frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Фитначилар ихтилофга эргашади

06.06.2024   1970   5 min.
Фитначилар ихтилофга эргашади

Аввало энг ёмон фитначи-шайтондир!

Шайтон жуда кўп ҳийла-найранглар билан танилган. Улар орасида энг ёмони унинг фитначилигидир. Фитначи бўлганда ҳам Фаттон яъни, энг кўп фитнага солувчидир. Бу қабиҳ сифатни кимда-ким ўзида ҳосил қилган бўлса у ҳам шайтондир!

Аллоҳ таоло "Оли Имрон" сураси, 7-8 оятларда шундай марҳамат қилган.

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلاَّ اللَّهُ وَالرَّاسِخُونَ فِي الْعِلْمِ يَقُولُونَ آمَنَّا بِهِ كُلٌّ مِنْ عِنْدِ رَبِّنَا وَمَا يَذَّكَّرُ إِلاَّ أُولُو الأَلْبَابِ رَبَّنَا لاَ تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ

“У сенга китобни туширган зотдир. Унда муҳкам оятлар ҳам бор ва улар китобнинг аслидир ва муташобиҳ (оят)лар ҳам бор. Қалбларида ҳидоятдан оғиш борлар фитна мақсадида ва уни таъвил қилиш мақсадида ундан муташобиҳ бўлганига эргашади. Унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас. Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат ақл эгаларигина эслайдилар. Эй Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато қилгин. Албатта Сенинг Ўзинг кўплаб ато қилувчисан”.

Бу, оятдаги (Муҳкам) сўзи маҳкам, очиқ-ойдин, бошқа ёққа буриб бўлмайдиган, деган маънони англатади. (Муштабоҳ) сўзи эса, ўхшаш, бирини биридан ажратиш қийин, бир неча маъноларни англатадиган, деган маъноларни билдиради. Қуръони Карим оятлари ҳам муҳкам ва муташобиҳга бўлинади, бӯларни тепада айтиб ӯтдик.

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ يَسَارٍ أَنَّ رَجُلاً يُقَالُ لَهُ صَبِيغٌ قَدِمَ الْمَدِينَةَ فَجَعَلَ يَسْأَلُ عَنْ مُتَشَابِهِ الْقُرْآنِ فَأَرْسَلَ إِلَيْهِ عُمَرُ، رَضِيَ الله عَنْهُ وَقَدْ أَعَدَّ لَهُ عَرَاجِينَ النَّخْلِ فَقَالَ مَنْ أَنْتَ قَالَ أَنَا عَبْدُ اللهِ صَبِيغٌ فَأَخَذَ عُمَرُ عُرْجُونًا مِنْ تِلْكَ الْعَرَاجِينِ فَضَرَبَهُ وَقَالَ أَنَا عَبْدُ اللهِ عُمَرُ فَجَعَلَ لَهُ ضَرَبًا حَتَّى دَمِيَ رَأْسُهُ فَقَالَ: يَا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ حَسْبُكَ قَدْ ذَهَبَ الَّذِي كُنْتُ أَجِدُ فِي رَأْسِي. رَوَاهُ الدَّارِمِيُّ

Сулаймон ибн Яссордан ривоят қилинади: “Сабиғ исмли бир киши Мадинага келиб, Қуръоннинг муташобиҳ оятларидан сўрай бошлади. Умар розияллоҳу анҳу унга одам юбордилар ва хурмо баргларидан тайёрланган бир калтакни тайёрлаб қўйдилар. (Келганидан сўнг унга) «Сен кимсан?», дедилар. У: «Мен Аллоҳнинг қули Сабиғман» деб жавоб берди. Шунда Умар ҳалиги калтаклардан бирини олиб: «Мен эса Аллоҳнинг қули Умарман», деб, уни савалай кетдилар. Калтак зарбидан ҳатто унинг боши қонаб кетди. Шунда у: «Етарли бўлди, эй амирал-муъминийн! Бўлди, бошимни қийнаётган дарддан қутулдим», деди. Доримий ривоят қилган.

عَنْ أَبيِ الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: «حَبَّذَا مَوْتًا عَلىَ الإِسْلاَمِ قَبْلَ الْفِتَنِ» رَوَاهُ نُعَيْمُ بْنُ حَمَّادٍ فِي «الْفِتَنِ».

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Фитналардан олдин исломда ўлмоқ қандоқ ҳам яхши”, деди. Абу Нуъайм ибн Ҳаммод “Фитан” китобида ривоят қилган.

Аслида инсон умрини узун бўлгани яхши. Чунки узун умр кўриши уни кўпроқ савоблар жамғаришига сабаб бўлади. Ҳадисларда инсон ўзига-ўзи ўлим тилашидан қайтарилган. Аммо умрини бузғунчиликка, маъсиятлару фитна-фасодга сарфлаган кишининг вафоти ҳаётидан яхши бўларкан. Чунки шунда фитналарга аралашиб, катта ғуноҳларни қилиб қўйишдан саломат бўлади.

Саҳобалар фитналар ҳақида ворид бўлган ҳадисларни ўз қулоқлари билан эшитганлар. Уларнинг одатлари эшитганларига амал қилмагунларича бошқасига ўтмаганлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу ҳам мана шу нарсани ҳис қилганлар. Фитна ва фитначини ёмонлигидан унга аралишиб қолишдан кўра, ўлимни устун кўрмоқдалар.

Дунёда энг бахтли киши ким? Савол жуда ҳам қизиқ. Кўпчиликнинг ҳаёлига ёқтирган нарсалари ҳузурида мужассам бўлиши деган жавоб келади. Ҳар ким бу саволга ўзича жавоб беради. Кимдир бахтни мол-дунёда деса, яна кимдир бола-чақа яна кимлардир оила қуришда деб билади.

Воқеликда эса юқоридаги нарсаларга эга бўлган кишиларнинг ҳаёти том маънода бахтли ўтаётганига гувоҳ бўлмаймиз. Юқоридаги нарсаларга эга бўлмай ҳам бахтиёр яшаб ўтган инсонлар жуда кўп. Кимнингдир ҳаёти камбағалликда ўтиши у учун бахт ҳисобланади. Ҳа, демак бахт инсонни ёмон, ноҳуш ҳолатларни келтириб чиқарадиган нарсалардан холи ҳаёт кечириши ҳақиқий бахт ҳисобланар экан. Тўғри, бу нарсалар ҳам бахтга олиб борадиган сабаблардир. Аммо ҳақиқий бахт кишининг фитна, турли фитна-фасод ишларга аралашиб қолмай дунёдан саломат ўтиши экан.

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси
МАДАМИНЗОДА Абдулатиф Бахтиёржон ӯғли тайёрлади.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар

Муҳими қалбдаги нарса, чўнтакдаги эмас

27.06.2025   2134   3 min.
Муҳими қалбдаги нарса, чўнтакдаги эмас

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.

Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:

— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!

Хотин деди:

— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.

Эр деди:

Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.

Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:

— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:

«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.

Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.


Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!

Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.

Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!

Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!


Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!

Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.

Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!

«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди