Одамларнинг устидан кулманг, уларнинг гулдек орзуларини мазахламанг, айниқса содда, самимий инсонларнинг. Эҳтимол ходимингизнинг даражаси Аллоҳнинг наздида сизникидан, унча-мунча обрўли кишиларникидан баланд бўлиши мумкин. Ҳеч кимнинг орзу-мақсадларига беписандлик қилманг, зеро, дунё орзу-мақсадларсиз қуппа-қуруқ бўлиб қолади.
Кўп тафаккур қилиб, кам гапиринг. Эшитганларингизга бепарво муносабатда бўлманг, келажакда унга эҳтиёжингиз тушиб қолиши мумкин!
Кимдирга нисбатан хато муомала қилганингизни билганингиз заҳоти ундан узр сўранг. Узр сўраётганингизда самимият билан, унинг кўзларига қараган ҳолда узр сўранг. Шунда у сизни эшитишдан олдин кўзларингиздан афсусдалигингизни уқиб олади.
Ҳаётда бирор ишда қоқилсангиз, ниманидир қўлдан бой берсангиз, енгилманг, таслим бўлманг. Дарҳол туриб ғалаба томон интилинг.
Ана энди ҳозир замонамизда кенг тарқалган муаммолардан бири – бировнинг телефонига, умуман шахсий мулки ёхуд ҳовлисига берухсат қараш хусусида тўхталиб ўтсак. Бу мавзу кунимизнинг долзарб мавзуларидан бўлгани учун унга тўхталиб ўтиб, бир мақолани эътиборингизга ҳавола этишни зарур деб топдик.
Замонавий оламимизда замонавий буюмлар бизнинг доимий ҳамроҳимизга айланди. Масалан, мобил телефонлари. Уларнинг тури такомиллашгани сари, бу технология воситаларига боғланишимиз янада зиёда бўлди. Табиийки, қўл телефонида ҳар бир кишининг шахсий ёзишмалари, сурат ва видеолари ва бошқа ўзигагина тааллуқли нарсалар бўлади. Кимдир бу жиҳатларга эътибор қаратиб, бировнинг телефонига қўл теккизмайди, бошқа биров эса буни жиддий қабул қилмай, бировнинг телефонини “титкилаш” билан овора бўлади. Хўш, Ислом шариати бу жиҳатларга қандай қарайди? Бу борада қандай одоб беради?
Ислом шариатида ўзгалар уйига киришдан олдин рухсат сўраш шартлиги таъкидланган. Бу борада оятлар нозил қилинган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тегишли кўрсатмалар берилган. Мисол учун, мана бу ривоятни келтириш мумкин.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидаги тешикдан мўралади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларида тароқ бор эди, у билан сочларини тарардилар. Шунда у зот: “Агар қараб турганингни билганимда, мана шуни кўзингга тиқиб олардим! Албатта рухсат сўраш назар (тушиши эҳтимоли бўлгани) учун (жорий) қилинди”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шариатда бирон жойга киришдан олдин изн сўраш назар сабабидан жорий қилинган. Сабаби, берухсат кириш билан уй эгаси рози бўлмаган нарсаларга бегона одамнинг кўзи тушиши мумкин. Шунинг учун бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам, аввал уй эгасини чақириб, ундан изн сўрайди. Агар изн берилса, киради. Бўлмаса, ортига қайтиб кетади. Уй эгаси чақирмасидан олдин тўппа-тўғри ичкарига бостириб кириш мўмин кишига умуман тўғри келмайди. Қолаверса, изнсиз бировнинг уйига мўралаш, эшик тирқишидан ичкарига назар солиш ҳам жоизмас.
Шундан келиб чиқиб айтамиз, бировнинг телефонига рухсатсиз тегиш тўғри эмас. Мана шундай нарсалар шариат ҳукмларига беписанд қарашдан келиб чиқмоқда. Банда шариатга амал қилмаганидан кейин бошига турфа балолар ёғилаверади. Ўзингиз айтганингиздек, ҳозир бировнинг телефонига рухсатсиз қўл теккизадиганлар кўпайиб кетган. Аслида, шариат талабига кўра, бировнинг телефонини рухсат сўраб кўриш лозим. Сўрамасдан бировнинг нарсасига тегиш жоизмас!
Юқорида, ҳужраи саодат тирқишидан мўралаган кимсага қандай оҳангда мурожаат қилинганини ўқидик. Энди ўзимизга бир савол берайлик: "Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бировнинг телефонини рухсатсиз титкилаётганларни кўрганларида, уларга нима деган бўлардилар?!”.
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида «Мустаҳкам илдизлар ва келажак истиқболлари» мавзусида Халқаро бағрикенглик форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов онлайн тарзда иштирок этиб, «Жаҳолатга қарши маърифат: диний бағрикенгликнинг Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида маъруза қилди.
Қирол Абдулазиз номидаги Миллий мулоқот маркази штаб-квартирасида ташкил этилган анжуманда Саудия Арабистони Катта уламолар кенгаши аъзоси шайх Абдулбоқий бин Муҳаммад Ол аш-Шайх Муборак, «Алвалид» жамғармаси бош котиби малика Ламия бинт Мажид Ол Сауд, Рақамли ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби аппарати раҳбари Ҳанин ал-Форис, Қирол Абдулазиз номидаги кутубхона бош директори Файсал бин Абдураҳмон бин Муаммар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этди.
Форумда диний бағрикенгликнинг исломий асослари, унинг тарихий ва цивилизациявий илдизлари, оила, таълим ва жамиятда ўзаро ҳурмат муҳитини шакллантириш, шунингдек, рақамли даврда мутаассиблик ва нафрат тилига қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.
Фирдавс Абдухолиқов ўз маърузасида Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш борасида шаклланган тарихий ва замонавий тажриба, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» ғоясининг халқаро аҳамияти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ушбу йўналишдаги фаолияти ҳақида сўз юритди.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» резолюцияси 2018 йил 12 декабрда БМТ томонидан қабул қилингани Ўзбекистоннинг жаҳонда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг муҳим натижаси сифатида қайд этилди.
Маърузачи мазкур ташаббуснинг мазмун-моҳиятини Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан боғлаб, унинг асосий мақсади илм-маърифатни кенг тарғиб этиш, тарихий меросни чуқур ўрганиш ва инсон қадрини улуғлаш эканини таъкидлади.
«Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” ғояси бугун халқаро миқёсда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ва 2018 йилда БМТ томонидан қабул қилинган мазкур резолюция жаҳонда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббусдир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг бош ғояси ҳам айнан шу тамойилга асосланади. Марказга қадам қўяётган ҳар бир инсонни илмга даъват кутиб олади: ўқи, ўрган, маърифатли бўл! Ўз тарихингни англа, дунёни тани, инсоннинг қадрига ет! Жаҳолатнинг миллати ҳам, чегараси ҳам йўқ. У ҳар қандай жамиятда мутаассиблик ва муросасизликни озиқлантириши мумкин. Шунинг учун маърифат ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш барчамизнинг умумий масъулиятимиздир», — деди Фирдавс Абдухолиқов.
Маърузада бугунги глобал ахборот маконида исломофобия, диний қадриятларни нотўғри талқин қилиш ва асоссиз тасаввурларнинг тарқалиши жиддий муаммолардан бирига айланаётгани таъкидланди. Бундай шароитда холис билим, тарихий ҳақиқат ва медиа саводхонликни кенг тарғиб этиш, ёш авлодда турли маданият ва эътиқодларга нисбатан ҳурмат туйғусини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 диний конфессияга мансуб фуқаролар тинч-тотув яшаётгани қайд этилди. Виждон эркинлигининг конституциявий кафолатлари ва диний соҳадаги давлат сиёсати жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашнинг муҳим омиллари сифатида кўрсатиб ўтилди.
Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг турли халқлар ва динлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, маърифий мулоқот ва муштарак тарихий меросни англашга хизмат қилувчи замонавий илмий-маърифий маскан сифатидаги аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталди.
Марказ экспозицияларида ислом цивилизацияси билан бир қаторда буддавийлик, зардўштийлик ва насронийлик тарихига оид мерос намуналарининг ҳам ўрин олгани турли маданият ва эътиқодларга ҳурмат тамойилининг амалий ифодаси экани таъкидланди.
Шунингдек, Марказнинг халқаро эътирофлари — Гиннесснинг жаҳон рекордлари ташкилоти томонидан майдони бўйича дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи сифатида қайд этилгани, «Prix Versailles» халқаро мукофоти доирасида 2026 йилнинг энг гўзал музейлари қаторига киритилгани ҳамда ТУРКСОЙ томонидан «Турк дунёсининг энг яхши музейи» деб эътироф этилгани ҳақида маълумот берилди.
Маърузада 2026 йил 6 ноябрь куни Остона шаҳрида Ақаба жараёни доирасида ўтказилган учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Рақамли даврда жаҳолатга қарши маърифат» халқаро дастури ташаббуси ҳам тилга олинди. Марказ негизида амалга оширилиши таклиф этилган мазкур дастур кўп тилли маърифий ресурслар яратиш, диний арбобларни рақамли ахборот муҳитида ишлашга тайёрлаш ва ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларни қамраб олади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги тарихий-маънавий алоқалар, икки халқни боғлаб турувчи муштарак илмий мерос ҳақида сўз юритилди. Бухорода таваллуд топган Имом Бухорийнинг Макка ва Мадинада илм олгани икки мамлакат ўртасидаги тарихий-маънавий ришталарнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этилди.
Марказ халқаро ҳамкорлар билан қўлёзмаларни ўрганиш ва рақамлаштириш, қўшма илмий нашрлар ҳамда кўргазмалар ташкил этиш, исломнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларини тарғиб қилувчи кўп тилли рақамли материаллар яратиш, ёш тадқиқотчилар ва педагоглар учун қўшма таълим дастурларини амалга оширишга тайёр экани билдирилди.
Форумнинг бошқа иштирокчилари ҳам бағрикенгликни жамият барқарорлиги, тинч-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатликнинг муҳим шарти сифатида баҳоладилар. Хусусан, Қирол Абдулазиз номидаги кутубхона бош директори Файсал бин Абдураҳмон бин Муаммар ўз чиқишида бағрикенглик, мулоқот, ҳамкорлик ва тинч-тотув яшаш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалар эканини таъкидлади.
Унинг фикрича, ҳақиқий бағрикенглик фақат бошқаларнинг мавжудлигини тан олиш билангина чекланмайди. У адолат, тенглик, инсон қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, турли қараш ва эътиқод эгалари билан ўзаро мулоқотга тайёр туришни ҳам талаб этади. Жамиятдаги маданий, диний ва дунёқарашга оид фарқларни зиддият манбаи сифатида эмас, балки ўзаро англашув ва тараққиёт учун имконият сифатида қабул қилиш муҳимдир.
Файсал бин Абдураҳмон бин Муаммар таълим-тарбиянинг ҳам бу жараёндаги ўрнига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, бағрикенглик маданиятини шакллантириш болаликдан бошланиши, оила, мактаб ва таълим муассасаларида инсонларнинг бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлишига асосланган муҳит қарор топиши лозим. Билим ва маърифат кишилар ўртасидаги нотўғри тасаввурлар, асоссиз стереотиплар ва камситиш ҳолатларининг олдини олишда муҳим восита ҳисобланади.
Саудия Арабистони Катта уламолар кенгаши аъзоси шайх Абдулбоқий бин Муҳаммад Ол аш-Шайх Муборак эса диний бағрикенгликнинг ислом таълимотидаги мустаҳкам асосларига тўхталди. У ислом динининг қарийб ўн тўрт асрлик тарихида инсонлар ўртасида меҳр-шафқат, раҳмдиллик, ўзаро ҳурмат ва муросага алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.
Шайх Абдулбоқийнинг қайд этишича, эътиқод ва маданиятдаги фарқлар инсонлар ўртасида адоват келтириб чиқармаслиги, аксинча, ўзаро билиш, ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка хизмат қилиши керак. Исломнинг раҳм-шафқат ва бағрикенгликка асосланган таълимоти турли қараш ва эътиқод вакиллари билан тинч-тотув яшаш, инсон қадрини ҳурмат қилишга чорлайди.
Форумда билдирилган фикрлар шуни кўрсатдики, диний бағрикенглик фақат назарий тушунча эмас, балки кундалик ҳаётда, таълим-тарбияда, жамоатчилик муносабатларида ва давлатлараро ҳамкорликда намоён бўлиши лозим бўлган муҳим қадриятдир. Бу борада маърифат, очиқ мулоқот, ўзаро ишонч ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш жаҳонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Форум якунида бағрикенгликни оила, таълим ва жамият ҳаётида мустаҳкамлаш, турли маданиятлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ҳамда замонавий ахборот технологияларидан инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этиш йўлида самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати