Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг жаннатда даражаси кўтарилиб қўйилади. Шунда у: “Бу мен учун қаердан ҳосил бўлди?” дейди. “Фарзандинг сенинг ҳаққинга истиғфор айтгани учундир” дейилади, дедилар».
Исломнинг илк даврларида Роҳиба исмли басралик солиҳа бир аёл яшаб ўтган. У ҳақида ўғли бундай ҳикоя қилади: “Онам ўлим тўшагидалигида назарини осмонга қаратиб: “Эй борлиғим, эй икки дунёда суянганим! Ўлим бўсағасида мени ташлаб қўймагин, қабрда ёлғиз қолдирмагин”, деди ва жон таслим қилди.
Орадан вақт ўтди. Мен ҳар жума кунида унинг қабрини зиёрат қилиб, ҳаққига дуолар қилар, у учун ҳам, қабристондаги бошқа маййитлар учун ҳам истиғфор айтар эдим.
Тунларнинг бирида онам тушимга кирди. “Онажоним, аҳволингиз қандай?” деб сўрадим. Онам эса: “Болагинам, ўлимни ўзига яраша аччиғи ва машаққати бўлар экан. Аллоҳга шукр, ҳозир “барзах” деб аталмиш жойда, мақталадиган ҳолдаман. Райҳонлар устида, сундус (юпқа ипак) ва истаброқ (қалин ипак) ёстиқларга суяниб маҳшар кунини кутиб ётибман”, деди.
“Бирор-бир нарсага эҳтиёжингиз борми, бажарай”, дедим. Онам: “Ҳа, эҳтиёжим бор. Бизни зиёрат қилиш ва ҳаққимизга дуойи хайр қилишни ташлаб қўйма. Чунки менга ҳар жума кунги зиёратинг хушхабар қилиб етказилади. “Эй Роҳиба. Ўғлинг сени зиёрат қилгани келди”, дейишади. Бундан мен ҳам, атрофимдагилар ҳам жуда хурсанд бўламиз”, деб жавоб қайтарди”.
Ҳижрий V асрда яшаган бир йигит айтган экан: “Ўзим учун бир ишни вазифа қилиб олганман. Ҳар кечаси икки ракат намоз ўқийман. Унда жуда кўп Қуръон тиловат қиламан. Барчасининг савобини эса ота-онамга бағишлайман. Бир сафар отамни тушимда кўрдим. У менга: “Эй ўғлим, Аллоҳ сени мукофотласин. Бизга бағишлаётган савобларинг етиб келди”, деди”.
Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътийнинг "Меҳр ойи" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Ҳикматуллоҳ Рўзалиев таржимаси.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд яна хайрли ташаббуслар ва самарали ҳамкорлик майдонига айланди. Шу йил 18 ноябрь куни буюк муҳаддис Имом Бухорий мажмуасида ўтган XIV «Global Waqf» халқаро анжумани доирасида вақф тизимини ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим учрашувлар ва расмий келишувлар амалга оширилди.
Музокараларнинг энг муҳим натижаси сифатида «Вақф» хайрия жамоат фонди, Малайзиянинг Халқаро Вақф Фаолияти Кенгаши (iWAQF) ҳамда Малайзия Халқаро Ислом Университети (IIUM) ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат вақф соҳасида таълим ва илмий-амалий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, академик алмашинувни йўлга қўйиш, махсус ўқув модулларини яратиш ва малакали кадрлар тайёрлашга кенг йўл очади.
Шу билан бирга, Зайниддин домла Эшонқулов Бирлашган Араб Амирликларининг Ислом ишлари, вақфлар ва закот бўйича Бош ваколатли органи делегацияси ҳамда Туркия Диёнат вақфи вакили Салмон Оқтош билан икки томонлама мулоқотлар ўтказди. Самимий учрашувларда вақф мулкларини замонавий усулларда самарали бошқариш, хайрия фаолиятини такомиллаштириш ва келгусидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан аниқ фикр алмашилди.
Халқаро мулоқотлар аҳамиятига тўхталган Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Арҳан Шоҳ Анвар илгари Малайзия, Туркия ва Марокашда ўтказилган ушбу конференция бу гал Самарқандда ташкил этилганидан мамнунлигини билдирди. У Президент фармони билан юртимизда ислом молияси жорий этилаётган даврда мазкур анжуман икки ҳафта аввал ўтган Самарқанд ислом молияси конференциясининг мантиқий давоми эканини, хорижий тажриба алмашинуви эса уммат равнақи ва Ўзбекистон манфаатларига хизмат қилишини эътироф этди.
Учрашувлар якунида томонлар эсдалик совғалари алмашиб, хорижий делегациялар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдилар ҳамда буюк муҳаддиснинг илмий-маънавий мероси ва мажмуадаги бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати