Саудия Арабистони расмийлари 2024 йилги ҳаж мавсумида замонавий дрон кузатувини жорий этишни режалаштирган. Бу ҳақда theislamicinformation.com нашри хабар берди.
Дрон технологияси муқаддас қадамжоларга олиб борувчи йўлларда тозалик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўлланилади.
Дрон технологияси қандай ишлайди?
1. Тўсиқлар ва кўприкларни текшириш: Тўсиқлар ва кўприклар каби қийин жойларда дронларнинг хизматидан фойдаланиш қулай. Дрон хавфсизликни таъминлаган ҳолда ўша ҳудудларни текширади.
2. Йўл шароитларини баҳолаш: Ҳал қилиниши керак бўлган шошилинч масалалар дронлар ёрдамида амалга оширилади.
3. Термал сканерлаш: Дронлардаги термал сканерлаш функциясидан фойдаланганда йўлларнинг ҳолатини хавфсизлик нуқтаи назаридан ўрганиш мумкин.
4. Тозаликни текшириш: Дронлар зиёратчиларни гигиеник муҳит билан таъминлаш учун йўлларнинг тозалигини назорат қилади.
Саудия ҳукуматининг кузатув дронлардан фойдаланиш ташаббуси уларнинг ҳаж тажрибасини яхшилашга бўлган содиқлигини ифодалайди.
Шунингдек, расмийлар барча зиёратчиларга хавфсиз муҳитни таъминлашни мақсад қилишган.
islom.uz
Сулаймон ибн Аюб раҳимаҳуллоҳ бундай ҳикоя қилади: “Мен ўн йилдан кўпроқ вақт давомида илм ўрганиш ва Қуръонни ёд олишга ҳаракат қилсам-да, Фотиҳа сурасини тўғри ўқий олмасдим. Бу ҳолат менга оғир эди. Ҳатто устозим ҳам мендан умидини узган эди.
Ёлғиз қолганимда саждага бош қўйиб йиғлаб, дуоларимда Аллоҳ таолодан тилимни бурро, хотирамни ўткир қилишини ҳамда қалбимдаги ғашликни кетказишини сўраб илтижо қилардим.
Солиҳ инсонлардан бирига ҳолимни баён этдим. У мендан: Ота-онанг борми? - деб сўради.
Мен: Ҳа, онам бор, - деб жавоб бердим.
У: Онангга яхшилик қиласанми? – деб сўради.
Мен: Ҳа онамнинг хизматларини бекаму кўст бажараман, – дедим.
Шунда солиҳ киши менга: Онангни олдига бориб, ундан Қуръони каримни ёд олишинг ҳамда фақиҳ бўлишинг учун дуо қилишини сўра, – деди.
Мен уйга бориб, бу гапларни онамга айтдим. Волидам ярим тунда намоз ўқиди, ҳаққимга хайрли дуолар қилди. Сўнгра саҳарлик қилиб, Аллоҳ учун рўза тутди.
Тонг отиши билан онамнинг дуолари қабул бўлди. Худди булутлар тарқагач қуёш чарақлагани сингари ақлим ҳам ёришиб, қувваи ҳофизам кучайганини ҳис этдим.
Шу тариқа мен зеҳни ўткир ва илмли инсонга айландим. Онамнинг дуоси баракотидан Қуръон ва ҳадисни пухта ўзлаштириб, илму-ҳикмат денгизида суза бошладим. Ниҳоят, кучли имомга айландим”.
Ким бирор мақсадини амалга оширишда қийналса, аввало, Аллоҳ таолога таяниш баробарида ота-онасининг дуосини олсин!.
Шайх Маҳмуд МИСРИЙнинг
“Солиҳ ва солиҳалар ҳаётларидан қиссалар” китоби асосида
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.