Cавол: Биламизки, динимизда эркаклар ипак матодан кийим кийиши ман қилинган. Бир шим сотиб олгандим. Шу шимнинг 70 % матоси сунъий ипак деб ёзибди, яъни сунъий ипак экан. Шу шимни кийиш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сунъий ипак ҳақиқий ипакка муқобил равишда ишлаб чиқарилган мато тури холос. Унга ҳақиқий ипакнинг ҳукми берилмайди. Ундан тикилган кийимларни кийиш эркаклар учун жоиздир. Ҳадисларда тақиқланган ипак ҳақиқий, табиий ипакдир.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ипак кийим ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ипакнинг эркакларга ҳаром қилиниши ҳикмати, бу мато жуда нафис ва мулойим бўлиб, аёллик табиати ҳамда латофатига мос келади. Аксинча эркакларнинг табиатига эса мувофиқ келмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази
"Жидда – Наманган" йўналиши бўйича "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг замонавий ҳаво лайнерларида Наманган вилоятининг Чортоқ, Поп, Норин ва Тўрақўрғон туманларидан бўлган жами 490 нафар ҳожи эсон-омон она диёримизга етиб келди.
Муборак заминда Ҳақ таолонинг улуғ фарзини чиройли адо этиб, соғ-саломат ўз юртига қайтган зиёратчилар яқинлари дийдорига етишганлари учун чексиз шукроналар айтишмоқда. Ҳожилар сафар давомида кўрсатилган юксак даражадаги ташкилотчилик ва яратилган қулай шароитлардан мамнун эканликларини билдириб, юртимиз тинчлиги, эл-юрт фаровонлиги ҳаққига хайрли дуолар қилишди.
Наманган вилоятига ҳаж зиёратчиларини олиб келувчи навбатдаги рейслар изчил давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати