Саудия Арабистони Подшоҳлиги статистика бош бошқармаси ҳаж амалларини бажариш учун келган зиёратчилар сонини эълон қилди. Унга кўра:
– Бу йил 1 миллион 833 минг 164 нафар киши ҳаж амалини адо этган. Шундан ички зиёратчилар сони 221 минг 854 нафар.
– Ҳожиларнинг 958 137 нафари эркак, 875 027 нафари эса аёллардир.
– Зиёратчиларнинг 22,3 фоизи араб, 63,3 фоизи эса Осиё, 11,3 Африка давлатларидан, Европа Америка, Австралия ва бошқа мамлакатлардан келган зиёратчилар сони эса 3,2 фоизни ташкил этган.
– Зиёратчиларнинг асосий қисми ҳаво йўллари орқали келган.
– Бу йил юртимиздан 15 минг 130 нафар фуқаро ҳаж ибодатига муяссар бўлди.
– Эслатиб ўтамиз: 22 июндан 12 июлга қадар ҳожиларимизни Жидда шаҳридан Ўзбекистонга олиб келиш ишлари амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарликларида вилоят Адлия бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият кўрсатаётган масжидлар мутаваллилари учун йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вилоят Адлия бошқармаси мутахассиси З.Ахмедходжаева, Янги Наманган тумани кадастр бўлими бошлиғи О.Усманов, нотариус А.Артиқовлар иштирок этдилар.
Унда нотиқлар томонидан мутавалли масжид имом-хатибининг хўжалик ишлари бўйича ёрдамчиси, масжидларнинг иқтисодий фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг ойлик иш хақи билан таъминлаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартиб ва меъёрларга риоя қилган ҳолда амалга ошириш, масжид мулкини иқтисод қилиш мақсадида гелеоколлекторлар ўрнатиш, мавжуд қозонхоналарни хавфсиз ҳудудларга олиб чиқиш, иш юритиш номенклатурасига, ички меҳнат тартиб қоидаларига ва муомала маданиятига риоя қилиш, масжидларнинг тозалик ва ободонлаштириш ишларига масъул эканини айтиб ўтилди.
Масжидларнинг таъсис хужжатлари, иш ҳақларини меъёрлаштириш, янги ходим ишга қабул қилинганда Адлия бошқармасини онлайн хабардор қилиш, масжидлардаги мавжуд “текширишларни рўйхатга олиш китоби”ни юритиш тартиби юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Йиғилиш давомида масжидларнинг қўшимча ер майдонларини қонунийлаштириш, кадастр ҳужжатини расмийлаштириш тартиб-қоидалари ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида қатнашчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати