Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Июл, 2025   |   6 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:09
Қуёш
04:54
Пешин
12:32
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:41
Bismillah
01 Июл, 2025, 6 Муҳаррам, 1447

НАМОЗДАН КЕЙИН ҚЎЛ КЎТАРИБ ДУО ҚИЛИШ КЕРАКМИ?

16.07.2024   4081   4 min.
НАМОЗДАН КЕЙИН ҚЎЛ КЎТАРИБ ДУО ҚИЛИШ КЕРАКМИ?

Дуода қўлни кўтариш борасида жуда кўп ҳадислар келган. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини кўтариб дуо қилганлари ҳам, қўл кўтаришга буюрганлари ҳам ривоят қилинади. Жумладан, имом Байҳақий  Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар қўллари бармоқларининг учлари елкалари баробар бўлар эди" дейилган бўлса, Сойиб ибн Язид разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, қўл кўтарар, кейин юзларига суртар эдилар" дейилади.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу "Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода қўл кўтарсалар, юзларига суртмасдан уни туширмас эдилар" деганлар.
Набий алайҳиссаломнинг дуода қўл кўтаришни буюрганлари эса қуйидаги ҳадисда ворид бўлган.
"Қачон Аллоҳдан сўрасанглар, кафтларингизнинг ички томони билан сўранглар, уларнинг орқа томони билан сўраманглар! Бас, қачон дуодан фориғ бўлсангиз, кафтларингизни юзларингизга суртингиз!”. Бу ҳадисни имом Абу Довуд ривоят қилган.
Мазкур ҳадислардан дуода кўл кўтариш шариатда жоиз, балки буюрилган амал экани маълум бўлмоқда. Аслида умумий ҳолатларда қўл кўтариш жоиз экани ва бу ишдан қайтарувчи далил йўқлиги намоздан кейинги дуоларда қўл кўтариш жоизлигига далолат қилади. 
Айнан намоздан кейинги дуода қўл кўтариш борасида ҳам ҳадислар ривоят қилинади. Ибн Абу Ҳотим тафсирида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом берганларидан кейин қиблага қараган ҳолда қўлларини кўтариб "Аллоҳим..." деб дуо қилдилар" дегани ривоят қилинади. Табароний ривоятида "Абдуллоҳ ибн Зубайр бир кишининг намоздан фориғ бўлмасдан олдин дуога қўл кўтарганини кўриб "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан фориғ бўлмасдан дуога қўл кўтармас эдилар" деган" дейилади.
Бу борада булардан бошқа бир неча ҳадислар ривоят қилинади. Гарчи бу ҳадислар заиф санад билан келган бўлса-да, аксар деярли барча уламолар наздида фазилат ва савобга оид амалларда заиф ҳадис ҳужжат бўлаверади.Аср муҳаддиси Анваршоҳ Кашмирий "Файзул Борий" да шундай дейди. "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксар дуолари зикр шаклида бўлар эди. Доим тиллари зикр билан нам ҳолатда юрар эдилар. Инсон ҳолатларининг барчасида, туриш, ўтириш ва ёнбошлаш ҳолларида зикрда бўлар эдилар. Барча ҳолларда доимий зикрда бўлсалар у зотга доимо қўл кўтариб юриш шарт бўлмайди. Чунки қўл кўтариш маълум мақсад учун жорий бўлган маълум бир ҳолатдир. У бир нарсани сўрашдир. Бу маънони билгандан кейин юрагингизни сиқаётган нарсадан қутулинг. Қўл кўтариш бидъат эмас. Гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан кейин кам ҳолларда қўл кўтарган бўлсалар ҳам, жуда кўп ҳадисларда бунга оғзаки равишда тарғиб қилганлар. Зикр ва дуо бобида у зотнинг одатлари шу эди. У зот учун Аллоҳ таоло ихтиёр этган нарсани ўзларига ихтиёр этганлар ва бошқа ҳолатлар учун умматни тарғиб этганлар. Биздан бирон киши намоздан кейин қўл кўтариб дуо қилишга одатланса у инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари кўп қилмаган, лекин тарғиб этган ишни қилаётган бўлади. Бу масалани "Найлул фарқадайн"да батафсил зикр қилганман" дейди.
Анваршоҳ Кашмирий мазкур китобнинг бошқа жойида "Намозлардан кейин дуо қилиш инкор этиб бўлмас даражада собит бўлган. Лекин уларда қўл кўтариш нафллардан кейин бир-икки марта ворид бўлган. Баъзилар қўл кўтаришни бидъат дейдилар. Қизиқ, бир-икки марта собит бўлган нарса мустаҳаб бўлмай бидъат бўладими? Бошқа барча мустаҳаб ишлар ҳам шундай шаклга эга-ку?! Гоҳ-гоҳида содир бўлади, кейин уммат унга амал қилишда давом этади" дейди. 
Юқорида ўтган нарсалардан бизга маълум бўладики, намоздан кейинги дуоларда қўл кўтариш жоиз, балки мустаҳаб амаллардан экан.

Суфиев Жаъфархон,
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Катта жамоага эргашиш

30.06.2025   1829   3 min.
Катта жамоага эргашиш

“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеъинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили –  булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб, қамраб олганидир.

Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб  ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо, иттифоқ қилганлар. 

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ яна шундай дейди: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда бир мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.

Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.

Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеъинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеъинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.

У зот яна шундай деганлар: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор: яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.

Шамсуддин Хапизов,

Наманган тумани "Ҳалил ҳожи" жоме масжиди имом-хатиби

Манба: @Softalimotlar

МАҚОЛА