаро мулоқотга тайёр туришни ҳам талаб этади. Жамиятдаги маданий, диний ва дунёқарашга оид фарқларни зиддият манбаи сифатида эмас, балки ўзаро англашув ва тараққиёт учун имконият сифатида қабул қилиш муҳимдир.

Файсал бин Абдураҳмон бин Муаммар таълим-тарбиянинг ҳам бу жараёндаги ўрнига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бағрикенглик маданиятини шакллантириш болаликдан бошланиши, оила, мактаб ва таълим муассасаларида инсонларнинг бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлишига асосланган муҳит қарор топиши лозим. Билим ва маърифат кишилар ўртасидаги нотўғри тасаввурлар, асоссиз стереотиплар ва камситиш ҳолатларининг олдини олишда муҳим восита ҳисобланади.

Саудия Арабистони Катта уламолар кенгаши аъзоси шайх Абдулбоқий бин Муҳаммад Ол аш-Шайх Муборак эса диний бағрикенгликнинг ислом таълимотидаги мустаҳкам асосларига тўхталди. У ислом динининг қарийб ўн тўрт асрлик тарихида инсонлар ўртасида меҳр-шафқат, раҳмдиллик, ўзаро ҳурмат ва муросага алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

Шайх Абдулбоқийнинг қайд этишича, эътиқод ва маданиятдаги фарқлар инсонлар ўртасида адоват келтириб чиқармаслиги, аксинча, ўзаро билиш, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка хизмат қилиши керак. Исломнинг раҳм-шафқат ва бағрикенгликка асосланган таълимоти турли қараш ва эътиқод вакиллари билан тинч-тотув яшаш, инсон қадрини ҳурмат қилишга чорлайди.

Форумда билдирилган фикрлар шуни кўрсатдики, диний бағрикенглик фақат назарий тушунча эмас, балки кундалик ҳаётда, таълим-тарбияда, жамоатчилик муносабатларида ва давлатлараро ҳамкорликда намоён бўлиши лозим бўлган муҳим қадриятдир. Бу борада маърифат, очиқ мулоқот, ўзаро ишонч ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш жаҳонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Форум якунида бағрикенгликни оила, таълим ва жамият ҳаётида мустаҳкамлаш, турли маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ҳамда замонавий ахборот технологияларидан инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этиш йўлида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари