Саудия Арабистони Подшоҳлиги статистика бош бошқармаси ҳаж амалларини бажариш учун келган зиёратчилар сонини эълон қилди. Унга кўра:
– Бу йил 1 миллион 833 минг 164 нафар киши ҳаж амалини адо этган. Шундан ички зиёратчилар сони 221 минг 854 нафар.
– Ҳожиларнинг 958 137 нафари эркак, 875 027 нафари эса аёллардир.
– Зиёратчиларнинг 22,3 фоизи араб, 63,3 фоизи эса Осиё, 11,3 Африка давлатларидан, Европа Америка, Австралия ва бошқа мамлакатлардан келган зиёратчилар сони эса 3,2 фоизни ташкил этган.
– Зиёратчиларнинг асосий қисми ҳаво йўллари орқали келган.
– Бу йил юртимиздан 15 минг 130 нафар фуқаро ҳаж ибодатига муяссар бўлди.
– Эслатиб ўтамиз: 22 июндан 12 июлга қадар ҳожиларимизни Жидда шаҳридан Ўзбекистонга олиб келиш ишлари амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Исломнинг барча – бешала рукнини ҳам бажарган одам чинакам саодатлидир. Айниқса, ҳожилик – алоҳида масъулият талаб этадиган мақом. Бу йил юртимиздан 15 мингдан зиёдроқ фуқаро ана шундай шарафга эга бўлди.
Бу йил юртимиздан ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчиликларида юртга қайтгач, «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари бўламиз» деган эзгу ташаббусни илгари сурган эдилар.
Бугун, 14 июль куни пойтахтимиздаги «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди мажлислар залида пойтахтимизда фаолият юритаётган имом-хатиблар, имом ноиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдулвосид Хомитжонов, «Нуроний« жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси Рустам Калонов, Маҳаллалар уюшмаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Фурқатхўжа Маҳмудхўжаев, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов иштирок этди.
– Ҳожиларга катта ишонч билдириб, улар маънавият тарғиботчиларидир, – дейди ДИҚ раиси биринчи ўринбосари Даврон Махсудов. – Ҳадиси шарифда: “Инсонларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси одамларга кўп манфаати етказадиганидир” (Имом Табароний ривояти), дейилган. Шундай экан, ҳар бир ҳожига ўз ҳудудидаги имом-хатиб кўмакчи бўлиб, маҳаллама-маҳалла юриб, аҳолига, айниқса, ёшларга панду насиҳатлар қилишлари зарур. Чунки ҳожиларнинг сўзлари таъсирчан бўлади. Фарзандларимизнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда уларнинг хизматидан фойдаланишимиз керак. Ҳожиларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан халқимизнинг маънавияти, маърифати янада ошади.
Ана шундай маънавий-маърифий тадбирлар орқали ҳожиларимиз жамиятимиздаги меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёшлар тарбияси ва оилалар тотувлигида ибрат бўлмоқдалар.